ШОИРАГА ХАЙКАЛ


     Адабиёт яшаса, миллат яшайди, деб айтганида Абдулҳамид Чўлпон 24 ёшда эди.
     Раҳматли шоиримизнинг сўзини икки нақшинкор айвоннинг бирига ёзиб қўйилганини ўқиб, бу даъватга садоқатли юртимиз раҳбарига узоқ умр тиладим.
     Шоира Ҳалима Худойбердиева ҳайкали устига ёпилган оқ мато кўкка ёйилган турфа шарлардек очиқ кунли декабрь шамолида хилпираб турибди.
     Атрофда пойтахтдан келган меҳмонлар, шоиранинг яқинлари айланиб юрибди...
     Ниҳоят ҳаяжонли лаҳза келди: Ҳайкал очилишига рухсат берилди.
    Мато ипи тортилди ва... Опамизни яшириб турган мато ўшандек ҳилпираб тураверди. Тезликда бир норғул йигит ҳайкал ортидан тирмашиб чиқиб, матони тортди.
     Қувончли қарсаклар янада ортди. Кимдир кулди, кимнингдир кўзига ёш тўлди.
     Кўкдан боқсангиз бино парвозга шайланган бахт қушига ўхшайди, дейишди. Балки бу ҳолат эркка, озодликка талпинган қушнинг арқоқларини осон ечмасликларига ишорадир?...
     Ахир, не-не ижод аҳли шоира айтганидек, дориломон кунларни орзулаб, саф-саф бўлиб ўтиб кетди.
     Ўз биноси ҳам йўқ уюшмага уюшиб, армонларини баён этди. Дил сиёҳи билан битганларини эълон қилолмай яширди, йиртди...
     Энди шу бир жуфт нақшинкор айвонда ижодкор ўқувчилар баҳру байт айтадилар, баҳс-мунозараларга киришадилар.
     Ўртада қад ростлаб, бетакрор шоирамиз Ҳалима Худойбердиева (гўё!) ҳакамлик қилиб турадилар...
     Қўлида гулдаста тутиб турган шоира гулини олишга лаёқатли издошлари иншаоллоҳ, кўп ва хўп бўлади!
     Сирдарёдаги Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби очилишида иштирок этарканман, бир ижодкор аёл сифатида кўнглим жунбушда эди.
     Бошидан кўп машаққатли кунларни ўтказган Ҳалима опамизнинг ғалабаси бу, ахир!
     Кўнглингни ёз, ижодингни кўрсат, асарларингни тақдимот эт, муҳокама, мунозарага кириш, деб турибди гўё бу гўзал бинолар, гуллаган чаманлар, яна янги барпо бўлаётган боғлар.
     Шоира номидаги мактаб - кошонанинг файзи бўлакча. Унинг кутубхонаси, ётоқхона, ўқув залларини айланаркан, узоқ-яқиндан келган устозлар, ижод аҳли-ю юрт арбоблари бунга аниқ амин бўлдик.
     Ҳамма нарса ўз ўрнида. Дид - фаросат билан қўйилган, санъаткорона безатилган. Ахир бу масканнинг эгалари нозик таъб, нафис дидли адабиёт ихлосмандлари-да!
      Иқтидорли фарзандлари учун ҳамиша куюнчак туман хокими, вилоят раҳбарларидандир! Раҳмат.
    Ҳалима Худойбердиева шеърлари шоира орзулагандек, туронзамин қўнғироғи бўлиб асрлар оша жаранглаб тураверсин! 

Умида АБДУАЗИМОВА