ҒАЙБУЛЛА САЛОМОВ ВА ЎЗБЕК ТАРЖИМА МАКТАБИ


   Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультетида Республика ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда филология фанлари доктори,профессор,таржима назарияси фанининг асосчиси  Ғайбулла Саломовнинг 90 йиллигига бағишлаб "Ғайбулла Саломов ва ўзбек таржима мактаби" деб номланган Халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
   Анжуманни университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректори  Ширинова Раима Ҳакимовна очди. 
   Сўнг университетнинг илмий ишлар бўйича проректори Эргашев Ёқубжон Сувонович тадбирни давом эттириб, университет миқёсида Ғайбулла Саломовнинг ўрни, мураббийлик фаолияти, олим бошқарган "Таржима назарияси ва амалиёти" кафедраси фаолияти, олимнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва бошқалар ҳақида нутқ сўзлади. 
   Анжуманда олимнинг шогирдларидан-- Республика ёзувчилар уюшмасининг таржима кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов, Хуррам Раҳимов,ЎзДЖТУ дан Одилжон Сафаров, Тошкент давлат шарқшунослик университетидан Хайрулла Ҳамидов ва бошқалар Ғайбулла Саломовнинг илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси, таржима назарияси фанига асос солганлиги, қомусимизнинг тамал тошини қўйганлардан бири эканлиги, маънавиятга, публицистика ривожига катта ҳисса қўшганлиги ҳақида маъруза қилдилар. 
   Шунингдек, Қирғизистон Б. Осмонов номидаги Жалолобод Давлат университети профессори, филология фанлари доктори Мирзаҳидова Муяссар Иномжоновна zoom орқали Қирғизистон да таржима муаммолари, ютуқлари ҳақида гапираётиб, Ғайбулла Саломовнинг таржимашуносликка оид дарсликларига талаб юқорилигини айтиб ўтди. 
   Zoom орқали, шунингдек, Австралия миллий университети доценти Убайдуллаева Дилноза Ҳабибуллаевна, Тожикистон иқтисодиёт университети профессори,филология фанлари доктори Исмоилова Мутрибалар таржимашуносликнинг хориждаги муаммолари ва ютуқлари ҳақида инглиз тилида маъруза қилдилар.
   Тушликдан кейин меҳмонлар шўъбаларга бўлиниб, "Ўзбек таржима мактабининг шаклланишида Ғ. Саломов таълимоти", "Ўзбек бадиий таржимаси жаҳон жаҳон таржима адабиёти контекстида", "Таржимада тил ва тафаккурнинг миллий ўзига хосликларини акс эттириш", "Бадий таржиманинг лингвистик жиҳатлари", "Таржима назарияси ва амалиётини ўқитиш методикаси" йўналишларида маърузалар қилдилар.

Мадина Юсупова.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот