Сайди Умиров вафот этди


   Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, адабиётшунос, мунаққид, мақоланавис, педагог - Сайди Умиров  82 ёшида вафот этди.
   Устоз олимнинг оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ва шогирдларига таъзия билдирамиз.

   Маълумот: Сайди Умиров 1938 йили 10 февралда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида таваллуд топган. 1960 йилда СамДУ филология факултетини тугатиб, “Фан ва турмуш” журналида фаолият бошлаган. 1965-1967 йилларда ЎзФА Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди ва “Абдулла Қаҳҳор прозасида характер ва шароит тасвирида бадиий деталнинг ўрни” мавзуида диссертация ёқлаган.
   Сайди Умиров қирқ йилдан зиёд ЎзМУ, ЎзДЖТУ журналистика факультетларида доцент, декан муовини, декан, кафедра мудири лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Олтин қалам” совриндори.
   Сайди Умиров матбуот, радио, телевидениеда, тўпламларда эълон қилинган 600 дан ортиқ мақола, тақриз, очерк, суҳбат, эшиттириш, кўрсатувлар, “Миллий адабиётлар ривожида танқидчиликнинг роли”, “Санъатнинг сеҳрли калити”, “Даъваткор сўз”, “Солланиб оқаётган дарё”, “Дорилфунлар тақдиримда”, “Толибнома”, “Зиёбахш умр саҳифалари” (кейинги иккиси ҳаммуаллифликда) китоблари билан жамоатчиликка яхши таниш. “Маънавият мулкига саёҳат” китоби чоп этилиш арафасида. Мақолалари Қозоғистон, Германия, Россия сингари давлатларда нашр этилган. У Ёзувчилар, Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси эди.