Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларни тайинлаш


  Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида"ги 2021 йил 26 март кунида имзоланган қарорига кўра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги,  Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
 Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, кўп миллатли халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларни кенг тарғиб қилиш, бадиий ижод ва китобхонлик маданиятини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларига ижодкорлардан ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар бириктирилди.
  Йиғилишни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари - Нодиржон Жонузоқович Холбўтаев (Нодир Жонузоқ) олиб борди. У Президент қарори юзасидан шарҳ ва тушунчалар бериб ўтди. 
  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи - Маъмура Зоҳидова таклиф этилган мактаб  директорлари ва тарғиботчиларни бир-бирига яқиндан таништирди.
 
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Шайхонтоҳур туман ҳокимияти вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Ботиржон Эргашев ҳам сўзга чиқишиб, йиғилган иштирокчилар томонидан масалага оид берилган саволларга атрофлича жавоб беришди. 
  Президент қарорига кўра Молия вазирлиги Жамғармага 2021 йилда 120 миллиард сўм, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат марказига мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш учун 10 миллиард сўм, унинг ҳудудий бўлимларига жойларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш учун 90 миллиард сўм, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратиши белгилаб қўйилган.
  Шу ўринда, тарғиботчиларнинг вазифаларини кўрсатиб ўтишни лозим топдик. Қуйидаги вазифалар қамрови кенгайиши ё ижодкорнинг ташаббусига кўра ўзгариши мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.

  Ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилаётган Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг асосий вазифалари

1. Ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланади. 
2. Ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан мунтазам танишиб боради, уларга ижодий жиҳатдан йўл-йўриқ кўрсатади.
3. Ижодий тўгараклар ташкил этади ва режа асосида маҳорат сабоқларини олиб боради.
4. Ёрқин истеъдодга эга бўлган ўқувчи-ёшларни Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилади, уларнинг ижодий ишларини адабиий нашрларга, альманахларга тавсия этади.
5. Истеъдодли ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали келажакда уларнинг ижод мактабларида таълим олишларига мотивация беради. 
6. Ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестиваль ва бошқа тадбирлар ташкил этади.
7. Ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб боради.
8. Таниқли ёзувчи ва шоирларни жалб қилиш орқали умумтаълим мактабларида адабий-бадиий кечаларни ташкил этади.
9. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини тарғиб қилиш орқали ўқувчи-ёшлар онгида умуминсоний ва миллий қадариятларни шакллантириш, ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш бўйича мунтазам равишда иш олиб боради.
10. Бадиий адабиёт, ижодий жараёнларга қизиқтириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир болаларнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.