Коронавирус туфайли тадбирлар фақат бизда тўхтатилдими?


   Жорий йилнинг январь ойига қадар Коронавирусларнинг 40 га яқин турлари аниқланган. Улар асосан сут эмизувчилар ва паррандаларни зарарлаши мумкин. Коронавирус лотинча сўздан олинган бўлиб, корона, яъни тожли вирус деб аталишига сабаб, у ташқи кўриниши жиҳатидан қуёш атмосферасидаги ташқи қатлам - қуёш тожини эслатади. У сохта молекулалар ҳосил қилиб, ҳужайраларга кириб олиши кузатилган.
   Короновирусдан ҳимояланиш чоралари сифатида гигиена-санитария қоидаларига риоя қилиш сабаблари борасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар бериб ўтилган. Жумладан, ниқоб тақиш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш кабилар ва ҳоказо. Коронавирус иссиққа чидамсизлиги ва иссиқ ҳароратда кўпайиш хусусиятини йўқотиши, нобуд бўлиши аниқланди. Хусусан, 33 даража иссиқда 16 соат ичида, 56 даражадаги иссиқлик бўлганда 10 дақиқа  атрофида фаолсизланиши маълум бўлди. Олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра 70 % этанол, яъни этил спирти,  гипохлорит натрийнинг кучсиз 0.01 % эритмаси ва хлоргексиннинг 1 % мазкур вирусни зарарсизлантириши ва уларнинг нобуд бўлиши ўз исботини топди.
  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мамлакатимизда коронавируснинг биринчи ҳолати аниқлангани сабабли муҳим эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида ўтказилган йиғилишга кўра тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши вақтинча тўхтатилди, 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида (боғча, мактаб ва университетлар) баҳорги таътил эълон қилинди, мазкур таълим муассасаларида дезинфекция ишлари амалга оширилиши, ҳар 4 соатда жамоат транспортлари дезинфекция қилиниши, барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилиниб,  кейинги кунларга қолдирилиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистондаги театр ва кинотеатрлар вақтинчалик фаолиятини тўхтатиб,  намойишлар бошқа саналарга кўчирилди. 
   Ҳукумат карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Бунга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси жалб қилинадиган бўлди.
   Бўлиб ўтган йиғилишда хавотирга ўрин йўқлиги, коронавирусга қарши курашиш борасида етарлича эҳтиёт чоралари кўриб қўйилганлиги таъкидланди.
  Бу аслида, ваҳимага тушиш ва хавотирланишга асос бўлмайди, шунчаки касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осон бўлгани каби, эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда. Бунақанги эҳтиёт чоралари, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё миқёсида бўлиб ўтмоқда.
   Коронавируснинг  жаҳон бўйича тезлик билан тарқалиб, инсоният саломатлигига хавф солаётгани боис, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия эълон қилинди ва натижада, одамлар гавжум бўладиган катта тадбир, йиғилишлар хавф ортда қолгунга қадар ортга сурилиши таклиф қилинди. Жумладан, турли анжуманлар, спорт мусобақалари ва маданий тадбирларнинг бир қанчаси куз фаслига кўчирилди. Мисол учун Лондонда 26 апрел куни бўлиб ўтиши реалаштирилган йирик спорт мусобақалари 4 октябрга кўчирилди. Чемпионлар лигаси ва футбол ўйинлари ҳам кўпгина давлатларда вақтинчалик тўхтатилиши, ўтказилса ҳам томошабин ва мухлиcлар онлайн тарзда ё эфир орқали кўришлари, яъни ўйингоҳларда мухлислар йиғилмаган ҳолда интернет ё ойнаи жаҳон орқали кўриш имконига эга бўлишлари режалаштирилмоқда.
   Дунёдаги энг катта Диснейленд истироҳат боғлари ҳам ой охиригача ёпилди.
 АҚШдаги Нью Йорк губернатори одамлар гавжум жойларда 500 тадан ортиқ киши тўпланишини тақиқлагач, Нью Йоркда ўтказиладиган бродвей шоулари ҳам 12 апрельгача тўхтатилди.
Музаффар Муҳаммадназар.