Ҳалоллик бозорда сотилмайди...


    Феруза ОРИПОВА.  
Маънавият сабоқлари

Ҳалоллик бозорда сотилмайди...

   Ҳазрати Умар халифалик йилларида кўпинча Мадина кўчаларини тунда ёлғиз айланар, мусулмонларнинг ҳолидан, ҳаётидан, турмушидан шу тариқа хабардор бўлиб турарди. Кунлардан бир куни тунда бир хонадон олдидан ўтаётганида беихтиёр она-боланинг суҳбати қулоғига чалинди. 
— Қизим, бугун сутимиз негадир кўзимга оз кўриняпти, сув қўшиб кўпайтирмасак бўлмайди, — деди аёл.
— Вой, онажон, бу нима деганингиз, амир-ал-мўминин сутга сув қўшманглар, деб буюрганлар-ку?
— Қизим, аҳир тирикчилигимиз шу сут билан, мен бева бўлсам, бошқа даромадимиз бўлмаса... Сутга бир оз сув қўшсак кўпаяди, болам.
— Бу гапингизни халифа эшитса, нима бўлади?
— Бу вақтда халифа ухлаб ётибди.
—Онажон, сиз айтган хийлани агар халифа кўрмаса ҳамма нарсани билгувчи Аллоҳ кўриб турибди-ку, уни қандай алдайсиз, сутга сув қўшиш гуноҳ.
   Ҳазрати Умар суҳбатни оҳиригача эшитди. Эртасига эрталаб айни шу хонадонга келиб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал аҳлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Ҳазрати Умар ўғлини шу фақир қизга уйлантирди. Ушбу муборак келиндан шундай улуғ фарзандлар дунёга  келдики, улардан бири тарихда иккинчи Умар номини олди.
  Ҳалоллик — бу тўғри сўзни айтиш демакдир. Ҳалол ва виждонли бўлиш тўлақонли одам бўлишдир. Чунки буюкликка энг яқини ҳалолликдир. 
   Меҳнат таътилини қишлоқда ўтказдим. Пойтахтга қайтар куним мени кузатишга бирга чиққан укам Мансуржон “опа, ёши 60лардан ошиб қолган бир амаки Тошкентга иш юзасидан кетаётган экан, менга йўлда зерикмаслик учун суҳбатдош бўлса бас, деяпти. Шошмаяпсиз-ку, амаки машинани оҳиста ҳайдайди, сиз ҳам тинч-омон етиб олсангиз бўлди-да”, деб мени ўша машинага ўтказиб юборди.
  Биз амаки  билан тез чиқишиб  кетдик, қарийб 6 соат давом этадиган йўл қандай қилиб тугаганини ҳам билмай қолдим. Маълум бўлишича, амаки Тошкентдаги қамоқхоналардан бирида жазо муддатини ўтаётган ўғли Умиджонни кўришга кетаётган экан. 
  Фарзандини сим тўсиқлар ортида кўриш ота-она учун минг бир азоб, мен амакига ўғли ҳақида савол бериб юрагини тирнагим келмади, лекин уларнинг ўзлари юрагини бўшатгиси келди чоғи ўғли билан боғлиқ воқеалар ҳақида оғир хўрсиниб ҳикоя қила бошлади. Шу билан бироз дарди енгиллагандай бўлса бас дея уларнинг сўзларини тингладим.
   ...Мактабда меҳнат фанидан дарс бериб тинчгина яшаб юрувдим. Директоримиз шаҳар халқ таълими бўлимига мудир бўлиб ишга ўтди ва мени ёнига экспедитор қилиб ишга олди. Аслида ҳамма бало шундан бошланди. Экспедитор дегани шаҳардаги икки юздан ошиқ болалар боғчаси, мактаб ва интернатларга озиқ-овқат маҳсулотларини тақсимлаш билан шуғулланар экан.
 Ўшанда мени икки қизим бўлиб, хотиним учинчисига ҳомиладор эди. Ўғил туғилди, ўғлимни қадами қутлуғ келди, мойли жойга ишга ўтдим, деб ўзимда йўқ ҳурсанд эдим. Шу кундан бошлаб чақалоқ баҳона ҳайдовчи сут маҳсулотлари, колбаса, сир, ширинликлар ҳатто кир ювиш воситаларини ҳам жойларга тарқатишни бизнинг уйимиздан бошлайдиган бўлди. Ўғлим сут-қатиққа тўйиб, паҳлавон бўлиб улғаяётганидан ичимга сиғмасдим. Меросхўрим, умримнинг давомчиси, дея унга чексиз меҳр бериб улғайтирдим. Умиджон ёлғиз ўғил бўлганлиги сабаб, жуда эрка бўлиб ўсди. Бу орада қизларни турмушга узатдим, набирали бўлдим. Ишда ҳам ошиғим олчи эди. Мен ҳаёт шу тариқа давом этади, деб ўйлаб, хато қилган эканман. Ҳали мактабнинг юқори синфида ўқиётган ўғлим аллақачон безориларга қўшилиб, тарбияси издан чиққан, ичиш ва чекишни, тунги вақтичоғлик қилишни ўрганган, онаси ёлғиз ўғлини калтаклашимдан хавотир олиб, мендан кўп нарсаларни яшириб юрган экан.  
