Қорақалпоғистон юрагимнинг парчаси


   Қорақалпоғистон юрагимнинг парчасига айланган.
   Оиламдаги катта-кичик "хўжайин"лар "пандемия даврида уйда тинч ўтиринг", - дейишса-да, "Аллоҳнинг кўзи тўғри бўлсин", деб яна азим диёрга йўлга чиқдим.
   Самолётга эмас, поездга (люкс!) билет олишгани бир ҳисобда яхши бўлибди.
 Уйдаям ўтирувдим, ковид ўлгурнинг ваҳимасидан кўзларим катта-катта очилиб. (Қўрқувнинг кўзи катта бўлади!).
   Тиббий ниқоб таққан бўлсак-да, ҳамроҳларим: Муқимий номидаги мусиқали драма театри актрисаси Гулчеҳра Носирова ва шоира Зулфия Мўминовани мухлислар таниб, вокзалдаёқ ўраб олишди.
   Актрисамизга "будька"да ишлар қалай, ғийбатдан олинг, опа!, - деб ("Опа-сингиллар" сериали ) аския қилишса, Зулфияхонга «Аёлга пул беринг", деб бопладингиз-да, дейишарди.
   Мана энди Зулфиянинг ҳазилларига қотиб-қотиб, (ичагим буралиб ҳатто!) бир купеда кетяпман.
   Самарқандга келганимизни қўшни хонада кетаётган Гулчеҳрахон нон ва қовоқ сомса кўтариб чиқиб ширинликлар билан меҳмон қилганда билдим. Музаффар Аҳмад юртига кетаётганидан ҳаяжонландими, ҳартугул, "қон босимим ошяпти", - деб эшикдан мўралаб қолди. Унга икки ҳисса кўк чой дамлатиб, аспирин (бори шу эди) ичириб юбордик.
   Сўнг лимонли мампази шиминг, дедим.
   Бироз гурунгимизга қўшилиб, хайрият, босими жойига тушди-ёв, хонасига кириб ухлаб қолди.
   Биз қон босими ҳақида гап бошладик. Ўзбекистоннинг тўқсон фоиз аҳолисида шу касаллик бор экан. Бўлади-да!
   Қайта ва қайта чойимиздан хабар олиб турган поезд назоратчиси дастурхонимиз файзланиб кетганидан ҳайрон.
Бу бошланиши, дейман, мен, Ўзбекистон "ўзим", дейди.
   Аммо асл нарсаларини меҳмонга атайди.
- Ана, картошка теришяпти.
   Кичик жойдан кўплаб қоплаб йиғиб олишибди, дейди деразадан боқиб, Зулфия.
- Карам узишяпти...
   Мен ҳам даланинг бу лаззатини соғиниб кетаман. Тупроқ исини туйгандек бўламан.
   Йўлимиздан саф тортган намунали уйларга қараб, газ, суви ҳам меъёрда бўлсин-да, дейман.
- Бу аниқ!
   Жавоб қилади Зулфия.
   Талаб ва шартларга жавоб берилмаса одамларга берилмайди!
   Шоирам хўп чиройли гапиради-да!
   Ҳамроҳимга балли!
   Хуллас, поездда юринг.
   Албатта, ҳаётсевар, ҳазилни тушунадиган ва беозор кулдирадиган ҳамроҳ билан!..
***
ЭНГ ЯХШИ СОВҒА
   Осмон тўла фаришта.
   Ҳаммалари ҳар ишда, - деганларидек эрта тонгда кутиб олинган меҳмонлар "қайдасан Мўйноқу Элликқалъа, Тахиятошу Тўрткўл" - деб янги автоуловларда одамлар орасига ошиқишди.
   Мени эса Нукусда олиб қолишди.
   Шундай пандемия даврида ҳам шаҳардаги 2-мусиқа мактабига нафақат ўқувчилар, балки олиму уй бекалари, тижоратчи-ю тадбиркорлар - ўз касбининг эгалари йиғилишибди.
   Миллий либосли ўқувчиларнинг дўмбира чалиб куйлашлари, етти ёшли қизчаларнинг скрипкада жаҳон куйларини қойиллатиб ижро этишлари ўз устозларига олқиш ёғдирди.
   Бир зум сочилган хаёлларимни жамлаб, чекка туманларга юборишмаганига бекор ҳафа бўлибман, деб ҳам қўйдим.
   Бу ерда овоз кучайтиргичлари ё зўр ишлайди, ёки Аму тўлқинларидан андоза олган майин ва жўшқин овозлар овулу қишлоқлар оша сахролар кезиб, яна қайтиб келадиган даражада ўткирдир. Йўқса, бугунги кунда Женисбеку Муяссархондек фарзандлари опера соҳасида бутун дунёларни забт этармиди?
   Ўзи чалиб, ўзи куйлаб берган укпар қадалган қизил бахмал дўппи кийган ўрта яшар аёл назаримда машҳур Тамара Дошумовани ҳам йўлда қолдирди-ёв?..
   Йиғилишдан сўнг ёнимга келиб, ўзини таништирди: "Тошкентда ўқирдим.
   Авария сабаб, икки фарзандим билан бева қолдим.
   Оқибатда ўқишни ташлаб, юртимга қайтиб келдим.
   Болаларни ёлғиз катта қилдим.
   Энди ўқишимни қайта тикламоқчиман. Чунки санъатни жуда севаман.
   Бўлармикин-а?.."
   Унга "бўлса бўлар, бўлмаса ўзингиздек санъатчиларни йиғиб, маълум ном остида санъат дастаси тузинг", дедим.
Унинг мунгли кўзлари порлади. Ҳомуш нигоҳи алвонлашиб кетди.
   Умидбаҳш чорловимдан ўзим ҳам қувониб, беиҳтиёр маълум ва машҳур Ажниёзнинг 
"Қибласи Ургенч, орқаси денгиз, 
Жоврини қопқоқдай, моллари семиз,
Бири бирига руҳсатсиз солмас из,
Оти Қорақалпоқ элларим бор эди..." деган мисралари ёдимга тушди.
    Ўшаларнинг ворислари-да, бу аёл ҳам!
   Элликка яқинлашиб-да, ўқисам, диплом олсам, деяпти.
   Тўққизинчи ва ўн иккинчи асрлардаги кўтарилиш, Ал Фарғоний, Ал Беруний, Али қушчи, Бекзоду Навоийларни туққан, илмни қадрлаган оналар бор экан, худо ҳоҳласа, учинчи ренессанс, яъни ўзбекларнинг уйғониш даврини ҳам кутиб оламиз.
   Бунга йиғилиш давомида ўтказилган викторина ғолибларини қузатиб қалбан ишондим.
   Спорт чемпиони Алишер Ражабов ва иқтидорли санъаткор ёшларни ҳам чақиришибди. Улар ҳақида фильмлар кўрсатиб, чет эл қўшиқларидан тинглатиб, ёшларни эртасига орзуманд этишди.
   Беихтиёр бундай тантаналарни ҳамма болалару набираларимга ҳам илиндим.
   Ҳам санъат, ҳам билимларни синаш дамлари катта-ю кичикни маърифатга ошно этди.
   Совғага берилган китоблар қўлма қўл бўлди.
   Назаримда шу куни ҳамма уйига китоб варақлагани кетди...
   Бундай тадбирлар янада кўпроқ ва хўброқ ташкилланиши керак!
Кучайгани каби карантин,
Ғуборланиб бормоқда кўнглинг.
Ўз уйингга меҳринг қаратиб,
Киборланиб бормоқда кўнглинг.

"Ясат!", "Безат!", "Оқла!", "Кўкла!" деб,
Кунлар ўтар оқиб бир зайл.
Бир бошга минг ташвиш юкла, деб,
Унутилган илмга майл...

Зиё тарқатишга ичикиш,
Боғлиқ виждон ҳамда ҳимматга.
Илму хунарда сал кечикиш,
Тушиб кетар жуда қимматга.

Телевизор, телефон, интер...
Қушчадек қўнгандир болалар.
Улар ўқишига китоб бер,
"Хунар ўрган!" - деб қил, нолалар.

"Ғарбда ундоқ, Шарқда мундоқ," - деб,
Шарҳ этасан донолик қилиб.
Қачон битта шеър ўқиб бериб,
Олқиш олдинг маънолик қилиб?

Ҳавасдасан: "Мега шаҳарлар,
Илғор мамлакатлар таҳсинда!"
Юз ювмай: "Қаҳва!" - дер саҳарлар,
Жинс, эътиқод, бефарқ фаҳш - унда!

Миллионлаб ёшлар илм олиш,
Тарбия олишдан маҳрумлар.
Бизда бисёр қучоқлаб болиш,
"Бир кўзли дажжол"га маҳкумлар...

Танимоғи учун ўзини,
Ажратишга яхши ва ёмон;
Пириллатмай икки кўзини,
Интернетдан олиб қоч омон.

"Ўқиш ва ижодинг ёнма-ён,
Бўлиши шарт!" - деб қилгин хитоб.
Ўзлигини қилсин намоён,
Юзта эмас, бер мингта китоб!

***

МЕНГА НИМАДИР БЎЛЯПТИ

   Биз турган "Асем" (Лобар қиз) меҳмонхонасини оқ кемага ўхшатдим.
  Нонуштага ишлатиладиган чиннилардан тортиб, мармар зиналар, ётоқхона мебеллари, кўрпа тўшаклар ҳам чиннидек оппоқ эди.
   Шунинг учун уни "Оппоқ Асем" деб атадим.
   Қойилман, хатто жойномози ҳам...
   Ие, кеча йўқолиб, мени ўзича куйдирган;
"шу тўғноғичингизни кўп гапирдингиз-да", деган Зулфия шоирамга "онам берган, онамга бувисидан қолган кумуш тўғноғич-ку у" демай, "йўқолгиси кепти, йўқолибди!", - деганим;
хонамни тити - пити қилиб қидириб тополмаган матоҳим;
(во ажабо!), жойнамоз ичидан мўралаб турибди-да!

2.
   Эрталаб "маскам"ни оламан деб, столга ечиб қўйган узугимни тушириб юбордим.
   Тўп-тўп оқ гулли гиламда майда олмос кўзли қирқ йиллик узугим йўқ-да!..
   Ҳатто кўз ойнак тақиб, гиламларни тепа, пастга кўтариб роса қидирдим.
   Қаёқда!
   Охири хона хизматчисига тайинлаб кетдим.
   Ҳарҳолда чанг ютгичга чиқиб қолар?..
   Учрашувларни ўтказиб, хонамга кирибоқ стол устида ялтираб турган қочқоқ узугимга кўзим тушди.
   Мана, узугим ҳам қайтди, тўғноғичим ҳам...
   Менга нимадир бўляпти!

