Иллатлардан халос бўлиш чораси - бирдамликдир!


   Ассалому алайкум Азиз, Ҳурматли ва севимли халқим! Эҳтимол, айримлар бу фикрларимни ўқигач, тўғри қабул қилар, кимдир пиар ёки ақл ўргатиш дея қараб, бошқача тушуниши ҳам мумкин. Бугунги кунда, челленжлар кўпчиликнинг ғашига тегаётгани, санъат аҳли тарғиботдан ташқари, амалий иш билан, хусусан хайрия ишлари билан шуғулланса бўлмайдими, деган фикрлар ҳам ўртага ташланмоқда. Ҳақ гап!  Бироқ шу ўринда бир нарсани таъкидлашни истардимки, баъзи кимсалар ўзларини кўз-кўз қилишса, аслида биз сингари ёши катта, ҳаётий тажрибага эга бўлган санъат аҳли амалий ёрдамимизни ошкора қилиб, мақтанишни истамаймиз. Халқимизда ҳам шундай ибора бор: "Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин". Фалон хайрли иш қилдим, мана бундай хайрия ўтказдим, писмадон савоб иш қилдим, дейиш ҳам аслида миннат ва таъна кабидир. 
   Юртимиздаги ҳолат жуда ЖИДДИЙ! Буни ҳамма билади. Ҳамманинг нияти бир. Коронавирус тезроқ йўқ бўлиб кетиши керак.
   Юқорида ўтирган ва биздан кўра вазиятни яққол кўриб ва теран тушунадиган раҳбариятга ишониб, сабримиз билан ёрдам беришимиз керак. Кўриб турганингиздек, кучли ва ривожланган давлатлар ҳам касаллик қаршисида жуда танг аҳволда, лекин биз улар даражасига тушмаслигимиз учун, эътиборни, бирдамликни ва аҳилликни кучайтиришимиз керак!!!
   Президентимиз Коронавирусни тезроқ йўкотиш борасида улкан ишларни амалга ошириб, бевосита назорат қилиб турибдилар. Юқори лавозимда ўтирган масъуллар ҳам саъй-ҳаракатларини шу муаммога қаратиб, бор кучини, илми ва тажрибасини шу масалага йўналтиришмоқда. Бунинг ечимини топиш мақсадида халқаро эътироф этилган тиббиёт соҳасининг кучли ва тажрибали вирусолог олимлари билан бирга маслаҳатлашиб, кечаю кундуз ишлашмоқда. Ҳаммага биргина илтимос билан мурожаат килишмоқда. Оилаларимизни асрашимиз, ўзимизни хонадонимизни ўзимиз эҳтиёт қилмоғимиз, масъулиятни чуқур тушуниб етмоғимиз даркор! Тиббиёт томонидан белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя қилишимиз зарур. Ватанимиздан Коронавирус деган балони тезда йуқотишимиз шарт! Модомики, талаблар ва тавсияларга риоя килмасак, бизга ойлар ҳам етмаслиги мумкин. Ҳаммамизга сабр тилайман. Бахтимизга Оилаларимиз соғ-саломат бўлишсин. Худо ҳаммамизни ёмон кунлардан асрасин. Иншооллоҳ, барчаси яна ўз изига тушиб кетишига аминмиз. Энг асосийси, умидсизликка тушмаслик, ваҳимага берилмаслик ва бирдамлик, аҳиллик билан ўзбек халқига хос матонату сабр билан енгишимизга ишонаман!

   Ҳурмат билан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Шуҳрат Воҳидов.