Мозийга қайтарган концерт
Саҳна Озодбек Назарбековни, Озодбек Назарбеков эса саҳнани соғинибдилар. Кеча нақд соат 21.00 дан 03.00 гача ўтириб, "Севимли юлдуз" лойиҳасининг янги йилда эфирга кетадиган сонини тасвирга олиш жараёнида мазза қилиб ўтириб, шунга гувоҳ бўлдим! "Озодбек феномени" кеча яна бир бор менга куч-қувват бағишлади: шогирдлари томонидан айтилган ҳар бир қўшиқлари менга ҳаётимни қайсидир босқичини эслатди, ортга назар ташлатди, ўтмишни қўмсатди, йиғлатди, кулдирди, хўрсинишга, қувонишга мажбур қилди... Тўғриси, ўйлаб кўрсам Озодбек акани қўшиқларида ҳам моддий, ҳам ҳаётий улғайган эканман! Онам Озодбек акани ашаддий мухлислари эди, мен эса акани концертларига олиб кириш учун бир йил маблағ йиғардим, талабалик жамғармамда махсус сатр бор эди "Озоднинг концертига чипта" деган.
Илк марта талабалик давримнинг 4 босқичидан бошлаб онамга чипта олиб, бир ўзларини киргизиб юборишни бошлаган эдим (ўзимга эса пул йўқ эди)... биринчи чиптани балконни энг охиридан олгандим, кейинги йил балконни ўрта қатори, кейин олд қатори, кейинги йил пастдан, пастни зални энг охирги қатори, кейин сал олдин, кейинги йил эса ундан-да олдинроқ..
Йиллар давомида саҳнага яқинлашиб борар эди онам учун олган чипталарим жойи ва энг охирги олишга молиявий қурбим етган жой, бу - 13 қатор бўлди! Шунчалик хурсанд эдим ўшанда, мени онам Озодбек Назарбековни ёнидан кўрадилар деб, онамни қувончини-ку гапирмасам ҳам бўлади, ҳалойиқ!
Айнан Озодбек акани концертларига йиллар давомида олиб берган чипталарим мен учун "молиявий маёқ" эди ўзим учун, ҳар сафар чиптанинг жойи олдинга қараб силжиётгани мени хурсанд қилар, янаям кўпроқ ишлашга, интилишга, пул топишга руҳлантирар эди...
Кеча 7 соат давомида ўша кунларимни эсладим, қайтадан ўша кунларимни яшадим, ёдимдан кўтарилишига сал қолган хотираларимни тикладим... ўша 13 қатордан билет олишга молиявий томонлама қурбим етган йили ўзим ҳам кирган эдим концертга. Ўша концерт Озодбек акани охирги концертлари бўлди адашмасам 7 йиллар олдин, чунки ундан кейин концертга чипта излаганимни эслай олмайман...
Кеча ҳамма мазза қилди, саҳнада савлат тўкиб ўтирган Озодбек акаям, пастда роҳатланиб ўтирган биз, саҳна ортида меҳнат қилган ижодий ва ишчи гуруҳ ҳам! Бир нарсани аниқ тушундим ҳалойиқ, ҳофиз Озодбек Назарбековни миям, хотирам, қалб толаларим, кўзёшларим, алал оқибат ўзим жуда соғинган эканман!
Илтимос, Озодбек акани мухлисларига, саҳнага қайтариб берингизлар, кеча саҳна йиғлади етим қўзидек Озодбек акасиз қолганига...
Кеча Озодбек ака яна қайта жонланди, кўзларига ўт, олов қайтди, саҳнада яйрадилар, тушгилари келмади, ҳаммага жовдираб мўлтиллаб қараб тўймадилар, саҳнани соғинганларини жудаям соғинганларини билдириб қўйдилар..
Кеча мени миям, хотирам, қалбим, кўзим, бутун танам яйради, онам-ку қайта жонландилар, бошларидан ўтказган оғир жарроҳлик амалиётларидан кейин бир жойда бир соат ўтира олмайдиган одам нақд 8 соат бир жойда ўтирдилар, ўтира олдилар! Мана ҳақиқий мухлиснинг содиқлиги, меҳру муҳаббати, эьтирофи... Бир нарсани тушундим: Озодбек Назарбековнинг жойи, уйи, энг мазза қиладиган ери бу - САҲНА! Акам кеча нақд 10 йилга ёшардилар, кўзларига чақмоқ, нур қайтди, танасига қон югурди...
Бошқа ёзмайман ҳалойиқ, қолганини янги йилда "SEVIMLI" каналида эфирга кетадиган "Севимли юлдуз" кўрсатувида ўзингиз кўрасиз ва мазза қиласиз! Ўтказиб юборманг, албатта кўринг. (Дарвоқе, роса ликиллаганман, нима қилай ўтира олмадим, жим ўтиришни иложиси ҳам йўқ эди).
Ps: Насриддин Асриддинов акам? сизга катта рахмат, онамни кечаги қувончи учун, ўзимни мозийга қайтиш хотираларим учун, гўзал ва файзли давра учун. Меҳнатингиз жуда оғир ва масъулиятли, ҳалқнинг мароқли дам олиб, янги йилни кутиб олиши учун қилган, қилаётган меҳнатингиздан Аллоҳ рози бўлсин илоҳим.
Барногул Санақулова - Иқтисод фанлари доктори, профессор.