ЎЗБЕКИСТОН МАКТАБДАН БОШЛАНАДИ

   З-мактаб ўқувчиларининг икки нафар қизи Зулфия номидаги давлат мукофотини олибди.
   Қоракўллик ўқувчилардан қолишмай етмиш фоиз ўқувчиси пойтахт олийгоҳларига ўқишга кирибди.
   Қолганлари Россия ва Нукусда ўқиётганмиш.
   Фан олимпиядаси ғолиблари, турли танлов пешқадамлари, жасур спортчи, машқур санъатчилари беҳисоб мактабнинг сахнасида икки йигитча тойчоқдек сакраб рақсга тушарди.
   Ўн ёшли болакай, италянча қўшиқ айтиши, бошидаги тахияси ярашган қизчаларнинг халқ йўлида тор чалиб куйлашлари руҳимни енгиллатарди.
"Билимни болалар миясига қуйиб қўйиш бефойда.
Аввало ҳар бир инсоннинг ўз ўй-фикри ўзгарсин.
   Яъни одамларга балиқ бериб сийлашнимас, қармоқ солиб, балиқ тутишни ўргатишимиз керак!"
   Мактаб ўқитувчиларининг мақсади: юз фоиз битирувчилар нуфузли олийгоҳларга ўқишга кирсин, зиёли бўлсин!
   Замон ўзгаряпти, дунё янгиланяпти.
   Ажабмас, шу мактабдан яқин ўн йилликда Ал Беруний, Ал Хоразмийлар етишиб чиқса!
   Қолаверса, азиз устозлар кўча супуриш, пахта териш каби ишлардан бутунлай озод қилинди.
   Мактабда устоз ва шогирд масъулиятига алоҳида аҳамият беришади.
   Ҳар бир болани уч нафардан ўқитувчи назорат қилади.
   Ибройим Юсупов ёзган:
"... йигит сулувни тебратар,
Сулув бешикни тебратар,
Бешик болани тебратар,
Бола дунёни тебратар" деган сатрлари хаёлимдан ўтди.
   Илоҳо ўзингдан кўпай, Қорақалпоғим!
   Туп қўйиб, палак ёз!
   Қумлар остидаги олтинларинг, қуёшдан қувватланиб, болга тўлган меваларинг ўз-ўзингники, ўғил-қизингники!
   Эзгу орзуларинг амалга ошсин!

ШАРЫЯР
   Яшаш тарзига қараб инсонларнинг ўй - фикри ҳам ўзгаряпти.
   Мени олиб юрган йигитчанинг исми Шарыяр экан.
- Нега Шарыяр?
   Бунинг маъноси нима?
- Шарыяр халқ оғзаки ижодидаги шаҳзоданинг исми, - дейди у.
   Подшоҳнинг узоқ кутилган эгизак қиз ва ўғли туғилади.
   Ит ва мушукни чақалоқларга алмаштирган кундошлар уларни сандиққа солиб оқизиб юборишади.
   Орадан ўн олти йил ўтиб, сир фош бўлади.
   Болалар ота-онасини топишади. Ўша эгизакларга мослаб опамнинг исмини Анжим, меникини Шарыяр қўйишган...
   Тошкент Ахборот Технологиялари Университетини битирган Шарыяр дастлаб чет элга ишлагани кетмоқчи бўлибди.
   Аммо онаси рухсат бермабди.
   Энди у ота юрти, она маконида маънавиятчи бўлиб фаолият юритмоқда.
   Дўстларимга қизиқиб шу фикрга келгандим, деб кулади у.
   Энди ўйласам, ўз еримда қолиб, тўғри иш қилибман.
   Бир синфдошим чет элда беш йил юриб қайтди.
   Рангли фавворамиз атрофида айланиб, "ақлим бовар қилмаяпти, бу ўзгаришларга", деб айтди...
   Яқиндагина бизда беш дона меҳмонхона ишларди.
   Шу кунларда қирқтаси ишга тушяпти.
   Яна саккизтаси қуриляпти.
   Бир пайтлар қумлоққа айланган айрим туманлар эндиликда Нукус шаҳридан ҳам ўзиб кетди.
   Бу қурилиш, бу бурилишлардан бошим осмонда, гапини давом эттиради у...
   У-ку, ғурурланса арзийди.
   Мен биргина бугунги мактаб қувончларидан ўзимни йўқотиб қўйяпман.
   Ахир Ўзбекистон янгиланяпти!
   (Айрим камчиликлар мамлакат миқёсидамас.)
   Ўзбекистоннинг тўрт ерида, шу жумладан Нукусда ҳам Ислом Академияси очилди.
   Қирқ - олтмиш фоиз ўттиз, қирқ қаватли турар жойлар қурилиши бошланяпти. Қишлоқларга қисқа вақт ичида тоза ичимлик суви келтириш икки мартага кўпайган.
   Энг асосийси, одамларнинг эртасига ишончи, президентга муҳаббати ошган.
   Мен излаган ва истаган холатлар тезликда кўз олдимда намоён экан, албатта мен бошқа оламдаман!
***
БОЛАМ, СЕНСАН МЕНИНГ ШАЪНИМ!
Болам, сенсан менинг шаъним,
Келажагим ёритгувчим.
Зулумотда бўлиб шамим,
Ёруғлигин таратгувчим.

Олқиш олиб юрсанг чақнаб,
Ўчмас шамим,
Ўлмас шоним.
Чунки улар сени мақтаб,
Мени мақтар, болажоним!

Албатта, яхши бўлса - болдек ширин бола.
Ёмон бўлса - бало бола!
Биргина ҳарф ўзгаришида гап кўп.
Яхшиси, тўрга чиқаради.
Ёмони гўрга тиқади!
  Маҳалла аҳли ҳамма оиланинг турмуш тарзидан ҳабардормасми, қобил фарзанди борларга ҳавас қилишади.
  Ноқобилидан - ҳазар!
  Шунинг учунми, бири - бирига кўз-қулоқ. Буни тадбирга катта-кичик болаларини эргаштириб келишларидан ҳам тушуниб олдим.

   Мен (яна билмадим!) ҳеч қайси вилоятда мол сўйиб, калласини меҳмонга қўйганини кўрмадим.
 Қорақалпоғистонда пишган каллани шундай безатишадики, барака топгурлар, таърифга сўз ожиз.
 Айтайлик, кўзини помидор парраги билан ёпишади, бодрингдан қош қўйиб, киприкларига лимонни юбқа кесиб илишади. Қулоғига пиёздан сирға, буйнига анор доначаларидан маржон, бурнига булғор қалампиридан булоқ...
   Бу безатиш ишларида албатта оила аъзоларининг барчаси иштирок этади.
   Қизчалар онасига дастурхон тузатиш билан машғул, ўғлонлар эса ўтин чопиш билан овора.
   Ахир, бир келган меҳмонни ўчоқда таом пишириб, қумғонда чой қайнатиб кутиб олганга нима етсин?
   Мен бу ернинг меҳмондорчилигини тарғиб қилаётганим йўқ, аммо пандемия даврида ҳам тадбирга ошиққан онахону мезбон отахонларга раҳмат дегим келди.
   Қарийб йил бошидан бери юриш - туриши, гап гаштакларга ошиқиши, улфатлар висолига улгуриши чекланганлар Қорақалпоғистон халқ артистлари концертига оқиб келишмоқда.
   Бунинг устига пойтахтдан меҳмонлар ҳам келган...
   "Якка терак" маҳалла аъзолари билан уюштирилган тадбирни, очиғи, ўз маҳалламга ҳам илиндим.
 Қизиқарли саволлар берган, фикрлашга ундайдиган топшириқлар топширган устознинг совғалари, ноёб овоз соҳиби, булбулзабон бахшининг чиқишлари ҳавасимни келтирди.
   Бир пайт бошловчи болаларга қараб:
- Қани, Маша, Маша, деб чақиринглар-чи, ортидан Айиқ ҳам келиб қолса, ажабмас, - деб эълон қилди.
   Қўғирчоқ театри актрисаси беҳад болажон экан, хатто ота-оналарнинг ҳам гулдурос олқишига сабаб бўлди...
   Хуллас, Нукусда тантана!
  Шу кунларда мен қардош - қариндошлар ҳузурида янги Ўзбекистон, янгича дунёқараш гувоҳи бўлиб юрибман.

Умида АБДУАЗИМОВА.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот