ЯХШИЛИК ҚИЛ - СУВГА СОЛ...


Маънавият сабоқлари
Феруза ОРИПОВА

ЯХШИЛИК ҚИЛ - СУВГА СОЛ...

  Одатдаги иш кунларининг бирида тушлик пайти ҳамкасблар билан суҳбатимиз яхшилик ҳақида бўлди. 
- Бугунги кунда беминнат яхшилик қиладиган одамни топиб бўлмай қолди, - деди дугонам Мадина. Унинг гапини маъқуллаб, Саида қўшимча қилди, - тўғри, кимга яхшилик қилишни ҳам билиш керак. Яхшилик қилиб ўрнига ёмонлик билан жавоб оласан.
- Яхшилик қилиб яшайдиган одамларни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди ҳозир – деди Назокат опа.
- Йўқ, пайғамбаримизнинг ҳадислари бор, одамзотни қиёматгача яхшилик асрайди, бировга ҳатто билдирмай яхшилик қиладиган инсонлар ҳам бор орамизда. Мен ундайларни биламан. Кейин, нима яхшиликни қайтсин деб қиладими? Ахир яхшилик ҳақида ўйлашнинг ўзи савоб-ку? – дейман уларнинг фикрига норози оҳангда. 
- Феруза ҳаёт, одамлар сиз ўйлаганчалик эмас, чунки ҳозир бир қориндан талашиб тушган жигарлар бир-бирига яхшиликни қарзга қилади-ку, бегона қандай қилиб қайтмаслигини билса-да яхшилик қилсин, яна бўлса бировга билдирмай-я, ишонмайман – дея ўз фикрини сингдиришга харакат қилади Назокат опа.
 Доимгидай, уларга осонгина енгилиб қўйгим келмайди. Чунки мен ана шундай яхшиликни ҳаётининг шиорига айлантирган ҳазрати инсонларни биламан. Уларнинг фикрича? орамизда беминнат яхшилик қилаётган инсонлар гўёки “анқонинг уруғи” бўлиб қолаётган бир пайтда яхшилик ҳақида сўз айтиш бироз эриш туюлар эмиш. Йўқ, асло ундай эмас. Инсон ҳаёти давомида бирни кўриб фикр қиларкан, бирни кўриб шукр қиларкан. 
  ...Ўша пайтлари Андижон телевидениесида маънавий-маърифий кўрсатувлар муҳаррири эдим. Газетада ишловчи бир хамкасбим: - Феруза, мен бир зўр ижобий қаҳрамон топдим, фақат у ўзи ҳақида газетага ёзишни истамади. Балки у инсон ҳақида сиз телекўрсатув тайёрларсиз, – деб қолди. Бир неча кун у одам ҳақида уни биладиганлардан журналистик сўров ўтказдим. Тадқиқотларим шуни кўрсатдики, ҳаётий шиори одамларга яхшилик қилиш, бир кун бировга яхшилик, эзгу-савоб иш қилмаса ухлолмайдиган, одамлар Хизрдек ардоқли кўрадиган, лекин жуда содда, самимий, оддий инсон экан.
  Бўлажак қаҳрамоним мақсадимни эшитгач, - Синглим “Яхшилик қил, сувга сол - балиқ билар, балиқ билмаса, Ҳолиқ билар”, – деган нақлнинг асл маъносини биласизми?, деб қолди. Ҳайрон бўлиб елка қисдим. 
- Унда эшитинг, - дея ҳикоясини бошлади қаҳрамоним.
  Ривоят қилишларича, бир одил подшоҳнинг яккаю-ёлғиз ўғли ниҳоятда эрка бўлиб ўсибди. Кунлардан бир кун шаҳзода кўнгли кемада сайр қилишни тусаб қолганини билдирибди. Ҳаво булутли бўлганлиги сабаб, бундай об-ҳавода сайрга чиқиш хавфли эканини айтган мулозимлар балога қолишибди. Эрка шаҳзода ўз билганидан қолмабди. Бир пайт денгизда қаттиқ шамол кўтарилибди ва қирғоқдан анча илгарилаб кетган кема сувга ғарқ бўлибди. Тақдирни қарангки, шаҳзода сувда сузиб, нариги қирғоққа аранг етиб олибди ва хушини йўқотибди. Ўзига келгач, кема бутунлай йўқ бўлгани, ҳамроҳлари эса ҳалок бўлганлигини билибди. Кеманинг тақдиридан огоҳ бўлган подшоҳ шаҳзода ва хамроҳларини топа олмагач, улар учун аза очибди. Шундай кунларнинг бирида шу юртнинг балиқчилари шоҳнинг ўғли тирик эканлиги ҳақидаги хушхабарни етказибдилар. 
  Ниҳоят, подшоҳ ўғлидан шунча кун кимсасиз жойда, очликда қандай яшаганини сўрабди. Шахзода эса қирғоқда эгасиз бир кемада жон сақлагани ва ҳар куни бир пайтда сув юзида биттадан буғдой нони оқиб келгани, шу нонни еб омон қолганини айтибди. Шунда подшоҳ бу сирнинг тагига етишларини буюрибди. Мулозимлар қирғоқда ўтин териб тирикчилик қилувчи чолдан бўлак ҳеч кимни топа олишмабди. Воқеадан хабардор бўлган қария, ҳар куни иккита нонни белига боғлаб ўтин тергани кетишини, тушлик пайти битта нонни ўзи еб, иккинчисини балиқлар есин деб сувга ташлашини, бу иши охиратга савоб учунлигини айтибди. Шоҳ бу сўзлардан таъсирланиб, сахий чолни сийлабди. Беминнат яхшилиги учун саройга боғбон қилиб ишга олибди.
   Халқимизда “Яхшилик қил, сувга сол, балиқ билар, балиқ билмаса - Холиқ (Худо) билар” - деган нақл шунга айтилган экан. Яхшилик, эзгу ва савоб ишлар ҳеч қачон мукофотсиз қолмайди. Аслида, бир қўлинг билан берганингни иккинчи қўлинг сезмасин, дейдилар. Синглим, яхшилик қилиш менга куч, кайфият, ризқ, барака ҳамма-ҳаммасини беради. Бу ҳақида мақтанишни эса хуш кўрмайман, - деди сокингина.
  Фақатгина ўзини ўйлаб эмас, бошқалар учун ҳам осон бўлсин деб, ўз ҳисобидан неча километрдан ичимлик суви келтирган, ёзда чанг, қишда лой бўладиган маҳалла кўчаларини асфальт қилдирган, кимнидир Россиядан келолмаётган касал ўғлини келишига ёрдам берган, кундузими-кечасими, тонгдами кўзи ёрийдиган келиндан тортиб, касал бўлган чақалоғу-қариялар учун ҳам шахсий автомашинаси доим беминнат хизмат қилувчи, қўли юпқагина қўшниларнинг фарзандларига ўз ҳисобидан хатна тўйи қилиб, чексиз савоб олса, янги рўзғор қилган ёш оилага моддий ва маънавий қарашиб, янада чексиз савоб олаётган бу инсонни бежиз Хизрга қиёсламаганликларини энди тушундим.
  Ҳаётий фаолиятингиз кимлар учундир ибрат бўлармиди, – деган сўнгги илинжимга - Эҳ, синглим, яхшилик айтилмайди, ўргатилмайди, миннат қилинмайди, бўлмаса унинг савоби йўқолади, – деб суҳбатимизга сўнгги сўзни айтди ва қачон кимга ёрдам керак бўлса бемалол мурожаат қилишим мумкинлигини билдирди.
 Шу ваъда сабаб, бу инсонга фаолиятим давомида бир неча бор тўқнаш келдим. Фарзандини ўқиши учун шартнома пулини тўлолмаётган бир ҳамкасбимнинг бева опасини юбордим. Муаммоси бир кунда ҳал бўлган аёл бутун оиласи билан менга рахмат айтгани келибди.
   Бир куни ишхонага бир аёл мени йўқлаб келди. Юраги хаста ёлғиз ўғлини операцияси учун хориж билан келишибди, аммо борди-келдисига холис ёрдам берадиган одам тополмаётганини айтиб, кўз ёш қилди. Мен яна ўша халоскорга мурожаат қилдим. Ҳужжатлари билан келсин, – деди. Бу масалани ҳам ижобий ҳал қилди.
   Оилавий шароити ночор, ногирон эр ва ногирон фарзанд, турмушдан ажраган қиз ва набирани фаррошлик қилиб боқаётган бир оила ҳақида кўрсатув тайёрладим. Кўрсатув эфирга кетгач, эртасига ташқарида мени кимдир йўқлаётганларини айтишди. Ташқарига чиқсам, ўша таниш чеҳра, кўрсатувим таъсирли чиққани ва бунинг учун рахмат айтгани келганлигини маълум қилдилар. Сўнг менга ўша хонадонга бирга бориб келишимни сўради,  мен рости машинага ўтириб, хайратдан ёқа ушладим, бир рўзғор учун нимаики керак бўлса ҳаммаси бор, гилам, ётоқ жамланмаси, челак, қозон, капгир, озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб ун-гуручгача бор. Қайтар чоғимиз хонадон бекасига бир даста пул тутқазиб, агар бирор муаммога дуч келсангиз, бемалол мурожаат қилинг, – деб ташриф қоғозини тутқазди. Кўз ёшлари юзини ювган аёл то машинанинг қораси йўқолгунча дуо қилиб қолди.     
 Оддийгина тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад закотини эзгу ишларга сарфлаётган, яхшилик қилиб савоб излаётган бу инсонни мен гувоҳи бўлган яхшиликларини айтиб тугатиб бўлмайди.
   Яна бир воқеа. Бир куни олий ўқув юртларидан бирининг раҳбари ҳузурида эканимда бир гуруҳ талабалар шартнома пулини тўлолмагани сабаб, талабалар сафидан четлатилган курсдошига ёрдам бермоқчи эканликларини маълум қилиб келишди. Отасиз ўсган қиз ўз кучи билан (маълум балл етмагани сабаб шартнома асосида) ўқишга киради. Уч йил давомида тўлов пулини амаллаган ака автохалокат туфайли тўшакка михланиб қолади. Тўлов учун бошқа нажот йўқ. Талаба қизнинг курсдошлари келишиб, ўзларининг стипендиялари ва жамғарган пулларини йиғиб, шартнома пулини тўламоқчи эканликларини билдиришган ҳолда бугун олийгоҳ раҳбаридан рухсат олмоқчи эканлар. Уларнинг бир фикри мени хайратлантирди, - У қиз уч йил биз билан бирга ўқиди, талабаликнинг қувончли кунларини бирга кўрдик. Энди шундай кунда унга яхшилик қилмай, қараб турсак адолатдан бўлмайди. Биз курсдошимизга ихтиёрий равишда ёрдам қўлини чўзмоқчимиз. Негаки, у бунга арзийди. 
  Уларни тинглаб туриб, ичимда ғалаён кўтарилди. Яхшилик қилиш ёш ва жинс, жой ва сабаб танламас экан-да?
 – Қанчалар яхшисан, ЯХШИЛИК – деб, хайқиргим келди.
  Бугун орамизда сизу-бизга билдирмай, ҳеч қандай манфаат кутмай яхшилик қилаётган инсонлар бор. Мен озгинагина яхшилигини кўз-кўз қилиб, оламга жар солаётган, яхшилик қилган одамини ўзига тобе қилиб олган, яхшилигини манфаатга алмаштирган, мурувват уйларига, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бердим деб, телевизорга чиқиб мақтанганлар, мактабга бориб боқувчисини йўқотганларга ёрдам берамиз деб синфдошларини ичида изза бўлишига сабаб бўлганлар ҳақида гапирмадим. Чунки, уларга сиз ҳам кўп бора тўқнаш келгансиз. Улар яхшиликни кимгадир билдириб қўйиш учун, ҳисобот учун, ўзини саховатпеша дейишлари учун, манфаат учунгина қиладилар. Аҳир, инсон ҳаёти муқаддас, шаъни улуғ, ғурури азиз эмасми? Биз билиб-билмай, уни топтаб қўймаяпмизми? 
  Эсимда, ўқувчилик йилларимиз отаси вафот этган, онаси фаррош бир синфдошимизга ҳомийлар келиб – биз шароити оғир ва етим болаларга совға бермоқчимиз, – деган ва ўша синфдошимизни тургазиб, оддийгина оёқ кийими берганди. Синфдошимиз мен ялангоёқ қолганим йўқ, ўзимники бор, йўқ бўлса ҳам мени онам ҳаёт, улар оёқ кийим олиб бера олади, – деб йиғлаган ва синфдан югурганча чиқиб кетган. Шу кетганча бир ойларча мактабга келмай қўйган. У синфдошлари орасида изза бўлишдан ва кейин айримлар уни масхаралашидан қўрққан эди. Ҳомийлик қилиш, кўнгли ярим инсонларга мурувват кўрсатиш яхши, аммо ўша яхшилигимиз сабаб айрим инсонлар кўнглини синдириб қўйишимиз ҳам мумкин-ку? Наҳотки, яхшилик айтиб, деб, мақтаниб овоза қилинади.
  Бир инсонни биламан, ҳар йили муборак рамазон ойида шароити оғир оилаларга тунда бировга билдирмаслик шарти билан озиқ-овқат маҳсулотлари киритади, даромади закотини тарқатади. Бу ҳақида эса ҳеч кимга, ҳатто оиласидагиларга ҳам билдирмайди. Улар яхшиликни биров билиши учун қилмайди. Шунга айтсалар керак-да, “Қиличнинг кучи етмаган дунёга меҳрнинг кучи етади”, – деб. Қалбида меҳр деган муқаддас туйғу бор бўлган, яхшиликни ҳаётининг шиорига айлантирган, ўзгаларга яхшилик соғиниб яшаш саодатига эга бўлган инсонлар борлиги учун ҳам ҳаётимиз ўз мувозанатини сақлаб туради. Ўша беминнат яхшилик қилувчиларга эса, биз ҳар доим ҳам эътибор қилавермаймиз ёки уларни баъзан сезмай қоламиз. Улар жимгина, донишмандона ҳаёт кечириб, ўзларига тириклигида-ёқ одамлар орасида ўзларига ҳайкал қўйиб кетадилар.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот