Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси


   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи (2021-йил 10-11-июн) доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл хариталарини тасдиқлаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2021-йил 23-июлдаги 109-сон баёни 3-иловаси 46-банди ижроси доирасида жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида “Ҳамкорлик Меморандуми” имзоланган эди. 
   Ушбу келишувга кўра, шу йил 12-16 октябрь кунлари бир гуруҳ ўзбекистонлик ОАВ – телевидение, радио, босма ва интернет нашрлари ходимларидан иборат ижодкорлар Тожикистонда ижодий сафарда бўлиб қайтишганди. Жорий йилнинг 23-27-ноябр кунлари эса Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган.
   Тожикистон Республикаси телерадиоканаллари раҳбарлари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари, Ахборот хизматлари вакилларидан иборат делегация Тошкент шаҳри, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида бўлиши белгиланган.
   Ташриф доирасида меҳмонлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каби оммавий ахборот воситалари таҳририятларида бўлиб, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиши кўзда тутилган, бу борадаги мулоқотлар Ўзбекистон Миллий матбуот марказида давом этади. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига боради.  
   23-24 ноябрь кунлари Тошкентда бўладиган делегацияси аъзолари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини тамоша қилишади, жумладан, Тошкент телеминораси, Ҳазрати имом мажмуаси сингари бир қатор объектларга ташриф буюришади. 
   Дастурга биноан 25 ноябрь куни меҳмонлар эрталаб “Афросиёб” тез юрар поездида Бухорога йўл олади. Вилоятдаги етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишиш, ҳамкасблари билан дилдан суҳбатлашиш имкониятларига эга бўладиган делегация аъзолари машҳур ва тарихий АРК, Лаби ҳовуз, Пойи Остона мажмуалари билан танишиши, Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилиши белгиланган. 
   Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси аъзолари 26 ноябрь куни эрта тонгдан Самарқандга йўл олади. Меҳмонларнинг Самарқандга ташрифи вилоят матбуот уйи, “Зарафшон”, “Овози Самарқанд” газеталари таҳририятлари билан танишишдан бошланади, шу ернинг ўзида икки мамлакат журналистларининг ўзаро мулоқоти ташкил этилади. Бу ерда меҳмонлар Самарқанд туризм маркази ва Боқий шаҳар мажмуалари, Регистон ансамбли, Гўри Амир мақбараси, Садриддин Айний уй музейи билан танишади. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот