ХАЛҚАРО ТАНЛОВЛАРИНИНГ 240 МАРТА ҒОЛИБИ ёхуд Ватанда ватансиз дунёдаги энг зўр рассом


   Республикамизнинг энг обрўли, биринчи рақамли  – “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2020 йил  8 июль  сонида “Ўзбекистон рассоми – дунёнинг энг зўрлари қаторида” номли мақолани ўқиб, севиниб кетдик. Дунёнинг 240 мамлакатида совринли ўринларни қўлга киритиб, Ўзбекистонимиз довруғини оламга кўз-кўз қилаётган Маҳмуд Эшонқуловнинг  юртимизда ҳам эътироф этилганидан қувонасиз-да. Бу улкан муваффақият билан муборакбод этиш учун Маҳмуд ака билан боғландик.
– Раҳмат! – деди  Маҳмуд ака.
– Қуруқ раҳмат билан қутилмайсиз, Вазирлар Маҳкамасининг газетасида ҳамма ҳам эътироф этилавермайди. Ошдан гапиринг! Уйга ўтаверайликми? – дедик.
– Тошкентда ош қилиб еса бўладиган уйим бўлса ўтасизларми? – Маҳмуд ака хазилимизни жиддий қабул қилди.
– Уйингиз нега бўлмайди? Бадиий Академиянинг аъзоси бўлсангиз? – ҳайронлигимиз ошди. –Ўзбекистон  Республикаси Президенти – ўша пайтда Бош Вазир Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида  2014 йилнинг 14 февралдаги 01-07-22-04  сонли “Ўзбекистон  Бадиий Академияси моддий-техника базасини  янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра  2016 йилнинг 5 ноябрида  Бош Вазир ўринбосари А. Орипов  раислигида  № 137 сонли мажлиси ўтказилганди. Унга мувофиқ   маданият, санъат, бадиий адабиёт,  оммавий ахборот соҳаларида  самарали ижод қилиб келаётган 23 кишини уй-жой билан таъминлаш бўйича махсус қарор қабул қилинганди. Унга мувофиқ сизга Тошкент шаҳридан 3-хонали уй ажратилганди-ку? Бу ёғи қанақа бўлди?
– Бизда, ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг нуфузли қарори ҳам қоғозда қолиб кетавераркан!
– Йў-ғе?!  Қарор чиққандан кейин одам ҳам қараб турмаслиги керак-да!
– Эй, куйган юракларимни баттар куйдирманглар! – Маҳмуджон ака уф тортди. – “Қарорнинг ижроси қачон бажарилади?” деб бормаган идорам, бош урмаган остонам қолмади.  Президент девонига, Вазирлар Маҳкамасига қайта-қайта мурожаатлар қилдим. Ҳамма ижодий ишларимни йиғиштириб қўйиб уч йил югурдим! Уч йил-а! Айниқса, Тошкент шаҳар ҳокимиятига боравериб, остоналарини ўйиб юбордим! Ҳеч қандай натижа бўлмади!!!  24 йил Ватанимда яшаб,  битта бошпанага эга бўлолмадим! 2019 йилда тахта-ўқловимни йиғиштириб, туғилган қишлоғимга қайтиб кетдим!
 Бешариққа келсаларинг, битта ош биздан!