Қандли диабетга қарши курашиш ҳафталиги


      Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига қараганда, қандли диабет касаллигидан дунё бўйича 500 миллионга яқин инсон азият чекар экан. 
     ЖССТ ва Халқаро диабетга қарши кураш федерацияси томонидан 14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни (World Diabetes Day), деб белгиланган.
    Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурида ҳам аҳолининг саломатлигини асраш, мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш даражасини жаҳон андозаларига жавоб берадиган даражага етказиш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга ошириш каби устувор мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.
  Шунга мувофиқ, тарзда бугун партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг (РИЭИАТМ) Тошкент шаҳар филиали ҳамкорлигида “Қандли диабетга қарши курашиш ҳафталиги” жадал суръатлар билан бошлаб юборилди. Хусусан, пойтахтимизнинг “Учувчилар” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилинди. Соҳа мутахассислари иштирокидаги текширувлар натижасига кўра 4 нафар 60 ёшдан ошган кекса онахонларимизда қандли диабет мавжудлигини аниқланди ва уларга даволанишлари учун зарур тавсиялар берилди.
     Тадбир жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Мукаррам Дадахўжаева маҳалла аҳли билан соғлом турмуш тарзи борасида суҳбатлашар экан, партиянинг аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган лойиҳалари юзасидан тушунчалар бериб ўтди. Маҳалла аҳли билан ўзаро очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир жараёнида фаоллик кўрсатган иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
   Айтиш жоизки, мазкур ҳафталик тадбирларидан кўзланган асосий мақсад — партия фаоллари, депутатлар ҳамда соҳа вакиллари иштирокида қандли диабет касаллигини олдини олиш юзасидан давра суҳбатлари ўтказиш, қолаверса, беморлар ҳолидан хабар олишдир.
    Жорий йилнинг 17 ноябрь кунига қадар давом этиши режалаштирилган ушбу ҳафталик мамлакатимизда қандли диабет касаллиги билан касалланган беморларга амалий ёрдам бериш, аҳолига касаллик келиб чиқиши сабаблари ва омиллари ҳақида маълумотларни етказиш, касалликни олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш ва аҳолининг турмуш ҳамда овқатланиш тарзини ўзгартириш орқали беморлар сонини қисқартириш чораларини кўришга қаратилган.
    Ҳафталик дастуридан кўнгилли фуқароларимизнинг қондаги қанд миқдорини ўлчаш ва уларга саломатлиги ҳақида соҳа мутахассисларининг зарур маслаҳатларини бериш ҳам назарда тутилган.

Музаффар Муҳаммадназар,
“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот