Дунёни забт этаётган шоира ҳақида фильм


     "Шуҳрат" медали ва бир қанча халқаро мукофотлар соҳибаси, Ўзбекистон ва Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири, истеъдодли шоира, моҳир таржимон - Хосият Рустамованинг китоблари ҳозиргача дунёнинг 17 мамлакатида нашр этилди. Хосият Рустамова бир қанча нуфузли халқаро адабий танловлар ғолиби, шеърлари кўплаб тилларга таржима қилиниб, чет эл босма ва электрон нашрларда ҳам мунтазам чоп этилмоқда. Юртимиз адабий ва маданий ҳаётини жаҳон узра кенг тарғиб қилаётган таниқли шоира ижоди ва фаолиятига бағишланган "Хосият" деб номланган бадиий ҳужжатли фильм суратга олинди.
     Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги "РАМСЕЛ-ФИЛЬМ" киностудияси ҳамда Озарбайжон Миллий Мажлиси маданият масалалари қўмитаси, Ҳайдар Алиев номидаги Тошкентдаги Маданият маркази ҳамкорлигида олинган ушбу фильм премьераси бўлиб ўтди. Тошкентдаги Озарбайжон маданият марказида намойиш қилинди. 
   Хосият Рустамова туғилиб ўсган Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Олмос қишлоғи, юртимизнинг гўзал манзараларига уйғун лирик тасвирлар фильмга ўзгача гўзаллик бахш этган. Шоиранинг адабий жараёндаги бугунги фаолияти билан боғлиқ тасвирлар томошабинларда қизиқиш уйғотади.
     Фильм сценарийсини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Шойим Бўтаев ҳамда Озарбайжон Миллий Мажлиси маданият масалалари қўмитаси раиси, шоира Ғанира Пашаева ёзган. Фильм режиссёри Эльдар Мамедов ҳамда Элнура Касимова.
     Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази раҳбари Самир Аббосов; Фалсафа фанлари доктори, Даллас Университети Профессори, Албан-Америка шоири, адабий танқидчи, ношир - Жек Маринай ва бошқа адабиёт вакиллари сўзга чиқишиб, фильм ҳақидаги фикрлари ва шоиранинг халқаро миқёсдаги кенг кўламли ишлари борасида сўзлаб ўтишди.
     Сўз охирида Хосият Рустамова барча қатнашчиларга ўз дил изҳорлари ва миннатдорчилигини изҳор қилган ҳолда, Хосият исмига ҳамоҳанг фильм баробарида шу номдаги китоб ҳам нашрдан чиққанини маълум қилиб, тадбирда қатнашганларга ўз китобларини туҳфа қилди.
    Шунингдек, гўзал шоирамизга Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази раҳбариятининг қимматбаҳо совғалари топширилди.  










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот