Инглиз олимлари соч оқариш сабабини топишди


 
Инглиз олимлари соч оқариш сабабини топишди

     Британиялик олимлар 6 минг кўнгиллиларнинг ДНКдан намуна олишди. Сочнинг оқаришига сабабчи бўладиган ирсий омилни ниҳоят топишга муваффақ бўлишди, дея хабар бермоқда "Корреспондент" интернет нашри. Эндиликда, бу кашфиёт туфайли  соч оқариши ва у билан боғлиқ табиий кексайиш жараёнини секинлаштириш ёки маълум муддатга тўхтатиш имкони ҳам топилиши мумкин, дея умид қилишмоқда олимлар. Тадқиқот натижалари Nature Communications нашрида чоп этилган. IRF4 ирсий омили соч, тери ва кўздаги меланин табиий бўёғига боғлиқ экан. Эҳтимол, соч оқаришига фақатгина шу ирсий омилнинг ўзигина  сабабчи бўлмаслиги ҳам мумкин (гарчи, асосий оқартирувчи шу бўлса-да), аммо бу кашфиёт олимларнинг мазкур муаммо ва масала юзасидан кенг миқёсда илмий ишлар олиб боришларига имкон яратиб берди. 
     Тадқиқот раҳбари Каустубх Адхикари жумладан  шундай деди: "Соч тўкилиши ва каллик, соч рангига масъул ирсий омиллар бизга маълум, аммо одамларнинг сочи ва тукларининг оқаришига сабабчи бўлган ирсий омил биринчи маротаба аниқланди. Бу ирсий омил, шунингдек, соч шакли ва мустаҳкамлигига ҳам жавоб беради".
 
Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади