Вазирлар маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилиш


   Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мамлакатимизда коронавируснинг биринчи ҳолати аниқлангани сабабли муҳим эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида йиғилиш ўтказди. 
   Вазирлар маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди:
- Бугундан бошлаб Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади. Темирйўл орқали қатновларга 3 кун муддат берилган.
- Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши таъқиқланади. Чет давлатлардаги Ўзбекистонликларнинг қайтишига шарт-шароит яратилади.
- 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида (боғча, мактаб ва университетлар) баҳорги таътил эълон қилинди.
- Тошкентдан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллари ва самолётларда 50% чегирма берилади.
- Ҳар 4 соатда жамоат транспортлари дезинфекция қилинади.
- Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилинди.
- Махсус call-center ташкил этилади. Call-center орқали аҳоли вазият юзасидан хабардор бўлиб туриши мумкин. 
- Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилади.
- Ҳукумат карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Бунга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳам Давлат солиқ қўмитаси жалб қилинади. Озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамланган.
- Карантин қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган ва Президент топшириғига биноан Бош прокуратура бу бўйича назоратни кучайтиради.
   Бўлиб ўтган йиғилишда хавотирга ўрин йўқлиги, коронавирусга қарши курашиш борасида етарлича эҳтиёт чоралари кўриб қўйилганлиги таъкидланди.

Дилфуза Иргашева - "Инсон ва қонун" газетасининг масъул котиби. 
Манба: hudud24.uz