  Амал-тақал қилиб мактабни тамомлади, тартибга ўргансин деб ҳарбий билим юртига ўқишга бердим. Атиги уч ойгина чидади, охири ўқишни ташлаб келди. Ҳунар ўргансин деб, бир ҳунарманд устага шогирдликка бердим, афсус, “ўғлингизни ҳунар ўрганишга тоқати йўқ, уни мажбурламанг” - деди уста. Кўз олдимда бўлсин деб, ёнимга ишга олиб кирдим. У шу қадар масъулиятсиз эдики, бир неча бор уни деб мен танбеҳ эшитдим. Оила ташвиши бошига тушса қуйилиб қолар, деган мақсадда 18 ёшида уйлантирдим, 19 ёшида ота бўлди, аммо болалигини тарк этмади. Ҳар куни уйда эр-хотин жанжали тинмади. Келин ҳам ёшлик қилди, “бундай бекорчи ва безори билан яшамайман” деб туриб олди, охири ажрашди. Иккинчи бор уйланди, аммо ўзгармади. Ўғлим шу қадар тарбиясиз ва масъулиятсиз бўлдики, еб-ичиш, кийинишдан ками бўлмаган, бели оғриб пул топмаса-да пулга сира муҳтожлиги бўлмаган болам кўчадаги безори дўстларига қўшилиб машина ўғирлаб сотиб юборишгача борди. Унинг хатосини тўғрилаш, қамоқдан олиб қолиш учун она сутим оғзимга келди. Онасининг кўз ёшлари тинмайди, қизларим “куёвингизнинг олдида юзимизни ерга қаратяпти” дейишади, қаерда хато қилдим, қаерда адашдим, деб ўзимга савол бераман, жавоби йўқ. Аҳир қизларим бахтли, ўзларидан тинган, яхши ҳаёт кечиришяпти, уларнинг тарбияси мени сира уялтирмади. Аммо ўғлим мени кўп жуда кўп марта ноқулай вазиятларга солди, дўсту-қадрдонлар олдида ҳижолатга қўйди. Айтсам, ишонмайсиз, бир гал Умиджон ўша бекорчи дўстлари билан гиёҳванд модда олишга борганида ҳуқуқ посбонлари томонидан қўлга олинди, “дада, қутқаринг” деб зорланди, омад ҳамиша келавермас экан, қонунни ҳеч ким четлаб ўтолмади. У қилмишига яраша жазосини оладиган бўлди, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 
 Агар одам ҳалолликдан юз ўгирса шу қадар беҳисоб ярамас иллатларга берилиб кетарканки, оқибатда ҳаётнинг нопок йўлларидан юришга одатланиб қоларкан. Умиджонда ҳудди шундай бўлди. Шунга ҳам 3 йил бўлди, у уч йилдан буён бетон деворлар орасидан афсус чекади, аммо вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Унинг кўз ёшларини кўриб, ичимни ит тирнайди. Мен асл ҳақиқатни кеч, жуда кеч англаб етдим. 
  Ўшанда ўғлим туғилганда янги, мойли жойга ишга ўтганим, болаларнинг ризқини қийиб уйимга ташиганим, ўғлим ҳалолликнинг нонини еб эмас, ҳаром луқма еб катта бўлгани бежиз эмаслигини тушундим. Аммо энди кеч эди. Ўша ҳалол бўлмаган ризқни еб катта бўлган болам қанча ҳаром ишларга аралашди. Ҳаётда тузатиб бўлмас хатолар қилиб нафақат ўзини бадном қилди, балки онасини сочига эрта оқ туширди, мени қаддимни эгди, опаларини мулзам қилди. Отам рахматли айтарди “болам бир умр бахтли бўлишни истасанг ҳалол бўл”, деб. Мен ундай бўлолмадим. Инсонни умрбод ортидан эргашиб юрадиган ёқимли душман бу нафс экан. Чунки у ўзимизни ўзимизга сездирмай, жаҳолат ботқоғига ботираркан. Мени нафсим устунлик қилди, оқибатда ёшим 60 дан ошганда набираларни ўйнатиб, кексалик гаштини суриш ўрнига довон йўлида ҳар бир ўтаётган кунимга лаънатлар ўқиб юрибман. 
  Амакининг юзидаги чизиқлар, кўзидаги мунг, сочидаги оқлар назаримда ҳадсиз афсус ва надоматлар эвазига эканлигини тушундим. Бугун набиралар қуршовида боболик завқини суришни орзу қилиб ўртанаётган бу инсонга боқиб рости раҳмим келди. Ҳар бир инсон бу дунёга келаркан “фарзандларим роҳатини, бахтини кўрай” - деб муножот қилади. Одамзотнинг бу дунёдаги ҳам қарзи ҳам фарзи бу солиҳ ўғил-қизларни тарбиялаб, уйли-жойли қилиб, эл корига ярайдиган инсонлар этиб вояга етказишдан иборатдир. Ана шу муқаддас вазифани ҳалол адо этган инсонгина икки дунё саодатига мушарраф бўлади.  
  Бу дунёда бир ҳақиқат мавжудки, ҳамма одамлар аслида дунёга келишларида бир ҳил бўладилар, яъни соғлом фикр, соғлом тафаккур, чиройли орзу, яхши ният, гўзал тарбия ва ҳакозо. Аммо ҳамма одамлар ҳам ушбу фазилатлар билан умргузаронлик қилмайди, кимдир ўша мақсадларни ўз ҳаётига тўғри тақбиқ этади кимдир эса афсуски унинг аксини. Улардан фақат табиатан ҳалол бўлган одамнинггина номи юксалади. Демак, хулоса шуки,  бу ҳаётда ҳалол одамни таъқиб этиш мумкин-у, аммо уни бадном қилиб бўлмайди. Шу боис фарзандларимизга туғилган онидан бошлаб ҳалол ризқ бериб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, ҳалол яшашга кўниктириб улғайтирайлик. Зотан, эртага афсус чекишдан сира фойда йўқ. Чунки ҳалоллик бозорда сотилмайди, у фақатгина виждонли одамлар меҳри, муҳаббати туфайли асраб-авайланади, авлоддан-авлодга ўтади, асрлар силсиласидан омон қолади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот