Устозларимга миннатдорчилик мактуби


   "Янги аср авлоди" нашриёт-матбаа марказида "Ёнаётган тирик ҳайкаллар" номли китобим нашрдан чиқди.
  Бунинг учун нашриёт раҳбарлари - Эркин Абдураҳмонов ва Наргиза Абдураҳмоновага алоҳида ташаккурларимни изҳор қиламан! 
  90 йиллар "Сирли олам" журналида  Наргиза опа билан бирга ишлаш бахтига мушарраф бўлган бўлсам, кейинчалик "Янги аср авлоди" НММда Эркин ака билан ҳам ишлаганман. Ҳар иккиси ўз ишининг моҳир усталари ва ишларини масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ёндошадиган, профессионал ноширлар. Айниқса, китобнинг ичида раҳматли Ота-Онамнинг суратларини қўйиб, шеъримдан келтирилган парчадан қаттиқ таъсирландим. Афсус... Ота-Онамга китобим чиқишини кўриш насиб қилмади... Аммо беихтиёр кўзларимга ёш қуйилди. Наргиза опа ҳолатимни сезди... Китобнинг илк саҳифасига Ота-Онамнинг суратларини жойлаштириб берганлари учун Наргиза опага ташаккур!
   Китобнинг чиқишида ўзларининг маслаҳат ва бевосита ёрдамларини аяшмагани учун Устозларим - Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Мўминова ва Раҳимбой Жуманиёзовга чексиз миннатдорчилигимни билдираман ҳамда уларнинг олдида таъзимдаман!
   Абдуқаюм ака бебаҳо ИНСОН. Айнан Абдуқаюм ака мени "Сирли олам" журналига ишга киришимда катта ёрдам берган. Раҳматли Устозимиз, фантаст адиб, "Сирли олам" журналининг Бош муҳаррири - Ҳожиакбар Шайховга тавсия қилиши натижасида, каминани ярим ставка ишга олишган. Ўша даврларда ҳам ўқиб, ҳам ишлардим. Таҳририятдаги ижодий муҳит амалий кўникмалар ва улкан сабоқлар берди. Абдуқаюм ака таҳрир қилиш, таржима ва кўплаб билимлари, тажрибаларини аямасдан ўргатганлари учун Устозимнинг олдида умрбод қарздорман.
  Китобим чиққани ҳақида "Китоб дунёси" газетасида ёритгани учун шоир, таржимон, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири - Хосият Рустамова; интернет орқали эълон қилишгани учун Жумҳурият муаллими, халқаро тоифадаги нотиқ, Устозимиз - Раҳимбой оға Жуманиёзов; олима ва истеъдодли шоира - Гуландом Тоғаева; УзА ходими, журналист - Нигора Раҳмонова; бетакрор ижодкор, шижоатли публицист, адиба ва шоира, шифокор - Муаззам Иброҳимова, шунингдек, "Инсон ва қонун" газетаси ходими - Маруса Ҳосилова, шоира - Комила Ҳилол ва бошқа азиз ИНСОНЛАРга бошим ерга теккунча таъзимдаман. Тақдимотни ўтказишда бевосита ёрдам берган яна бир олижаноб ижодкор - Гулчеҳра Шаҳобиддин қизига ҳам катта раҳмат!

Барчангизга камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.
2021 йил.


  Китоб ҳақида маълумот:

 ЁНАЁТГАН ТИРИК ҲАЙКАЛЛАР

Муаллиф: Музаффар МУҲАММАДНАЗАР

Сўзбоши муаллифлари: 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб - Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ;
Филология фанлари номзоди, доцент, "Турон" ва "Антик дунё" халқаро фанлар академиясининг академиги - Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ

Муҳаррирлар: Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ,
Зебинисо ҲАЙИТОВА

Бадиий муҳаррир: Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ

Масъул муҳаррир: Зулфия МЎМИНОВА

Сўнгги сўз муаллифи: Гуландом ТОҒАЕВА

Нашриёт: “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази

Адади: 1000 нусха.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот