Образларда яшамоқ бахти


   Аида Юнусова ўзининг бетакрор қиёфаси, мулойим ва маъноли қарашлари, ишонарли ижроси билан, хатто эпизотик ролларни ҳам катта-кичиклигидан қатъий назар, ёдда қоладиган даражада ярата оларди. 
  1948 йилда Марғилонда туғилган Аида оиладаги уч қизнинг кенжаси эди. Оиласидагилар уни доришунос бўлишини хоҳлашганди. Аида уйидагилардан яширинча, Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга ҳужжат топширган. Кириш имтихонида эса марғилонлик Кумуш монологини ўқиб берган эди. 
   20 ёшли навниҳол қиз талабалик йилларида  “Ёз ёмғири” фильмида илк ролини актёр Убайдулла Омон билан бирга ижро этган. 
   Аида Юнусова 1970 йилда институтни тамомлаб, 1989 йилгача "Ўзбекфильм"да фаолият юритди. 
  Санъаткор “Ҳаво пиёдалари”, “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Ажойиб ҳаёлпараст” ҳамда “Меҳробдан чаён” каби 30 га яқин фильмларда роллар ижро этган. 
   Аида Юнусованинг “Ажойиб ҳаёлпараст” картинасидаги Тамила образи орқали ҳақиқий ўзбек аёлининг сабри, оилавий анъаналарга садоқати, турмуш ўртоғига ҳурмати ифодаланган. Тамила  орқали ҳар қандай шароитда ҳам оиласини асраб қолиш учун ҳаракат қиладиган содда ва самимий, оқибатни моддий бойликдан-да устун қўядиган ўзбекнинг мунис аёли қиёфасини гавдалантирди. Ишонч билан айтиш мумкинки, ҳаёлпараст эр — бош қаҳрамон Ҳасаннинг характерини тўла-тўкис очишда Тамила образидаги Аида Юнусова маҳоратли ижроси ҳам таъминлаб берган.  
   Ҳар бир ижодкорнинг фаолиятида танаффус бўлиши табиий. Лекин Аида Юнусовада бу муддат 30 йилга чўзилди. Ролларидаги бардошли аёл сиймоси уни ҳаётда ҳам сабрли бўлишга ўргатди. Актриса ҳамиша тушларида съёмка майдонларида юрарди. Бора-бора, касбидан узоқлашиб, кундалик оилавий ҳаётига кўника бошлади. Лекин энди уни бошқа дард қийнарди. Касалига даво топилмади. Шундай кунларнинг бирида, тажрибали шифокор унга, “Сен ҳеч қандай касал эмассан, севган касбингдан ажралганинг учун шундай руҳий ҳолатга тушгансан”, деб ташҳис қўяди. 2012 йилда “Ўзбекфильм” киностудияси ҳамда "Қорақалпоқфильм" билан ҳамкорликда тасвирга олинган “Меҳригиё” деб номланган фильмига таклиф олганида Аида Юнусова кинога ва ҳаётга қайтаргандай бўлди. 
   30 йилдан кейинги ижро этилган биринчи кадрларданоқ Аида Юнусова бор бўйи билан ўзини намоён қилди. 
Ижоддаги катта танаффус ҳам уни мухлислар ёдидан чиқармади. 
   Шаҳарда туғилиб, шифокорликка ўқиб, қишлоққа келиб қолган Тамила айтганидай,  “бахтни барибир лотареяда ютиб бўлмайди”, шу қадар ишонарли, шу қадар самимий ижроки, беихтиёр, хўрсиниб қўясиз, “тўғри”...
    Аида Юнусова 2020 йил 21 январда, 72 ёшида  вафот этди.
   Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актриса Аида Юнусова таваллуд топган кун. Аида Юнусова ўзи яратган такрорланмас қиёфаларда яшайди ва биз, миллионлаб мухлислар ўша сиймолардан унинг  ҳароратини хис этиб турамиз.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот