«Мўминга бегона баҳор»


     Мана, апрель ҳам келди. Келиб, охирлаб ҳам улгурди. Дўстим Абдумўмин яшаб юрганида эди, олтмиш уч ёшга кирган бўларди. Ўша кунни кўз олдимга келтириб кўрдим. Яъни ўзи тирик бўлганида  бу туғилган куни қандай ўтарди,  деб хаёл қилдим. Шубҳасиз, биз учовлон, кечами, ўтган куними, Чорвоқда бўлар эдик. Кейин тўртовлон Тошкентда ҳам ўтиришган бўлардик. Тўртинчимиз Турсунбой Қоратоев бўлардилар. Камтаргина дастурхону аммо ниҳоятда самимий ўтириш бўлган бўларди. Бизни даврамизда умуман ёлғон, уйдирма, нокерак гаплар бўлмас эди. Ўзи икки-уч соатлик ўтириш бўлса-ю ўшани ҳам кимларнидир муҳокама қилиш билан ўтказамизми. Латифагўйлик, ҳангомачилик, яхши ва қизиқ хотираларни эслашардик. Афсус, ўртоғимиз шошилиб қолдида!
     Яна бир давра ёдимдан кўтарилай дебди. Галя опа, Дилором ва Дилдоралар ҳозир бўлган яна бир эсда қоларли суҳбатижон ҳам уюштирар эди. Чунки бу ҳам кўпйиллик анъанамиз ва уни ҳам асл дилкаш давра десак арзирди.
   Нафсламрини айтганда, ўрислар ҳам билиб-билиб гапиришадиде. Битта гапи менга жуда ёқади, уларнинг. Таржимада баъзи нарсалар қўпол ва ясамадай эшитилади гоҳида. Шунақа пайтда асл ҳолича қолгани яхши, шундаймасми? «Не было бы счастья да несчастье помогло» дейишади улар. "Бахтсизлик юз бермаганида эди, бахт бўлмас эди», «Бахт бўлмасди-ю, бахтсизлик ёрдам берди» каби кўринишларда таржима қилса бўлади. Ҳар қандай ҳолда ҳам бу гапда ҳақиқат борга ўхшайди. 
    Гап шундаки, Абдумўмин вафотидан кейин, мен унинг атрофида юрган одамларнинг кўпчилигини бошқача таний бошладим. Ким- кимлиги очиқ-ойдин кўриниб қолди. Уни унча яхши билмаган одамлар орасидан ёлғон гапларни айтиб юрадиганлар кўзга кўриниб қолишди. У унақайди, бунақайди, деб ўзлари билмаган гапларни гапирувчилар урчиди. Тўғриде, газета ё телевидениеда сен билан қилинган интервьюлар кўрсатилади, одамлар яна сени кўриб, гапларингни эшитиб, қойил қолишади! Шунинг учун қилмаган ишларингни қилди деб гапириб ташлайверишади. Нима қипти! Вафот этган одам ҳақида ёлғон бўлса ҳам яхши гап гапиряпсанку, тўғрими. Ўтганлар ҳақида ё ҳеч нарса деманг ё фақат яхши томонини гапиринг дейишганку. Бу шуҳратпарастлик холос, жиноятмаску. 
     Энди, Абдумўминни таниганлар, уни оғзи кўпирар даражада мақтаганлар ҳақида ҳам айтсам. Тиригида  ортидан кўзига  чўп суқиб юрганлар "энг яқин шогирд", "дўст ё улфат" бўлиб чиқишди!  Ўзининг юзига нафратини яширмай гапириб юрганлар уни  "ҳаммадан яхши кўрганлар" бўлиб чиқди! Буларнинг биттаси дўстимнинг орқасидан лақаб тўқиб юрган, иккинчиси - дўстимга берилган унвонни очиқ-ойдин кўролмаган, учинчиси - юзингда кўзинг борми демасдан, тикка қараб алдаганлар эди. Тўртинчиси - шу одам ишдан кетсайди, менинг омадим юришарди деб юрган эди. Бешинчиси - нега менмас, у, деб куйиб юрганлар... Дўстимку ўтиб кетди, аммо буларга гувоҳ бўлганлар ҳали ҳаёт ва шу иддаоларимни кўриб-эшитиб турибдику, деб ўйламадилар. Йўқ, улар уялмадилар. 
    Кузатганларимдан  яна шу  нарсани англадимки, кўпчилик одам бир одам ҳақида гапириши керак бўлса, юзаки таърифлар экан. Яхши эди, тартибли эди, хушмуомала эдилар,  уй ишларини қилиш қўлларидан келарди, кўрсатувларни яхши олиб борардилар деган гапларга ўхшаган оддий сўзлар. Аслида шу гапларга ҳам муносиб бўлиши керак одам, тўғри, тушунаман. Лекин бир одам ҳақида гапириш учун унинг ҳаммага тегишли фазилатлари эмас, алоҳида жиҳатлари ҳақида гапириш лозим деб ўйлайман. Масалан, Абдумўмин ҳақида гапирганда мен жуда ғайратли эди деган бўлардим. Ҳозир аксарият эркаклар ойлигини опкелиб бериб жонини бошқа койитмаслик йўлига ўтиб олган. Яна бир қанча «эркак» лар бутунасича хотиннинг ёки хотиннинг отаси бўйнига ётиб олган. Чўпни ҳам бир ердан иккинчи ерга олмайди. Эрлик масъулияти ўлган. Соқолли хотинга айланган-қўйган. Мен эса дўстимдан фахрланадиган ерим у хотинига қараб қолмаган. Бир-иккки йил демаса, умр йўлдоши ишламаган ҳисоб. Ҳали кооператив квартира сотиб олади. Ҳали у квартирани бошқа квартирага алмаштиради. Кейин яна бир квартира сотиб олади. Ўғил иккитаку. Жим ўтириб бўладими! Урингани уринган эди. Шундан кейин ҳам жим ўтирмайди. У квартираларни ҳовлига алмаштиради. Уни бузиб замонавий бир иморат қуради. Бу ишларни ҳафсалаю ғайрат бўлмаса қилиб бўлмайди. 
    Ҳа, мол-ҳол устида ғайратли экан-да деб ўйламанг. Ижодда ҳам шунақа эди. Абдумўмин ёлғон гапирмасди. Балки менга шундайдир десам, бошқа-бировдан унинг ёлғон сўз айтганини ёки ваъдабозлигини эшитмадим. Жуда масъулиятли эди. Бу энди алоҳида бир фазилат. Ҳозирги замонда ҳеч кимда қолмаган жуда ноёб ҳислат бу. Гир атрофим танбал, ташаббуссиз, кўзлари маънодан маҳрум одамлар билан тўлиб ётганда Абдумўминдаги ҳозиржавоблик, масъуллик ва фидойилик менга жуда ёқар ва уни янаям яхши кўришим ё ҳурмат қилишимга сабаб бўларди. Нима иш буюрмай, қаерга, қандай иш билан юбормай, ҳар доим менга раҳмат олиб келган. Яқинда Дилдора Рустамова айтди: “Масъулиятни ҳис қилинг, профессионалликка ҳаракат қилинг” деганлар деди. Ўзида профессионаллик бўлмаса эди, уни бошқаларга айтар ва талаб қилармиди? Гапга чечон бошқалари бўлса, кўпмиллионлик томошабин олдига чиқиб олиб, “Тоза кийиниб юрардилар... ўз вақтида келардилар...”  деган гапдан нарига ўтолмайди. Майли, ҳаттоки шунақа юзаки таърифларга ҳам розиман. Раҳмат ўшаларга. Аммо бировларнинг мутлақо ёлғон гапларни айтаётганларини кўриб туриб ҳам чидаса бўларкан. Дўст хотираси учун. Яхши одам номига доғ тушмаслиги учун. 
    Атрофидаги яқин одамлари ҳам анчайин бефарқ ва бемеҳр эканлигини билсангизчи, унда нима қиласиз? Абдумўмин улар ҳақида қанча яхши гапларни гапириб берар, уларга бўлган меҳри ва фахрини яширолмасди. Мен ўша одамларнинг унинг хотираси олдидаги муносабатларини кўриб афсус чекдим. Ҳаёт бўлганида у ўшаларга ҳалиям оқибат кўрсатиб ётган бўларди-да. 
     Баъзи одамлар айтган гапларини эшитиб эса, ёқа ушлайсан. Ё мутлақо бўлмаган гаплар ё бўлган бўлса ҳам унда Абдумўминнинг ҳеч қанча иштироки бўлмаган гаплар уйдирмаси. Ўзларини унга шунчалик меҳрибон, қадрдон, жонажон, жигаржон, қиёматдон қилиб кўрсатишадики, «Булар тиригида қаерда юришганакан а?» деворасан беихтиёр. Шунга ўхшаш бир неча эпизодларда «Ёв қочса ботир кўпаяди» деган дурдона мақолимизни эслаб кетдим. 
    Ёнида юрган одамнинг кимлигини ҳеч ким ҳам аниқ айтиб беролмаса керак. Дўстим ҳам ўзимизга ўхшаган — сеҳру-жоду, илми-амални билмаган тўғри одам эди. Одам танлашда янглишган бўлиши мумкин ва бу кечиримли ҳол. 
    Шубҳасиз, ақли зукко, доно инсонлар буларни нима учун ёзганимни яхши тушунадилар. Ана ўша одамлар учун шогирдим, ҳамкасбим, дўстим ва жигаримнинг туғилган куни муносабати билан ёзилган бу битикларим балким асқотиб қолар, деб ўйладим. 
    Дўстим, Оллоҳим ўзи сизни ярлақаган бўлсин, юзингизни ёруғ, амалларингизни мабрур қилган бўлсин! Ётган жойларингизни рауфи- райҳон, жаннатул Найимлардан қилсин, нури илоҳийси билан ёруғ қилган бўлсин! Мўъмин бандаларига ваъда қилган ажру мукофотлари билан сийлаган бўлсин! Атрофингизда ҳуру ғилмонлар ва яна биз билмаган покиза хилқатларини жамлаган бўлсин! Бунёд қилиб кетган хонадонингиз обод, фарзанду аржумандларингиз ҳаётларини баракалар ила зиёда қилган бўлсин! Одамларга қилган яхшиликларингиз бошингизга соябон бўлган бўлсин! Бугун муқаддас Рамазоннинг шарофатли кунларидан бири ва Сизнинг ҳам туғилган кунингиз. Шу саналар шарофати билан ҳам сизга Ўзи марҳаматлар ёғдирсин, Амин!

   Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон.

   Изоҳ: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон - Муслимбек Йўлдошевнинг Ўзбекистон халқ артисти - Абдумўмин Ўтбосаров хотирасига бағишлаб ёзилган «Мўминга бегона баҳор» номли китоби ҳам чиққан. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот