Мукофот топширилди


     Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб, шоир, драматург, таржимон, “Инсон ва қонун” газетасининг бош муҳаррири, “Адлия аълочиси” кўкрак нишони соҳиби, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси доценти Қўчқор Норқобил “Женима” мукофотини қўлга киритди. 
    Мазкур мукофотни танталали топшириш маросими Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўтказилди. Ушбу тадбирда “Женима” мукофоти қўмитаси раиси Жек Маринай, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, устоз-мураббийлар, тажрибали олимлар, амалиётчилар, тадқиқотчилар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.  
     Маросимда таъкидланганидек, “Женима” мукофоти 2004 йилда “Инсоният манфаатлари йўлида битилган сўзнинг улуғвор руҳига миннатдорлик ифодаси”ни билдириш мақсадида ташкил этилган. Бу нуфузли мукофот инсониятнинг бугунги тарихида ўчмас из қолдирган ва унутилмас бўлагига айланадиган, кўзга кўринган бирор-бир адабий иш учун ёхуд кўпгина эътирофларга мушарраф бўлган асар учун ҳар йили жаҳоннинг янгидан-янги адибларига топширилади.  
 – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида сизлар билан учрашиб турганимдан хурсандман, – дейди “Женима” мукофоти қўмитаси раиси, Мундус Артиум Пресс директори, “Мундус Артиум” жаҳон адабиёти ва санъати журнали муҳаррири Жек Маринай. – Барчамиз Қўчқор Норқобилни эришган мана шундай адабий ютуғи билан табриклаш учун йиғилдик. Бу инсон ўзига хос заковати ҳамда изланишлари билан ўзбек адабиёти ривожига ҳисса қўшаётган адибдир. Унинг ижодига қизиқадиган, унга ҳавас қиладиган одамлар билан учрашиш ниятида Америка Қўшма штатлариларидан ташриф буюрдим. Қолаверса, айтишим лозимки, анъанага кўра қўмитанинг ваколатли вакили ғолибнинг мамлакатига келиб, мукофотни топширади. Биз ёзувчининг асари нафақат Ватанида, балки жаҳонда ҳам қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканлигини билдириш мақсадида ҳар қандай масофани босиб ўтамиз. 
   Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов томонидан таъкидланганидек, адибнинг умуминсоний ғоялар юксак бадиий маҳорат билан илгари сурилган асарларида муҳаббат мавзуси, миллий қадриятлар, оддий одамлар характери ёрқин тасвирлангани билан ўқувчи диққатини тортади. Айниқса, унинг уруш фожиалари ичида ҳам инсоний туйғулар улуғланган китоблари ҳозирги кунда Европа давлатларида чоп этила бошлади. Адибнинг қаламига мансуб “Тақдир синовлари”, “Қуёшни сен уйғотасан”, “Нур сояда қолмайди”, “Омад биз томонда”, “Сув кўрмай этик ечма”, “Заминдан олис кетма”, “Дилдаги доғ”, “Ўз уйингдан бахт изла”, “Айёргина аёллар”, “Тоғлардек баланд бўл!” каби спектакллар юртимиз театрларида намойиш этилмоқда. Қолаверса, Озарбойжон давлат драма театри мавсуми Қўчқор Норқобилнинг “Беш бева ва бир бошлиқ” мусиқали комедияси билан очилган.
     Ёзувчи тили унинг кимлигини, қандай ижодкор эканлигини белгилашини Қўчқор Норқобилнинг ижоди мисолида тушунгандекман, – дейди филология фанлари номзоди Ҳафиза Қўчқорова. – Сурхон оҳанги унинг ижодини ҳамиша бойитиб туради. Сурхоннинг ўзига хос тилидаги сўзлар китобхон сўзига айланади.
      Тадбир якунида Қўчқор Норқобилга мукофот топширилди.  
   Қўчқор Норқобилни ушбу мукофот билан табриклаймиз! Мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий муваффақият, ўзбек адабиётини дунёга танитишда давом этишини тилаймиз! 

     Садоқат ЭРМАТОВА - Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг Девонхона мудираси.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот