АДАБИЙ МУЛОҚОТ ВА ҲАЁТ МАНЗАРАЛАРИ


   Сентябрнинг иккинчи ўн кунлиги эндигина бошланган, ўзбек заминига кузак ташрифидан дарак бериб онда-сонда ёмғир томчилаган кезлар Россиянинг Новосибирск ўлкасида ростмана куз ҳавоси ҳукмрон эди. Учоқдан тушганимизда шиғалаб, бир маромда ёғиб турган ёмғир шу кўйи икки кечаю икки кундуз тинмади.
   Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан Новосибирск шаҳрида анъанавий бешинчи маротаба ўтказилаётган “Книжная Сибирь” деб номланган халқаро фестивалда қатнашиб, уч кун давомида 130 дан ортиқ тадбирни ўз ичига қамраб олган анжуманнинг бевосита иштирокчисига айландим.
 Фестивалнинг биринчи куни мен илк танишган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан ташриф буюрган уч нафар фестиваль қатнашчиси “Звезда Востока” ва “Шарқ юлдузи” журналлари номини эшитиб, “О, биз бу журналларни яхши биламиз, уларни бемалол афсонавий нашрлар, дейиш мумкин!”, - деб ҳудди эски қадрдонлардек сўрашишди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари, Тошкентда рўй берган зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал олиб борилаётган кезлар жаҳонга таниқли адиб ва шоирларнинг ижод намуналари асосида “Звезда Востока”нинг битта сони махсус нашр этилгани ҳамда собиқ иттифоқ республикаларида қўлма-қўл ўқилгани ҳақидаги илиқ хотираларини айтиб беришди. Бундай эътирофдан кўнглим жуда ўсди. Шу кайфият сафарим сўнггигача мени тарк этмади. Фестиваль давомида давлатимиз раҳбарининг “Эртанги кунини ўйлаган, фарзандларини чин маънода комил инсонлар этиб тарбиялашни мақсад қилган ҳар қандай жамият, аввало, уларнинг қўлига китоб беради, уларни китобга ошно қилади”, деган пурмаъно сўзлари давлат, миллат, ва ҳудуд танламаслигини, бугун бу масала дунё миқёсида глобал аҳамият касб этиб, барча эзгу ниятли кишилар унга оқилона ечим излаётганининг гувоҳи бўлдим. “Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш орасида Ўзбекистон тажрибаси” деб номланган маърузамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашгани, юзма-юз мулоқотда маданият ва санъат ривожи, халқимиз маънавий ҳаётини янада юксалтириш мақсадида қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларига тўхталдим. Кейинги ўтган вақт ичида эса соҳага дахлдор бир қанча муҳим ҳужжатлар, жумладан, китобхонлик маданиятини ошириш, маданият ва санъат соҳасини такомиллаштириш, ҳудудларда улуғ сўз усталари, беназир санъаткорлар номи билан аталадиган ижодий мактаб ва марказлар ташкил этиш тўғрисидаги қарор ва фармойишлар қабул қилингани, ижодкор зиёлиларнинг бугунги кунда жамият ҳаёти, ислоҳотлар жараёнидаги ўрни хусусида гапириб бердим. Айниқса, мамлакатимизда ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб қилиш борасида турли тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилгани, ғолибларга мукофот тариқасида қимматбаҳо совғалар, ҳатто енгил автомобиллар берилаётгани ҳақидаги ахборотим йиғилганларда алоҳида таассурот қолдирди.
 Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳар йили ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари ўтказилиши ва устозлар эътирофига сазовор бўлган ёшларнинг асарлари “Ижод” фонди кўмагида “Биринчи китобим” рукни билан ўн минг нусхада нашр этилаётгани ҳам ўрганса арзийдиган янгилик сифатида қабул қилинди.
  Новосибирск вилоят давлат илмий кутубхонасининг беш қаватли муҳташам биносида бўлиб ўтган анжуманнинг очилиш маросимида давлат ва жамоат арбоблари, аҳолининг барча қатлам вакиллари, китобсеварлар, табиийки, биз каби дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган меҳмонлар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишди. Россия Республикаси Китоб кенгаши вице президенти, Новосибирск вилояти маданият вазири, вилоят мэрининг ўринбосари, шаҳар мэри ва бошқа расмийлар йиғилганларни қутлаб, китобхонлик борасида эришилаётган муваффақиятларда, аввало, ёзувчи-шоирларнинг, қолаверса, оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, уларга миннатдорлик билдиришди.
  Фестиваль доирасида амалга оширилган ишларни катта қизиқиш билан кузатиб, тегишли соҳада биз ўрганишимиз лозим бўлган айрим жиҳатларни ҳам назардан қочирмасликка ҳаракат қилдим. Маълум бўлишича, Россияда китобхонларнинг 60 фоизи фаол ўқувчи ҳисобланаркан. Айни пайтда китоб ўқийдиган аҳолининг 74 фоизи ўз эҳтиёжини қондириш учун бевосита кутубхоналарга мурожаат қилар экан. Сабаби аён: бугун китобнинг, умуман, газета-журналнинг нархи ҳамма жойда ҳам баланд. Лекин мутолаа завқини чин дилдан ҳис этган инсон бу ёқимли машғулотдан ҳеч қачон ўзини тийиб туролмайди. Шу боис мамлакатдаги ҳар бир кутубхона, уларнинг адади қирқ минг атрофида экан, барча янги нашрларни вақтида олиб, ўз ўқувчиларига мунтазам тақдим этиб келмоқда. Мутасаддилар бу борадаги ҳамкорлиги учун Россия Фан ва таълим вазирлигига алоҳида миннатдорлик билдиришди. Демак, таълим муассасаларидаги кутубхоналар сўнгги нашрлар ҳисобига тезкор янгиланиб туради. Бу бизнинг ҳам тегишли соҳа вазирликлари ибрат олса арзийдиган ҳолат, деб ўйлайман. Чунки ўтган йили обуна мавсумида миллий матбуотимиз майдонида ҳўлу қуруқ маънавий устунларимиз баробар ёнди. Албатта, таълим тизимини мажбурий обунадан ҳимоя қилиш ўзига хос жасорат. Бироқ келажагимиз эгаларининг тақдири, онгу тафаккури учун масъул бўлган устоз-мураббийларни зарур адабиётлар билан таъминлаш, керак бўлса, уларга бу борада жўяли тавсиялар бериш ҳам ана шу олиймақом ваколат доирасида эди. Афсуски, танганинг иккинчи томони эсдан чиқиб қолди. Мактаб кутубхоналарига нафақат “мажбурий”, ҳатто зарур адабиётлар ҳам келмади.
  Оқибатда, мутасаддилар “обунадан ҳимоя қилиш” бўйича қўллаган қатъий чора-тадбирлар туфайли соҳа ходимларининг ахборот олиш манбалари жиддий чекланди!..
  Яна мавзуга қайтсак. Муҳташам бинонинг биринчи қавати тўлалигича болалар кутубхонаси ихтиёрига берилган экан. Бу ерда деярли ҳар куни ҳаёт қайнайди. Фидойилар болаларни ўқишга, мутолаага жалб қилиши мумкин бўлган турли қизиқарли тадбирлар устида бош қотиришади. Натижа кутилганидан зиёда бўлаяпти. Мактаб ва лицей раҳбарияти томонидан тасдиқланган кўркам либосларни кийиб олган ёшларнинг тадбирларда кўп ва хўп иштироки шундай некбин таассурот уйғотди. Китобхонлик бўйича маҳаллий ва халқаро ташкилотлар масъул ходимлари “кунда-шунда” экан. “Шунда” деганда кутубхоналарни назарда тутаяпмиз. Фестиваль доирасида ўтган қатор тақдимотлар ичида бизга “Китобхон она – китобхон мамлакат” номинацияси ғолибларини тақдирлаш тантаналари жуда маъқул бўлди. Ёш оналар китобга бўлган чексиз муҳаббатларини намоён этиб, бу билан фарзандлари қалбида ҳам ажиб қизиқиш уйғотишмоқда.
  Маълумки, 2020 йилнинг 5-7 сентябрида Болалар адабиёти бўйича Андерсен номидаги халқаро уюшманинг 37 конгресси Москвада бўлиб ўтиши белгиланган.
  Қизиққанлар роппа-роса бир йилдан кейинги тадбир қайси залда, қанча ижодкор ва мутахассис иштирокида ўтиши, кимлар қандай мавзуда маъруза қилиши, конгресснинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ҳақидаги аниқ маълумотларни кутубхоналарга ташриф буюриб, шу лаҳзада билиб олишлари мумкин.
   Болажонлар, демакки, келажак тақдирига дахлдор яна бир халқаро анжуманга шу даражада пухта ва жиддий тайёргарлик кўрилаётгани, юксак ташкилотчилик ишлари йўлга қўйилгани эътиборимизни тортди.
 Табиийки, ижодкор сифатида кўргазмада қатнашаётган ноширлар билан суҳбатлашишга, соҳадаги янгиликлардан, уларнинг келгуси режаларидан хабардор бўлишга ҳаракат қилдик. Ажабланарли жиҳати, китоб, газета-журнал – босма адабиёт ўлади, деб аюҳаннос солинаётган бир даврда улар эришаётган ютуқ ва муваффақиятлар ақлни шоширади. Китобни электрон шаклда ўқиш оммалашаётган ва буни қўллаб-қувватлаётган валломатлар бисёр замонда қандай қилиб китоб савдоси ривожланаётгани мени ажаблантирди. Эшитган жавобим эса кўпчилик учун қизиқарли бўлса, ажаб эмас. Ривожланган давлатларда ахборот-коммуникация технологиялари шу даражада тараққий этганки, унда мумтоз, замонавий адабиёт ва бошқа барча ёзма манбалар тўла-тўкис ўз мужассамини топган. Истаган киши ўзига зарур ахборот ёки асарни дарҳол интернет тармоғидан олиб ўқиши мумкин. Бироқ бу қулайлик (бугун мутахассислар онлайн мулоқотнинг соғлиққа турли зарарлари ҳақида бонг уриб турганини айтмасак) анъанавий мутолаани барбод этолмади. Иқтисодиёти тараққий этган мамлакатларда зиёлилар, айниқса, ўзига тўқ оилалар вакиллари ахборотга бўлган эҳтиёжини қиммат, лекин эстетик завқи беқиёс бўлган босма нашрлар орқали қондиришни афзал деб билмоқдалар. Шу боис бу ўлкаларда китоб савдоси ривожланиб бормоқда. Мисол тариқасида Германия тажрибасини айтиш мумкин. Бу ерда китоб савдоси билан шуғулланадиган уюшма ўз аъзоларига – китоб дўкондорларига янги нашрлар ҳақида маълумот етказади. Сўнгра улардан олинган таклифлар асосида нашриётларга муайян ададда буюртма беради ва дарҳол тегишли маблағни ўтказади. Нашриёт эгалари китоб сотиш билан боғлиқ бошоғриқни ҳис этмайди, келишув бўйича муаллифларга қалам ҳақини тўлайди. Бошқа мамлакатлардан келганлар ҳам ютуқ ва камчиликлари билан ўртоқлашишди. Мени кўпроқ бу ноширларнинг саводхонлиги, адабиётни манаман деган адабиётшунос ёки ёзувчи, шоирдан кўпроқ билиши қойил қолдирди. Хаёл яна маҳаллий ноширларимиз томонга олиб қочади. Таассуфки, бизнинг аксарият ноширларимиз ўз тамғаси остида чиқаётган китобларнинг савияси тугул, мазмун-моҳиятидан ҳам бехабар. Муаллиф пулни тўласа бўлди, асар тўғридан-тўғри босмахонага тушиб кетаверади. Бундай муносабат охир-оқибат китоб савдосига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Демак, ноширлар савиясини кўтариш, ўз ўрнида, китобхонлик ривожига хизмат қилади.
   Фестивалнинг иккинчи куни салкам тўқсон йилдан буён Ўзбекистонда рус тилида нашр этиб келинаётган “Звезда Востока” журнали тақдимотини ўтказиш учун имкон туғилди. Фурсатдан фойдаланиб, мазкур нашр тарихи ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи электрон лавҳани намойиш этдик. Шундан сўнг журналнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти ҳақида қисқача тўхталдик. Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Пировардида, Ўзбекистонда яшаб, рус тилида ижод қилаётган турли миллат вакилларининг муҳташам минбари бўлган журналнинг обуна ва бошқа иқтисодий етишмовчиликларга қарамасдан узлуксиз чоп этиб келинаётгани ўзбек халқининг юксак маънавиятидан далолат, деб эътироф этишди.
   Халқимизда “Бирор юртни яхшироқ билишни истасанг, бозори билан мозорини кўр”, деган нақл бор. Биз бу масалага замонавий давр нуқтаи назаридан ёндашдик. Россиянинг асосий таълим ва тадқиқот марказларидан бири ҳисобланган Навосибирск академиклар шаҳарчасига саёҳат уюштирдик. Об дарёсининг ўнг қирғоғида, шаҳардан йигирма чақирим нарида жойлашган шаҳарчада ўнга яқин илмий-тадқиқот институти, Россия фанлар академиясининг Сибир бўлими президиуми, Навосибирск давлат университети, физика ва математикага ихтисослашган мактаб фаолият кўрсатаяпти. Кўргазма майдони 2665 кв. метрни ташкил этадиган Ўлкашунослик музейида 147 минг асосий ва 71 минг турли-туман экспонатлар жой олган. Қадим Сибир халқларининг тарихидан, ўзига хос турмуш шарт-шароитидан дарак берувчи ноёб тарихий ашёлар менга ўзимизнинг олис ўтмишимиз ҳақида ҳикоя қилаётгандек бўлиб туюлди. Бу бежиз эмас экан. Аксарият экспонатлар шу заминда барпо бўлган қадим турк халқлари давлатчилиги, ўша давр жанговар ҳаракатлари тўғрисида муайян тасаввур ҳосил қилишга кўмак берадиган қурол-аслаҳа ва турфа ашёлардан иборат эди. Шундан бўлса керак, Навосибирск ўлкасига нисбатан кўнглимда бир яқинлик туйдим.
   Дарҳақиқат, қадим, айни пайтда навқирон бу ўлкада 180 га яқин миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаётганининг ўзи ҳам таҳсинга сазовор. Навосибирск шаҳар байналмилал марказида бўлганимизда, турғун яшаб турган ўзбеклар сони вилоятда 12 000 дан зиёдлигини, яъни умумий аҳоли сонига нисбатан бешинчи ўринда туришини, шаҳарда эса бу кўрсаткич янаям юқори – учинчи ўринни ташкил этишини билиб олдик. Табиийки, ўлканинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, фан, таълим, бунёдкорлик ва бошқа соҳалар бўйича ривожида миллатдошларимизнинг сезиларли ўрни бор. Шу маънода, асли қўқонлик, бугунги кунда “Россиянинг фахрли одамлари энциклопедияси” медали соҳиби, иқтисод фанлари доктори, профессор, Россия гуманитар фанлар академияси, шунингдек, Фан ва амалиётни ишлаб чиқаришга жорий этиш халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси Қаҳрамон Жўрабоев каби меҳнат фахрийлари ва уларнинг издошлари билан ҳар қанча мақтансак арзийди. Улар ўзларининг кашфиёт ва ихтиролари билан нафақат Россия, балки дунё илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Жаҳоннинг турли минтақаларида яшаб, ўзининг юксак иқтидори, ақл-идроки, тадбиркорлик ва ташкилотчилик салоҳияти билан эътироф этилган миллатдошларимиз ҳақида ўзимиз учун маълумотлар базасини шакллантир иш фойдадан холи бўлмас экан, деган фикр кечди хаёлимдан.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, –дейди биз билан суҳбатда Новосибирск ҳудудий жамоат ташкилотининг Ўзбек-рус миллий-маданий маркази раҳбари, иқтисод фанлари номзоди Гулнора Жўрабоева.
– Кейинги статистика маълумотларига қараганда, Навосибирск ўлкасида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг сони бир юз йигирма минг атрофида.
   Бу жуда катта рақам. Унинг ортида шунча инсон тақдири турибди. Очиғи, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслик, бошланғич молиявий ва моддий кўмакнинг йўқлиги, қолаверса, мигрантларни фирибгарлик ҳатти-ҳаракатларидан ҳимоя қиладиган тизим фаолияти йўлга қўйилмагани боис муаммолар анчагина йиғилиб қолган.
 Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилгани менинг назаримда мавжуд муаммолар ечимига ижобий таъсир кўрсатади. Ўз ўрнида мазкур департамент билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз. Зеро, осон бўлмаган шароитларда меҳнат қилиб оила боқаётган лафзи ҳалол миллатдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларга имкон қадар ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ташкилотимиз олдида турган устувор вазифалардандир.
– Мақтанчоқликка йўймангу бизнинг нодавлат ташкилотимизга ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари қатори маҳаллий ҳокимият ва бошқа тузилмалар вакиллари ҳам тез-тез маслаҳат сўраб мурожаат қилишади, – деб суҳбатга қўшилади марказ раҳбарининг ўринбосари Улуғбек Маниязов. – Ташкилотимиз амалий ишлари билан анча танилиб қолган. Таъкидланганидек, асосан бу ердаги ватандошларимизнинг муаммоларини ўрганамиз, дардига малҳам бўлишга ҳаракат қиламиз. Лекин расмий идора ваколати йўқлиги сабабли кўп масалаларда қийналамиз. Шу боис Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик бизга жудаям зарур.
 Китоб фестивалида сизларнинг иштирокингиз ҳақида тасодифан эшитдик. Шаҳар маъмуриятидан айтиб қолишди. Биргаликда ечиладиган муаммолар анча. Биттаси ҳақида тўхталсам. Шаҳарда Хилок деҳқон бозори бор. Деярли ҳамма маҳсулот серқуёш Ўзбекистондан келтирилади ва сотувчилар ҳам асосан ўзбеклар. Бироқ бозор эгалиги бошқаларнинг қўлида. Албатта, савдода ҳалол муносабат бўлса, бу ҳолат ҳеч кимни ташвишлантирмасди. Афсуски, содда, ишонувчан ватандошларимиз бу ерда кўпинча турли ғирромликларга дуч келишади. Оқибатда, фойда ўрнига қарзга ботишади. Ҳозир Ўзбекистонда тадбиркорликка катта эътибор қаратилаётганидан, ишбилармонларимиз хорижда ҳам муваффақият билан бизнес юритаётганидан хабаримиз бор. Агар бугунги талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, Россиянинг марказий шаҳарларида Ўзбекистон бозорлари фаолиятини йўлга қўйсак, бундан ҳамма бирдек ютарди.
   Олис бир юртда ризқ-насибасини териб юрган ватандошларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳар томонлама фойдали таклиф ва истаклари, эзгу ўй-хаёллари билан танишар эканман, “Ўткан кунлар”даги Отабекнинг бир аҳволига тушиб қолганим рост: “Қани энди, тўппа-тўғри хоннинг ўрдасига кириб борсаму!..” Бугун сафардан қайтганимга ҳам маълум вақт ўтди. Кўрган-кечирганларимни ҳеч кимга айтолганим ҳам йўқ. Шу боис, ҳеч қурса,ким учундир маълумот, ахборот бўлар-ку, деган фикрда қоғозга туширишга уриндим.
    Тунов куни телеграмм манзилимга олис ва яқин Новосибирскдан хат келибди.
  Шаҳар Ўзбек-рус маданий маркази раҳбаридан экан. “Ўзбекистондан аллақайси партия вакиллари бизнинг шаҳарга келишибди. Улар қаерларда бўлишар экан, хизмат бўлмаса, шуни билиб берсангиз?” деб илтимос қилган Гулнора Жўрабоева. Қарасам, хат жўнатилганига икки кун ўтибди. Демак, узоқ бир мамлакатда ватандошлар манфаатини беминнат ҳимоя қилиб юрган фидойилар ўз фаолияти учун жудаям муҳим бўлган яна бир учрашувдан четда қолишган.
  Шу лаҳза хаёлимдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида тилга олинган фармонига биноан Вазирлар Маҳкамаси тизимида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилгани айни муддао бўлган экан, деган фикр ўтди. Ва мен ҳам бу ташкилот хориждаги ватандошларимиз дарду ҳасратига даво, қувончу шодлигига шерик бўлади, деб ният қилдим. Кўпнинг эзгу нияти эс а, албатта, ижобат бўлади!
  Хориждаги юртдошларимиз, уларнинг ютуқ ва муаммоларига гувоҳ бўлишимга китоб фестивали сабаб бўлганига бир рамзий маъно туйдим. Хоҳ ичкарида, хоҳ ташқарида бўлсин юртдошларимизнинг муносиб эътибор қозонишида, ҳақ-ҳуқуқларини танишида уларнинг билими, дунёқараши, фикрлаш салоҳияти муҳим аҳамиятга эга экан ва бу мутолаа билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги ижтимоий, иқтисодий, маънавий муаммоларимиз илдизи ва ечимини бизнинг, фарзандларимизнинг саводхонлиги, китоб, газета-журналлардан оладига маърифати, қолаверса, маънавий етуклиги белгилаб беришига астойдил ишондим.
----
     Сирожиддин РАУФ – “Шуҳрат” медали соҳиби. 1967 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини ва Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирги ТошДЮУ) тамомлаган. “Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз”, “Ташриф”, “Муаллақ чексизлик” каби шеърий китоблар ҳамда болалар учун “Ғалати мусобақа” деб номланган тўпламнинг муаллифи.
---
"Шарқ юлдузи" журналининг 2019 йил 8 сонидан олинди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот