Табиат ва жамиятнинг инъоми


     Табиат билан жамиятнинг сирлашуви ва тиллашувини айнан Наврўз айёмида, баҳор келинчаги сепини ёйган кунларда ҳис этмаслик мумкин эмас. Табиат гули Наврўзой ва жамият гули инсоннинг тийнатида ўзгача руҳ ва шукуҳ ҳукмронлик қилади айни ўша онларда. Табиатдаги янгиланиш жамиятдаги жонланиш билан уйғун кечганида инсон наврўзий тансиқ таомларни тановул қилиб, ўйин-кулги ва соз-у суҳбатга ошна ва ташна бўлиши ҳам завқлидир. Бу эса жаннатмонанд диёрда, осуда осмон остида яшаётган меҳрли ва аҳил халққа ярашади, қут - барака келтиради. Ана шундай файзли кунларда 
    Наврўз баҳорда кун ва туннинг баравар келишидир. Баъзи Шарқ халқларида ушбу байрам дастурхонига етти хил мевали дарахт новдаси қўйилган. Бу билан кейинги Наврўзгача шу дарахтлар меваларидан тановул қилиш насиб этсин, дейилган. Наврўзга доир кечаги кунларни ёдга олсак, у тақиқланди, сумалаклар ариққа тўкилди. Байрам қилувчиларга маломат тошлари отилди.. 
     Ҳазрат Алишер Навоий ёзадилар: “Жамшид ҳусну жамолда беназур эрди.  Fаройиб ихтиролар қилди... “Чиҳил минор” қасрини қурди. Унда олтин тахт устида ўтириб, адолат овозасин ва садосини оламга ёйди. Ул куннинг отини Наврўз қўйди...” Дарҳақиқат, Наврўз меҳр-оқибат тантанасидир. Бу кунда ёшларнинг кексалар, хасталар ҳолидан хабар олиши савоб саналади. Хайёмнинг “Наврўзнома” асари бор, ўзбек тилига таржима ҳам қилинган. Унда Наврўз  куй-қўшиқсиз, шеърсиз ўтмаганлиги таъкидланади. Шоирнинг ўзи ҳам бир рубоийсида айтганидек:

Наврўз ярқиради олам уфқида,
Дилимнинг дилрабо, навжавон фасли.
Янгича жилолар фикру туйғуда,
Наврўз — ишқу изҳор фаслидир асли.

    Навоийнинг бир ғазали таркибидаги байтда замондошларига, авлодларга Наврўзий дуоси бор. Унда ҳар туннинг қадр кечасидек улуғликка бурканиши, ҳар куннинг эса Наврўздек байрам қилиниши орзу-умиди ифода этилган:

Эй юзинг боғи насимида ҳавойи Наврўз,
Лаълийи томинг бўлуб ул боғда бўстон Наврўз.
Зулфу рухсор ила комимға мени еткузсанг,
Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз.

    Ушбу истаклар азалий ва абадий гўзал байрамимиз, ҳамжиҳатлик ҳамда дўстлик тимсоли бўлган Наврўз юртимизга ҳамиша бахт, фаровонлик, тўкин-сочинлик олиб келсин, дея ният билдирамиз.

  Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ - Нотиқлик санъати академиясининг раҳбари, филология фанлари номзоди, профессор, нотиқ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот