Улуғ халқнинг қутлуғ шоири


   Мангуликка муҳрланиш мезони халқ манфаати учун ўзининг ҳузур-ҳаловатидан кечиш билан изоҳланади. Бутун умри мобайнида Холиқнинг розилигини ўз халқи розилигидан топишни ният қилган, фидойи бўлиш шарафини дилига туккан ҳазрат Навоий ана шундай буюк ва суюк сиймодир. 
   Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 7 февраль куни буюк бобомиз таваллудининг 579 йиллигига бағишланган анъанавий тадбир бўлиб ўтди. 
    Мазкур тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Толиб Мўминов, таниқли актриса Нигина Анорбоева ҳамда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби раҳбари Нилуфар Йўлдошева ва истеъдодли ўқувчилари иштирок этишди. 
       Абдулла Қодирий ижод мактабида таълим олаётган ёш ўқувчилар институтимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди, Ахборот ресурс маркази ҳамда ёшларга кенг имкониятларни ўзида мужассам қилган хоналар билан яқиндан таништирилди.
      Дастлаб, Нигина Анорбоева ва Толиб Мўминов Алишер Навоий адабиёт, маънавият ва маърифат, тилшунослик равнақига улкан ҳисса қўшган серқирра ижодкор сифатида жаҳон олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётганини таъкидлади. Халқимиз, айниқса ёш авлод маънавиятини юксалтириш, инсон омилига устувор аҳамият қаратиш борасидаги эзгу сайъ-ҳаракатлар бугунги кунда изчил давом эттирилмоқда. Бу жиҳатлар буюк аждодларимиз бой маънавий меросини ўрганиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бу йўналишда мукаммал тадқиқотлар олиб бориш, бебаҳо ижодидан халқимизни баҳраманд этишда яққол намоён бўлаётганини айтиб ўтди. 
   Навоий деганда, ҳар биримизнинг қалбимиз чексиз фахру ифтихорга тўлади. Юртимизда ул зот ижодини пухта ўрганиш, асарларини қайта ва қайта ўқиш, тўлиқ нашр этиш, уларда улуғланган ғоялардан ёш авлод тарбиясида кенг фойдаланиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
   Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг одамлар орзу-умидларига елкадош бўлиш, миллий адабиётимизга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, борасидаги эзгу ташаббуслари Навоий асарларида улуғланган ҳаётбахш ғоялар билан ҳамоҳангдир.
   Эл-юртга наф келтиришни олий саодат деб билган Алишер Навоийнинг инсонийлик, халқпарварлик, тинчлик ва осойишталик тараннум этилган асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва бу эзгу иш давом эттирилмоқда.
   Ўзбекистон халқ артисти Мақом хонандалиги кафедраси мудири, профессор Муножот Йўлчиева мутафаккир бобомиз ғазаллари билан куйланувчи ашулалардан ижро этди. 
Бундай  маърифий тадбирлар, ижодий мулоқотлар, анжуманлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. 
   Абдулла Қодирий ижодий мактаби директори ва бошқалар бугунги мураккаб глобаллашув замонида ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда Навоий мероси ғоят долзарб аҳамият касб этаётганин таъкидлади.
     Тадбирда Абдулла Қодирий ижодий мактаби ўқувчилари Навоий ғазал ва рубоийлари, ҳикматли сўзларини ўзбек ва инглиз тилларида ўқиб берди. 
  Ушбу тадбирда факультет талабалари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар институтимизга ташриф буюрган меҳмонларимиз кўнглида чуқур таассуротлар қолдирди, иқтидорли талабаларимизни ўз ижод мактабларига таклиф этишди. 
   Юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан албатта, самарали фойдаланган ҳолда иқтидорли талабалаларимизни ўз иқтидорларини намойиш қилишда ўз ҳиссамизни қўшамиз.

   РАҲИМБОЙ ЖУМАНИЁЗОВ - ТИҚХММИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРИ.