Бобур Бобомурод билан масофавий маърифий мулоқот


   Иродаси кучли, темир интизомга ва гигиена қоидаларига риоя эта олган халққа пандемия панд бера олмаслигини ойнаи жаҳон кузатувида кўриб ҳис этаётганимиз аниқ. Ҳаёт давом этади, демак, адабиёт ҳам барҳаёт. Шеърият руҳиятнинг инъикоси, кайфиятнинг, туйғунинг оний ҳосиласи. Мулоқотда меҳр ҳам, моҳият ҳам катта. Меҳр кўзда эканлигининг боиси шу. Ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавиятга ташна, маърифатга ошна қалбларнинг эҳтиёжини қондиришга имконимиз етарли. Дийдор бедор қалбларга, чин дўстликка  пойдор, ғафлат бандасига эмас. Карантин шароитида ҳам бундай маърифий тадбирларнинг уюштириб турилиши чинакам матонат ва элпарварлик нишонаси.
  Жорий йилнинг 16 май куни соат 15.00.да Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, иқтидорли шоир Бобур Бобомурод билан ZOOM дастури орқали икки соатдан зиёд давом этган масофавий мулоқотимиз анча мароқли ва мазмундор бўлди. Профессор ўқитувчилар, талаба ва магистрантлар томонидан берилган шоир шеърияти ва ҳаётий фаолияти билан боғлиқ қизиқарли саволлар, айни пайтда шоир томонидан берилган самимий жавоблар виртуал мулоқотга руҳ ва мазмун бахш этди.
  Маърифий суҳбатлар рукнида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу мулоқотимиз қаҳрамони ҳақида мухтасар маълумот бериш ўринлидир.
  Бобур Бобомурод 1968 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1991 йилда Бухоро педагогика институтининг "Тарих ва жамиятшунослик" йўналишини муваффақиятли битказган.
     Бадиий ижод билан ёшлигидан шуғулланади. Илк китоби 1996 йил 25 декабрда чиққан. Шундан бери ўндан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1998 йилдан). Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими (2010). У ҳозирда бадиий ижод ва жамоатчилик фаолияти билан машғул. Оилали, бешта фарзандини уйли-жойли қилган, бири-биридан ширин неваралар эъзозида. У мингдан ортиқ қўшиқлар матни муаллифи. Республикамизда донг таратган машҳур ҳофизларнинг ижодий барномасидаги аксарият қўшиқлар матни уларнинг қаламига мансублиги бежиз эмас. У ўйнаб эмас, ўйлаб ёзади. Мазмундор матн, образли тафаккур, ташбеҳона ибора ва ифодалар, халқ дилига яқин содда ва равон услуб унинг шеърларига умрибоқийлик бахш этади. Аслида, шоирнинг мавқеи, шеърнинг ўрни ҳам шундан иборат.
  Энг қизиғи, Бобур Бобомуроднинг деярлик ҳар куни муайян таълим муассасаси, меҳнат жамоаси ва ташкилотлар билан масофавий йўсинда ижодий мулоқотлари бор. Сабаби унинг барча идора ва муассасаларда қадрига етадиган садоқатли мухлислари кўп. Чунки, яхши шоир, самимий ва хокисор инсон, оқибатли дўст ҳамма жойда эҳтиромга эга. 
   Институт ёшлар масалалари бўйича проректор Р. К. Чориев ўзининг қизиқарли ва маърифий суҳбатлари учун Бобур Бобомуродга педагогик ва талабалар жамоаси ҳамда раҳбарият номидан миннатдорчилик билдира туриб, шоирнинг келгусидаги фаолияти ва ижодиётида халқ ишонч-у эътиборини қозонишдек шараф доимо ҳамроҳ бўлишини тилади. 
    Унинг тожливирус вабоси пайтида олам ва одам қадри билан боғланган шеърлари асосидаги ушбу видеоролик ҳам шоирнинг юксак истеъдодидан далолат маёғи, кафолат чироғи бўлсин деган мазмунда уларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

   Баҳриддин Муқимов -  "Гуманитар фанлар" кафедрасининг ассистенти.