НУРЛИ МАСКАН БОЛАЛАРИ


НУРЛИ МАСКАН БОЛАЛАРИ

     Бу  даргоҳда бемеҳр, бешафқат  одамнинг ўзи йўқ. 
   Кўринишинг билан дарров берилган чиройли саломлардан бир қувонсанг, зина, йўлакларда бир-бирини етаклаб, йўл кўрсатиб кетаётган болажонларга қараб юракда алланечук беғубор туйғулар уйғонади. 
     Бу  ердаги деярли барча болажонлар  қадрдоним.  
     Ҳар  бири истеъдодли.  
   Кимдир шеър, ҳикоя ёзса, кимнингдир соҳир овози  бор. Кимдир аллақачон моҳир созанда бўлиб танилган. 
   Пианино чалиб, Моцарт, Бах, Бетховенни тарбиялаган Европани лол қолдирган Мирсаид хақида-ку  гапирмасам ҳам бўлади. 
    Илк кўрганимда, ҳали саҳнага чиқмаганида ичим эзилганди. Икки кўз  ўрнида чуқур ўйиқ, беўхшов икки ўра бор эди.
    Пианино чалади, Халқаро конкурслар лауриати дейишса ишонмаган эдим. Кейин у истеъдодини намойиш этди. Оқ-қора клавишаларни шунчаки ўйнатмади. Гапиртирди, йиғлатди...
    Гулшан. Уни ҳам анча аввалдан, деярли бошланғич синфдан  танийман. Шундай овози борки, юрагидан чиқиб, юракларни титратади.  
    Ўтган  йили май ойида бир-биридан чиройлик пойабзаллар олиб бордик. 
   Хурсанд бўлиб, қучоқлаб олган қизалоқни ўриндиққа ўтказганча эскириб тўзиб кетган туфлисини ечиб, бир хурсанд қилгим келди-ю, бирорта ҳам оёқ кийим тўғри келмаганидан хўрсиниб юбордим. Мен юқори синф  ўқувчилари хурсанд бўлсин деб катталар киядиган пўрим туфлилардан олиб келибману, ўзи ҳам жимиттек Гулшаннинг оёқ ўлчами ўттиз  тўрт эканини билмаган эканман. 
   Хафа бўлиб қолганимни сезган қизалоқ, елкамдан аста қучиб: "Майли, хафа бўлманг! Насиб қилгани-да. Оёғимни  кичкина қилиб қўйган Аллоҳим,  катта овоз билан сийлаган-ку", -  деб  юпатганди. 
   Қаранг, кўзининг ожизлиги эмас, оёғининг кичкиналигигагина урғу берган фаришта қизалоқ Аллоҳнинг  қадарига кўниб, шукур қилиб,  унинг мукофотини учинчи - қалб кўзи билан кўриб турганди.  
    Садоқат. Унинг шеърияти, унинг қалби гўзал.   
   Бу йил Зулфияхоним Давлат мукофотини олибди. Лекин имкони бўлганда Зулфияга Садоқат мукофотини берган  бўлардим...  
    Бу ерда ана шундай истеъдодлар кўп. Ҳар бирини таърифласам катта китоб бўлади.  
    Кеча бир гуруҳ ижодкорлар билан уларнинг даврасида меҳмон  бўлдик.  
    Болалар ёзувчиси - Замира Иброҳимова,  шифокор  ва жамоат фаоли - Шоира Орипова,  актриса - Зилола Каримова,  актёр - Хушнудбек Сайфуддинов,  хонанда - Фазлиддин  Эсонов, ажойиб шоира - Ҳилола Иброҳимова, шифокор - Маҳмуда  Имомқулова, тадбиркор - Муқаддас Иброҳимова,  ижодкор ва  "Саодат" журналининг ходими - Музаффар Муҳаммадназар ва  бошқалар "Янги аср авлоди" нашриёт-матбаа маркази, "Академнашр" туҳфа қилган ва ўзларининг китоблари ҳамда турфа совғалар билан болаларни  хушнуд  этишди. 
    Аслида, биз уларни хурсанд қилмоқчи эдик. Лекин ҳар доимгидек шеър, қўшиқ, рақслари билан улар бизни кўпроқ  қувонтиришди. Йиғлатишди ҳам...
    Бу даргоҳнинг аввалги номи 77-сонли кўзи ожиз болалар мактаб интернати  эди. Президент фармони билан 77-сонли "Нурли маскан" дея қайта номланганидан хурсанд бўлдим. 
   Тўғри-да, ташриф буюрувчи ҳар бир меҳмоннинг қалбини лиммо-лим зиёга тўлдирувчи болажонлар нурли  болажонлар-да.
   Кечаги тадбир Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси қошида ташкил этилган "Тезкор ёрдам" координацион марказ координаторлари ташаббуси ва қисман ҳомийлиги остида ташкил  этилди.  
    Ташриф буюриб, болажонлар қувончига шерик  бўлган барча  ижодкор дўстларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!  

Муаззам ИБРОҲИМОВА.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР  фотолари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот