Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»


Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири

   Бу воқеалар заррача тўқима эмас. Тўқима бўлса қанийди. Кундалик янгиликлар тасмасидан тез-тез ўтаётган бу каби ҳодисалар ортида Аллоҳ бахт учун яратган тирик инсонлар, дилларни эзаётган улкан уқубатлар, мусибатлар, ор ва уят турибди. Топталган соф туйғулар, таҳқирланган номус, булғанган инсон шаъни, миллати ва ўзининг тақдирига лоқайдлик, элнинг сароб кетидан асрлардан бери алданиб чопиши, ватан ва миллатга соҳибликнинг таназзули учун минг йиллаб йиғласанг арзийди.
   Ойгул... (исму шарифлар ўзгартирил­ган, чунки муддаомиз бир инсоннинг бошига тушган кулфатни кўз-кўзлаш эмас, миллатимизнинг бошида турган офатдан огоҳ этмоқдир). У туғилганда ота-онаси қанчалар қувонганини фарзанд­сизликни бошдан ўтказганларгина яхши­роқ англаса керак. Инсон учун энг катта қувонч зурёдли бўлишидир. Ўғил туғилса, ай­ниқса қувонамиз, чунки у вояга етса, қолган умримизда мададкор бўлади, Аллоҳнинг омонати бўлган, илиниб турган жонимизни топширган кунда тобутимизни кўтаради, деб қувонамиз. Қизимиз бизга меҳрибон бўлади, меҳрибонлиги онамизни эслатади, деб севинамиз. Аммо бир куни уни – ювиб-тараб катта қилган жонимизнинг бир парчасини жойини топиб узатиш пайида бўламиз.
   Агар қиз фарзандимиз болалигида, ўсмирлигида биров миллион ё миллиард берса ҳам, бировга бермаймиз, бироқ балоғатга етказгач, уни узатиш пайида бўла­миз, ҳатто сарф-харажат қилиб, мил­лионлар турадиган сарпо-суруқлар қўшиб бировга топширамиз. Агар совчи келавермаса, «қари қиз» бўлиб қолади, деб хижолат чекамиз, қўни-қўшни олди­дан ерга қараб ўтамиз. «Дод» деб юборгинг келади оламнинг шу равишига қараб...
   Қизнинг ўзи-чи? Унинг аҳволини ҳис эта оламизми?! Ота-онасининг олдида тенги чиқмаётганидан, ота эшигини бир талабгор тақиллатмаётганидан хижолатдай бош эгиб ерга қарайди, бу уйда насибаси қолмагандай, егани томоғидан ўтмай юради... Эй, кўзи сўқир дунё!
   Мабодо, тенги топилса ҳам, юрагимизни ҳовучлаб яшаймиз. Қайнота-қайнонаси қандай қабул қиларкин, куёвимиз қизимизга меҳрли бўлармикин ёки зуғум қилармикин?! Дўсту душманга, гоҳида подшоҳларга эгмаган бошимиз бор. Аммо энди қудамизнинг юзига, куёвимизнинг кўзига жовдираймиз. Вояга етказиб, тарбиялаб берган жигарбандимизни ўша уйда ҳали бегонадай яшаётганини ўйлаймиз. Аммо, бугун уйимизнинг тўрида турган онамиз, шу уйнинг соҳиби бўлган онажонимиз ҳам бир пайтлар шу хонадонга бегонадай кирганини, аёлимиз ҳам бегонадай кириб келганини, аста-секин уйнинг бекасига айланганини эсласак, балким таскин бўлар, билмадим. Аммо ўзи ҳам келин бўлганини унутган қайноналар оз эмас... Ҳақиқий эр шуни билиши керакки, қиз сенинг уйингга уйини, ота-онасини, ака-укасини, опа-синглисини ташлаб келган, энди бу хонадон унинг ҳам уйи бўлсин, ҳимояга муҳтож бўлса, оталик қилгин, меҳрга муҳтож бўлса, оналик қилгин, сирлашгиси келса, синг­лиси бўлгин, ёрдамга муҳтож бўлса, ака-укаси бўлгин, энди сен эрисан – буларнинг барисан...
   Ойгул... Уйига совчиларнинг қадами узилиб қолганига ҳам бир неча йил бўлган. Эзилиб юрган қиз бир куни интернетда, ижтимоий тармоқда ҳин­дистонлик йигит билан ёзишиб қолади. Исми «Амитабх» эмиш. Дарров эсига Ҳолливуд юлдузи Амитабх Баччан тушди. Ойдин юзли, жилмайиб турган суратига қараб, орзуланди, хаёлида ўзининг ҳаётини у билан ёнма-ён тасаввур қилди. Бир ойча ёзишиб юрди. Йигит Деҳлидаги кенг, гўзал уйларининг, боғлари ва мовий ҳовузларининг суратини жўнатди. Ойгул ўзини кошона уйларда яшаётган, боғларда кезган, тиниқ сувларда сузган ҳолатда хаёл сурди.
   Кейин хаёлларидан ўзига келиб, ён-атрофига қаради. Пайтини топиб, онасига гап очди. Онаси аввал хавотирланди, кейин нариги маҳалладан Туркияга кет­ган, у ерда аввал ишлаб юриб, бир туркка теккан, ҳар ёзда болалари билан келиб-кетадиган Хайрулло аканинг қизини эслади. Яқинда газеталарда ўқигани, Англияда яшайдиган араб лордга турмушга чиққан самарқандлик қиз ҳаётини эслади. Ҳозир дунёнинг у чети-бу чети бир қадам бўлиб қолди, деб ўйлади. Эрига ҳам тушунтирди.
   Оҳ, ота... Бир ёнда қизини бегона юртга узатилишидан хавотирланади. Иккинчи томондан, ёлғиз ўтмайди-ку бир умр, маҳалла-куй орасида ҳам гап-сўзлар барҳам топади, деб умидланди. Ҳиндистон ҳам ҳозир бир қадам, Бобурийлар қурган Тожмаҳал ўша ерда.
   «Бўлғуси куёв» қиз келишини, тўйга тайёргарлик қилишларини, бир ойдан сўнг ота-онаси ва қариндошларини ҳам чақириб, катта тўй қилишларини айтди, меҳмонларнинг харажатларини ҳам кўтаришини ёзди. Лекин келиннинг самолёт ва йўл харажати ҳақида ёзмади. Қашшоқ одамлар экан деб ўйламасин, кейин бир умр қизимизнинг юзига солмасин, деган фикрда қавму қариндошлар биргалашиб, қизга билет олишди, яхши кийинтириб, совға-салом билан учоққа чиқариб Деҳлига жўнатишди...
   Самолёт Ҳиндистоннинг юраги – Деҳлига қўнди. Аэропортда божхонадан ўтиб, кутиш залига бораётган Ойгул юраги дукиллаб ураётганини сезди. Интернетдаги суратни кўз олдига келтирди. Одамлар орасида суратдагига ўхшайдиганроқ, лекин қора бир йигитни таниди. «Сурати фотошоп дастурида оқартирилган бўлса керак», – деб ўйлади у. Ўзи ҳам расмларини ёшартирадиган дастурларда ишлаб, интернетга қўярди: «Ҳозир ҳамма шундай қилади...»
   Йигит кела солиб, қизнинг қўлидаги жомадонларни олиб ерга қўйди. Уни бир қучиб, бетидан ўпди-да, икки жомадондан бирини олиб йўл бошлади. Ташқарида қатор турган машиналардан ўтиб, бир мотоциклнинг олдига келишди. Қиз сўрамасидан, ўзи тушунтирди: «Йўлларда машиналар тиқини кўп бизда, машиналарим уйда, шуниси қулай...»
   Жомадонни орқага устма-уст жойлаб боғлашди-да, йигит мотоциклни бошқариш учун чамбарагини тутди, Ойгул орқасига мингашди. Гўзал бинолари бор кўчалардан ўтишди. «Ҳозир бизнинг уйга ҳам етамиз... Ота-онаси кутаётгандир. Мана шу курткасидан иссиғи бағримга ўтаётган йигит умр йўлдошим бўлади, бундан кейинги ҳаё­тим у билан...»
   Ҳашаматли уйлардан бири олдида тўхтайди мотоцикл деб ўйлади қиз. Лекин аста-секин мотоцикл шаҳарнинг четларига, пастқам уйлар томон кетди ва ҳувиллаган бир овлоқдаги уйга келди. Бу ерда йигитнинг ўзи яшаркан. «Ота-онам чет элликка уйланмайсан, деди. Уришиб қолдим. Шу ерни ижарага олдим», – деди «Амитабх».
   Уйга киргач, қилган биринчи иши – қизга ташланди ва уни зўрлади. Ойгулнинг кўз ўнгида юрти, она шаҳри ва ота хонадони, йўлга пул йиғиб, билет олиб берган қавм-қариндошлари келди. «Қай юз билан қайтаман?» – деб ўйлади. «Майли, уйи тор бўлсин, майли камбағал бўлсин, аста-секин оёққа турармиз...» – таскин излади ўзига. Эртасига йигит қайдандир ичиб келди ва мотоциклга миниб, «меҳмон»га боришларини айтди.
   Меҳмондорчилик ерида «куёв»нинг яна икки дўсти кутиб турган экан. Ой­гулни учта бўлиб навбатма-навбат зўрладилар. Йиғидан кўзлари лўқиллаб, тортқилашлардан бадани момоталоқ бўлиб кетди. Номус! Уят! Ҳушидан кетиб қолди, кейин туш кўрди: ўзини Тошкентда, маҳалладаги қўшни қизчалар билан кўчада ўйнаб ўтирган болалигини, отаси ишдан келганини, онаси овқатга чақираётганини кўрди, уларнинг ортидан юрай деса, оёғи юролмас, бадани зирқирарди... Кўзини очди. Ўлиб қолдими деган йигитлар кўзини очганини кўриб тинчланишди, унинг устидан қулфлаб, қаҳвахонага кетишди ва дўстлари билан қайтишларини айтишди.
   Ойгул... Осмонда ой хижолат, ғунча­ларинг юлинди, гуллигинг қолмади. У аввал ўзимни ўлдираман деб қарор қилди. Ўлдиролмади. Дунёнинг кажрафторлигидан додлаб йиғлай бошлади. Қўшнилардан кимдир эшитди, эшикни очолмадилар, деразани синдиришди. Ойгул чиқа солиб, полициянинг манзилини сўради...

ДАРВОҚЕ...

   Бу ёғини ахборот агентликлари ва халқаро радиоларнинг тасмаларидан келтирамиз: «Ижтимоий тармоқларга кўра, интернет орқали ҳиндистонлик йигит билан танишгани ортидан Деҳлига келган 31 яшар ўзбекистонлик қиз омма­вий зўрлаш қурбони бўлди». «Зўрлангани айтилаётган ўзбекистонлик аёл яқинларидан бирига кўра, аëл Facebook тармоғида ҳиндистонлик йигит билан виртуал танишиб жорий йилнинг июнь ойида Деҳлига борган». «Янги йил байрамидан кейин танишиб, ëзишиб юрувди ўша ҳинд йигит билан. Кейин қариндош-уруғ йўлкирасига пул бериб, олдиндан Деҳлига жўнатгандик. Шанба куни йиғлаб телефон қилди: «Мени калтаклаб зўрлашди» деб. Биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдик, аммо ҳали жавоб беришмади». «Ҳиндистондаги қатор нашрлар, хусусан етакчи телеканаллар ўзбек аëлининг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида 12 август куни маълум қилди. Деҳлида ўзбек аëлини оммавий зўрлашда айбланган уч кишидан иккиси қўлга олинди». «India-TV» мухбирининг воқеа юз берган жойдан туриб маълум қилишича¸ «ўзбек аëлни зўрлаган 3 кишидан 2 нафари душанба куни Деҳли ғарбидаги «Vasant Kunj» мавзеида қўлга олинган. «Аëлни зўрлаганлар сони 3 нафардан кўпроқ бўлиши мумкин» дейди телеканал мухбири. Ҳиндистондаги «Bharat AAJTAK» агентлигининг ëзи­шича¸ «Ўзбекистонлик аëлнинг севгилиси уни 10 август куни мажбуран ўзининг камида икки нафар дўстининг ëнига олиб борган. Душанба, 12 август куни ўзбекис­тонлик аëл полицияга берган аризасида ўзининг олдин калтакланиб, кейин зўрланганидан шикоят қилган». «Ўзбекистонлик аëлларнинг Ҳиндистонда омма­вий зўрланиши биринчи марта юз бера­ëтгани йўқ. 2017 йили ўзбекистонлик аёл Деҳлининг Масудпур туманида ўзининг собиқ йигити ва яна тўрт эркак томонидан дўппосланган ва жинсий зўрланган эди. Бу ўзбек аëли ҳам ҳинд йигити билан ижтимоий тармоқларда мулоқот қилгани ортидан ишқий муносабатларини бошлагани айтилган эди. 2015 йил ноябрида Ҳиндистоннинг Ҳаряна штатида ўзбекистонлик 27 яшар Шаҳноза Шукурованинг жасади топилган эди. Олти ойлик ҳомиласи бор Шаҳноза ўғирлаб кетилган ва ўлдирил­ган эди». Маълумотларга кўра, асосий айбдор 25 ёшли Харяна штатидан пойтахтга келган гуруграмалик йигит («бадавлат куёв») темир-терсак йиғиб, кун кўрган мардикор бўлган».

АЛАЛ-ОҚИБАТ...

   Биродарлар, хулосада бир нима дейиш учун тил айланмаяпти... Лекин уч-тўрт оғиз гапимиз бор.
   Биринчидан, «тақдири азал битиб бўлинган», «қалам кўтарилган» – қиз­ларимизнинг тенги пешонасига ёзилган бўлса, ўз фурсатида келади ва ҳеч кимнинг бировга маломат қилиш ҳақ-ҳуқуқи йўқдир.
   Иккинчидан, қиз бола ҳам фарзан­димиз – истаганича ота уйда ризқи ва ҳаққи-ҳуқуқи бордир. Унинг учун эшигимиз ҳамиша очиқ бўлиши керак. Олдинроқ бир воқеани ёзган эдик – эри аёвсиз калтаклаган ёш қелинчак, икки гўдагини олиб, кечда ота уйига келса, ота-она: «Қўни-қўшнининг олдида шарманда қилма... Бор, эрингникига қайт тонг отиб ҳамма кўрмасидан», – деб ҳайдаб солади. Аёл эса икки боласини бағрига босиб ўзини сувга отади. Ўша гап-сўзидан ҳайиқилган қўни-қўшнилар билан ҳали дунёга келиб, бир ёруғ кун кўрмаган болаларнинг юмшоқ таналарини ерга кўмадилар. Аллоҳ, бу берган омонат жонларнинг ҳаққини сўрамайдими Қиёматда?! Сўрайди! Тотувликда яшаганга ни­ма етсин! Лекин тотувлик бўлмаса, жаб­ру зулм бўлса, қизимиз уйимизга сиғсин. Калтак еб ўлганидан кўра, эрсиз бўлса-да, бу дунёда яшаб юргани мақбул эмасми?
   Учинчидан, ­такрор айтамиз, жон – Ал­лоҳнинг омо­нати, бир инсоннинг жо­нига тажовуз қилиш – бутун инсониятга тажовуз қилишга баробар гуноҳ саналади. Худ­ди шундай, кўнгил – Аллоҳнинг жойидир. Бир инсоннинг кўнглини вайрон қилиш – Каъбани вайрон қилиш билан баробардир, деган гап шунчаки гап эмас. Бу Аллоҳнинг иродаси­дир. Пирларимиз «Қўл – ишда, кўнгил – Ал­лоҳда», – деганлари ҳам чиройли гап қилиш учун айтилмаган. Инсоннинг қалбига дунё ва дин бирдек жойлаша олмайди, қалбида заррача кибри бўлган инсон қалбига Аллоҳ кирмайди, дейдилар. Бир-биримизга яхши сўзларни айтсак, ноҳақ бир кўнгилни вайрон қилмасак эди. Шу жумладан, заифа қизларимизнинг қалбларини вайрон қилмайлик на аччиқ сўз билан, на ҳирсли кўз билан, на бир зарра жаҳлдор қараш билан...
   Тўртинчидан, интернет ҳақида айтамиз. Ижтимоий тармоқлар инсонлар дардларини очиқ айта олсин, деб саҳифаларни истаган исмда ва истаган сурат билан очиш имконини беради. Шу туфайли кекса одам ёшликдаги суратини қўйиб ҳам ё бошқа бир ёшнинг суратини қўйиб ҳам очаверади. Эркак киши номидан очилган саҳифа ортида аслида аёл турган бўлиши мумкин, қиз деб хат ёзаётганингиз аслида эркак томонидан очилган бўлиши мумкин. Кампир ёзаётган бўлади 18 ёш қизнинг сурати ортида, мункиллаган чол ёзаётган бўлади навқирон спортчининг суратини қўйиб аккаунтида... Танимаган одам билан ёзаётгани учун ота ўз қизига ишқ изҳор қилиб қўйиши мумкин, ўғил онасига сўлаги оқиб, мактуб битаётгандир... Билмаган одамлар билан яқин танишиб кетиш, қолаверса, ўзининг тақдирини бегонага, баъзан ҳатто дунёнинг бошқа мамлакатидаги нотанишга топшириш, ҳатто тану жонини ҳавола этиш аянчлидир.
   Интернетдан қайтармоқчи эмасмиз ва қайтариб бўлмайди ҳам. Интернетнинг минглаб фойдали томонлари бор. Пичоқ билан тарвуз кесиш ҳам мумкин ёки одам сўйиш ҳам имконлидир. Ҳамма гап пичоқ ушлаган инсоннинг қалбидадир. Интернет ҳам шу – турли инсонларнинг қўлидаги бир воситадир. Ўз эҳтиётингни қилганинг, Аллоҳ берган омонат жонинг­нинг қадрини билганинг дурустдир.

Карим БАҲРИЕВ, журналист.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот