Одил Ёқубов (1926 - 2009)


   Ўзбекистон xалқ ёзувчиси - Одил Ёқубов 1926 йилнинг 20 Октябрь куни Қозоғистон Республикаси Чимкент вилояти Туркистон туманининг Қарноқ қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. 1944 йилда ўрта мактабни тугатиб, 1945—1950  йилларда  Қизил Армия сафида хизмат қилган. Ёш аскар совет-япон уруши муҳорабаларида иштирок этган.
   1951—1956 йилларда у Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг филология факультетида ўқийди. 1955-1959 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, «Литературная газета»нинг (1959-1963, 1967-1970) республикамиздаги махсус мухбири, «Ўзбекфильм» киностудиясида ва Республика кинематография қўмитасида бош муҳаррир, Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир (1970—1982) ўринбосари бўлиб ишлаган. Сўнгра «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномасининг (1982—1989) бош муҳаррири бўлиб хизмат қилган. 
  Одил Ёқубовнинг биринчи йирик асари — «Тенгдошлар» повести 1951 йилда босилиб чиққан. Унинг «Чин муҳаббат», «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди» (1958) каби комедиялари Ҳамза номидаги ўзбек академик драма театри саҳнасида қўйилган. «Юрак ёнмоғи керак» (1957), «Олма гуллаганда» (1960), «Музаффар Темур» (1996), «Бир кошона сирлари» (2000) каби пьесалари, «Дилбарим», «Баҳор ёмғирлари» киноссенарийлари (1971) муаллифи. 
   1956 йилда «Икки муҳаббат» номли насрий асарлар тўплами нашр этилган. «Бир фелеътон» қиссаси (1961), «Муқаддас» (1963), «Қанот жуфт бўлади» (1969), «Биллур қандиллар» (1975) каби қиссалари чоп қилинган. Одил Ёқубовнинг «Эр бошига иш тушса» (1969) номли  романи Улуғ Ватан уруши  йилларидаги воқеликни акс эттиради.
   «Қанот жуфт бўлади»  (1969)  повести врачлар, меъморлар,  ишчилар   мавзуи  билан  бирга  мураккаб ижтимоий ва ахлоқий муаммоларни ҳал этишга бағишланган. Муаллиф унда равшан, эсда қолувчи образлар яратган. «Излайман» повестида 1945 йил япон милитаризмига қарши кураш воқеалари акс эттирилади. У маълум маънода автобиографик асар ҳамдир. Чунки, муаллифнинг ўзи ўша воқеаларнинг жонли гувоҳи.
   Ёзувчи «Улуғбек хазинаси»  романида (1974) улуғ ўзбек  астрономи Улуғбек ва унинг ўғли   Абдуллатиф  ўртасидаги зиддиятларни кўрсатиб, прогрессив ва реактсион кучлар орасидаги курашларни тасвирлайди. Романда Улуғбекнинг истеъдодли шогирди, машҳур олим Али Қушчининг ҳам улуғвор образи яратилган.
   Бошқа бир йирик асари —  «Кўҳна дунё» романида Ўрта Осиёнинг икки  буюк  алломаси  Беруний ва  Ибн Сино ҳаёти ва фожеали тақдири қаламга олинади. Уларнинг жаҳон илми-фани тараққиётига қўшган буюк ҳиссаларини умумлаштиришга интилади. Шунингдек, Одил Ёқубов   замонавий   мавзуларда   ҳам   «Диёнат» (1973), “Оққушлар,  оппоқ қушлар” (1988) каби йирик полотнолар яратган. Агар ёзувчи ўзининг «Диёнат» романида адолатнинг ноҳақлик, тубанлик устидан ғолиб келишини кўрсатса, «Оққушлар», оппоқ қушлар» романида эса турғунлик даври иллатларини, илдизи ва оқибатларини рўйи-рост гавдалантириб бера олган. Ҳар икки ҳолда ҳам замондошларимизни маънавий,  ахлоқий покизаликка даъват этади.
   У моҳир таржимон,  мунаққид, публицист сифатида ҳам ижод қилган.
   Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985) Одил Ёқубов Меҳнат Қизил Байроқ ордени ҳамда Япония устидан қозонилган ғалаба учун медали билан тақдирланган. «Улуғбек хазинаси» романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.
   Ижодкор, муҳаррир, носир, Ёзувчилар уюшмаси бош котиби вазифаларида хизмат қилган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси (1991 йилдан) ва Марказий Осиё xалқлари маданияти Ассамблеясининг биринчи вице-президенти (1995 йилдан) лавозимларида ишлаган.
   Унинг Аблулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Аблулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов ва бошқалар ижодига бағишланган адабий портрет ва мақолалари бор. Асарлари чет тилларга, шунингдек, қардош туркий xалқлар тилларига таржима қилинган. Ёқубов ижоди ҳақида адабиётшунослар Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Леонид Теракоян, Умарали Норматов, Норбой Xудойберганов, Ботир Норбоев ва бошқалар илмий тадқиқот ишлари қилишган.
   Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), «Дўстлик» (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (1998) орденлари билан мукофотланган. 
   Одил Ёқубов 2009 йил 21 декабр куни Тошкент шаҳрида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот