Ўзбек актёрлари - Болливуд фильмида!


Ўзбек актёрлари - Отабек ва Мўмин Болливуд фильмида!

   

     Ҳиндистон кино ижодкорлари томонидан “Khuda Haafiz” (Худо паноҳида) деб номланган фильм суратга олинаётгани ҳақида эшитган эдим. Қизиғи шундаки, ҳиндлар билан ҳамкорлик қилаётган продюссер ва режиссёр йигитнинг исм-шарифи таниқли хонанда ва телебошловчи - Шуҳрат Қаюмов билан бир хил. Дастлаб, фильм ҳақида кастинглар бўйича раҳбар, актриса ва хонанда - Олеся Недобегова де Сан Жермен бу ҳақда айтганида, наҳотки Шуҳрат Қаюмов энди режиссёрлик ҳам қилаётган бўлса деб бироз таажжубга тушдим. Кўрганимда эса, бошқа инсон экан. Фақат унинг кўзларини қаердадир кўргандек эдиму аниқ эслай олмаётгандим. Хуллас, воқеалар ривожи Ҳиндистон ва Покистонда бўлиб ўтади. Табиийки, ролларни ижро этиш учун покистонликлар ҳам керак бўлади. Покистонликлар билан муносабатлари жуда қалин бўлмаганлиги сабабли, улар рол ўйнаб бериши қийинлиги барчага бирдек тушунарли бўлса керак. Биз мусулмон бўлганлигимиз ва покистонликларга ўхшаб кетишимиз сабабли Ўзбекистон ва ўзбек халқини танлашган бўлса керак деган хулосага келдим.

     Мени қувонтирган жиҳати яна шунда бўлдики, Муқимий номидаги Давлат мусиқали театрининг истеъдодли актёри - Отабек Ҳақбердиев ва киноактёр - Мўмин Ризо ҳам шу фильмда суратга тушишаётган экан.

     Отабек Ҳақбердиевдан Шуҳрат Қаюмов машҳур "Абдуллажон" фильми ижрочиси эканини эшитгач, ўша ёш бола катта йигит бўлгани ва ҳозирда режиссёр эканини билдим.

     "Ўзбекистон тарихи" телеканали бош муҳаррир ўринбосари, таниқли кино ва театр журналисти - Шоҳира Ҳамро Зулфиқор Мусоқов суратга олган "Абдуллажон" фильмидаги Абдуллажон ролини ижро этган - Шуҳрат Қаюмов таниқли режиссёр - Малик Қаюмовнинг невараси ва Темур Қаюмовнинг ўғли эканлигини ҳам билиб олдим.

     Яна қизиқ томони, кастинглар бўйича раҳбар - Олесянинг таклифига кўра мазкур фильмда Покистон полиция маҳкамаси комиссарининг ўринбосари ролини ўйнаш бахтига мушарраф бўлдим. Роль албатта, кичик, эпизод, яъни 2-3 дақиқа кўринади холос. Ҳиндистон полиция маҳкамасининг бошлиғи Покистон полиция маҳкамаси бошлиғи билан учрашишга келганда, уни кутиб олиб, хонага олиб боришдан иборат. Мўмин Ризо эса эса унинг тансоқчиси. Режиссёр - Фарруҳ Кабир ва продюсер Сатиш Шарма билан ҳам танишиб олдим. Қувонарлиси, Олеся ва Шуҳратнинг ёрдами туфайли Фарруҳ сайтимиз учун интервью беришга рози бўлди. Режиссёр Фарруҳ Кабир Ҳиндистоннинг машҳур "Panorama Studios" кинокомпаниясида ишлар экан. Тез орада мазкур интервьюни ҳам эътиборингизларга ҳавола қиламиз. Қолган тафсилотлар билан СИЗларни кейинроқ батафсил таништирамиз!

Музаффар Муҳаммадназар