Гулчеҳра Нуруллаева (1938 - 2021)


    Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йил 29 июнь куни Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. 1946–1956 йилларда ўрта мактабда ўқиб, уни олтин медаль билан тугатган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика бўлимини аъло баҳоларга битирган (1956–1961). Олий ўқув юртини тамомлагач, “Ўзбекистон хотин-қизлари” (ҳозирги “Саодат”) журналида адабий ходим, бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган (1961–1967). Сўнгра Москвадаги олий адабиёт курсида таҳсил олган (1967–1969). Олий адабиёт курсини тугатгач, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир (1969–1970), Осиё ва Африка мамлакатлари таржима асарлари таҳририяти муҳаррири (1970–1971), “Саодат” журналида масъул котиб (1976–1976), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1981–1983, 1985-1986), “Юлдузча” нашриётида директор (1986–1987), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби (1991–1993) вазифаларида ишлаган.
  “Мен унинг шеърларини ҳамма вақт ўқиб, кузатиб бораман, – деб ёзган эди Саида Зуннунова. – Шоира ҳиссиётидаги нафислик, теранлик, аёл қалбига хос майинлик ҳамма вақт мени хурсанд қилади. Гулчеҳра шеърлари устида қунт билан ишлайди. Бу унинг сатрларининг пишиқлигидан, янги, чиройли образлар топа билишидан кўриниб туради”.
  Гулчеҳра Нуруллаеванинг ижоди асосан 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами 1965 йилда “Қуёш табассуми” номи билан чоп этилади. Шоиранинг “Орзуларим қоқади қанот” (1969), “Ташнаман” (1972), “Иккинчи баҳор” (1973), “Лирика” (1975), “Лети, моя мечта” (1972, рус тилида), “Бағишлов” (1977), “Пахта ҳиди” (1981), “Нурли нуқталар” (1986), “Муҳаббатнинг суврати” (1988) каби тўпламларига кирган ўнлаб, юзлаб шеъри ўзининг оташ нафаси, даъваткорлиги, самимий ва исёнкор руҳи билан ўз халқи юрагидан чуқур жой олган.
 Шунингдек, Гулчеҳра Нуруллаева ўзбек хотин-қизларининг меҳнати ва бахтини тараннум қилган қатор очерклар муаллифидир.
  Гулчеҳра Нуруллаева 2019 йилнинг 9 май куни Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони (олтин медали) билан тақдирланган.
  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира - Гулчеҳра Нуруллаева 2021 йил 83 ёшида вафот этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот