Ўзбек адибларининг асарлари Озарбайжонда ҳам севиб ўқилмоқда


Адабий дўстлик турли халқ ва мамлакатларни кўнгил риштаси билан боғлайди.

     Шунинг учун ҳам адабиётни сарҳад ва макон танламас қудрат манбаи, эзгулик тимсоли деб тушунамиз. Ахир улуғларимиз "Адабий дўстлик - абадий дўстлик",  деб бекорга лутф қилишмаган.  Дунё халқлари қалбига нур олиб кираётган бу қутлуғ тушунча мангуликка дахлдор. Яъни, адабиёт ҳамиша мангулик уйининг эзгулик эшигини очади. Бу ёруғ уйда доимо дўстлик ва биродарлик туйғулари мавж уради.
     Бугун Озарбайжонда ҳам кўплаб ўзбек адибларининг озар тилига ўгирилган  асарлари китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда. Ўзбекистонлик икки таниқли ижодкор, ўзбек адабиётидаги жуфт қанот инсонлари нафақат ўз юрти Ўзбекистонда, балки Озарбайжонда ҳам иззат-ҳурмат,  эътирофга лойиқ ижодкорлардир. Гап севимли ўзбек адиби Қўчқор Норқобил ҳамда истеъдодли шоира Хосият Рустамова ҳақида бораяпти, албатта. 
     Ўз юрти ва халқи учун ардоқли бу икки ижодкор асарлари бугун Озарбайжонда кенг тарқалганлиги, уларнинг шеър  ва ҳикоялари халқларимиз босма,  электрон нашрларида мунтазам чоп этилаётганини фахр билан эътироф этамиз. Яқинда Қўчқор Норқобилнинг Озарбайжонда чоп этилган китоби асосида "Беш бева ва бир бошлиқ" мусиқали комедияси намойиш этилди. Жаъфар Жабборли номидаги Ириван Озарбайжон Давлат драма театрининг 140-мавсуми  ушбу мусиқали комедия билан очилди. Мазкур саҳна асарини озарбойжонлик томошабинлар олқишлар билан кутиб олишди. Машҳур адиблар, санъат дарғалари ва давлат арбоблари эътироф этган мазкур комедия озар  халқининг ҳам маънавий мулки бўлиб қолиши шубҳасиз.
     Хосият Рустамова эса Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг ҳам аъзоси. Унинг қатор китоблари Озарбайжонда чоп этилган. Шоиранинг озар халқи қалбидан чуқур жой олган китоблари бугун китобхонлар орасида қўлма-қўл ўқилаяпти. Ўтган йили Бокуда унинг "44 кун" деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. "Исми Лала эди у қизнинг" достони Озарбайжондаги олий ўқув юртлари талабалари томонидан севиб ўқилмоқда. Озар халқининг бугуни ва келажаги учун қайғудошлик ҳисси мавж урган бу мунгли достон бугунги кунда ҳар бир миллатдошимиз қалбидан чуқур жой олди. 
     Бундан ташқари, Хосият Рустамова раҳбарлигида чоп этилаётган "Китоб дунёси" газетаси орқали ҳам Озарбайжон адабиёти ва маънавий ҳаётига жуда кенг ўрин берилмоқда. Биз ушбу газетани худди ўз нашримиз каби қабул қиламиз. Яқинда Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият масалалари қўмитаси, Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Маданий Маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Кинемотография Агентлиги  "Рамсел-Фильм"  студияси ҳамкорлигида таниқли шоира ижоди ва фиолиятига бағишланган "Хосият" деб номланган бадиий - ҳужжатли фильм тасвирга олинди. Фильм премьераси Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Маданият Марказида намойиш этилди.
     Озарбайжоннинг қатор адабий мукофотлари совриндори Хосият Рустамованинг "Калит" деб номланган  икки халқ маънавий ҳаёти билан  чамбарчас боғлиқ драмасининг Бокуда саҳналаштирилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
     Очиғини айтганда, ўз халқи ва ўзга халқлар  қалбига ҳарорат олиб кириш, адабиёт майдонида севикли ва ардоқли ижодкор мақомида собит туриш осон эмас. Бунинг учун ижодкор қалбида умуминсоний ғоялар юксак даражада шаклланган бўлиши лозим. 
     Халқларимиз қалбида маънавият бўстони барқ уриб яшнашида бебаҳо ҳисса қўшаётган бу оилани нафақат Ўзбекистоннинг, Озарбойжоннинг ҳам ўзбек оиласи деб биламан!
     Адабий  дўстлигимиз абадий бўлсин!

     Самир АББОСОВ,  Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон  Маданият маркази директори.
Манба: https://uza.uz/uz/posts/ozbek-adiblarining-asarlari-ozarbayzhonda-ham-sevib-oqilmoqda_382763










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот