Муҳаббатнинг номи нечадир?..


  Жорий йилнинг 26-28 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Славутич” Республика Украин маданият маркази ташкил этилганлигининг 20 йиллигини нишонлаш мақсадида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Украина халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган юбилей тадбирлари ўтказилмокда.
  Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида марказ юбилейига бағишланган маданий тадбирлар доирасида замонавий ёш украин шоирларининг ўзбек тилига таржима қилинган “Муҳаббатнинг номи нечадир” (“Ckiльки iмен у любовi?..” )шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Украин ва ўзбек тилида чоп этилган ушбу китобдан ўрин олган замонавий Украин шоирларининг шеърлари  таниқли шоир ва таржимонлар Сирожиддин РАУФ, Зикрилла НЕЪМАТ ҳамда Дилором АБДУРАҲМОН қизи томонидан таржима қилинган. 
  Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ходимлари, таниқли ёзувчи-шоирлар, “Славутич” РУММ бошқаруви аъзолари ва украин диаспораси фаоллари, Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси дипломатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
  Байрам тадбирини “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев очиб берди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўзининг табрик сўзида амалга оширилган ишларга юксак баҳо бериб, мазкур тадбир икки давлат халқлари ўртасидаги миллатлараро ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади дея таъкидлади.
  Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, “Славутич” Республика украин маданият маркази раиси Владимир Бойко, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, адабиётшунос олим, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Адҳамбек Алимбеков, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Зикрилло Неъмат, Дилором Абдураҳмонова ва бошқалар сўзга чиқишди.
  Украина диаспораси вакиллари тўпламда чоп этилган украин ва ўзбек тилларида шеърлар ўқиб беришди, украинча қўшиқлар куйлашди.
  Сўзга чиққанлар “Славутич” РУММ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ юлдузи” журнали, Украина элчихонаси ва Қўмита билан ҳамкорликда сўнгги йилларда таниқли украин шоирлари Иван Франко, Леся Украинка, Тарас Шевченконинг ўзбек тилида нашр этилган асарларини ўзбек китобхонлари эътиборига учинчи бор ҳавола қилинаётганини таъкидладилар.
  Бу каби ҳамкорлик тадбирлари миллий маданиятларнинг яқинлашиши ва ривожланиши, дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубхасиз.
  Шунингдек, китобхонларнинг Украина маданий меросидан кенг фойдаланиши учун “Муҳаббатнинг номи нечадир” шеърий тўплами тиражининг салмоқли қисми республика кутубхоналарининг барча вилоят бўлимларига ўтказилиши таъкидланди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот