АДАБИЁТ ҒОЛИБ ЖОЙДА ЖАҲОЛАТ МАҒЛУБДИР


АДИБ ВА ЖАМИЯТ

ИНСОН, ИЖОД ВА АДАБИЁТ ҲАҚИДАГИ СУҲБАТ.  

АДАБИЁТ ҒОЛИБ ЖОЙДА ЖАҲОЛАТ МАҒЛУБДИР
Адиб Қўчқор НОРҚОБИЛ билан суҳбат

– Афғон уруши мавзуси ижодингизнинг катта қисмини ташкил этади. Ўзингиз ўша жангларда қўлда қурол билан қатнашгансиз. Айтинг-чи, шу муҳорабагача сизда ёзувчи, ижодкор бўлиш орзуси бормиди? Ёки уруш жараёнидами, урушдан кейинми, жанггоҳларда кўрган-кечирганларингизни ёзиб қолдириш нияти қалбингизда ниш отиб, ёзувчи бўлишдек машаққатли йўлни танладингизми?
– Бу мавзунинг менга бунчалар “ёпишиб” олгани ўзимнинг ҳам дилимни хира қилади. Ўша ёқдан келган пайтимда бошимдан кечирганларимни, кўрган-билганларимни қоғозга тушираман, битта қиссами, нимадир ёзаман, бас, кейин йиғиштираман, нима кераги бор ўз ўтмишимни қўқилаб, уруш дарди кимнинг газагига дори, деб ўйлаганман. Шундай бўлди ҳам: “Дарё ортидаги йиғи” қиссамни тугатдим, очиғи, ўшанда Ремарк асарларини ўқимагандим, нимани билсам, нимаики кўксимда тош қотиб, оғриқ бериб турган бўлса, ўшани ёздим. Жуда тез, кеча-кундуз ёздим, бир ҳафтага ҳам чўзилмади. Вассалом, қутулдим, деб енгил тортдим.
– Қисса 1992 йили, талабалик пайтингизда “Шарқ юлдузи”да босилган эди...
 – Ҳа, кейин китоб бўлди. Сўнг сезиб қолдим, мен ҳамон уруш ичида юрган эканман, у ёқдан “қайтиб келмаганимни” пайқадим. Ана энди, бу ғалва оғир кечди: ахир, мен бўлди, “дарё орти”га энди юз бурмайман, деб ўзимга сўз бергандим-ку... Севги-муҳаббат ҳақида гўзал шеърлар, қисса ва ҳикоялар ёзишим керак эди-ку. Ремарк, Хемингуэй, бошқа “уруш адиблари”нинг китоб­лари қўлимга тушди. Ишонасизми, Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” асарини ўқиб ҳайрон қолдим: аскарлар ҳаёти, жанг манзаралари, тўқнашув олдидаги ўлик сукунат, ажал сари югураётган шўрлик ўғлонларнинг ботинини тит­ратган лаҳзалик қўрқув ва карахтлик, уларнинг ақлдан озиб телбанамо қичқириб, рўпарасидаги ўзи каби инсонга тап тортмай ўқ узиб бемалол ўлдиравериши... ва муҳорабадан сўнг ҳазил-муто­йибалар, хандақда паналаб жангкосадаги овқатни ҳеч нарса бўлмагандай очкўзларча паққос туширишлари — бари-бари менинг ёзганларимга ўхшаб кетарди. Ахир, “Ремаркнинг уруши” дунё­нинг бошқа бир бурчагида содир бўлган-ку, афғон қаёқдаю Европа қаёқда. Ўшанда урушлар қачон, қаерда содир бўлмасин, моҳияти жиҳатидан бир-биридан асло фарқ қилмаслигини ҳис этдим: одам боласи фақат тирик қолиш ғамида адойи тамом бўлади, ҳар куни жангга кираётиб Яратганга тавалло қилади. Ўлмаслик, ўққа учмаслик учун Худога ич-ичидан ёлворади, олисларда ўлиб кетгандан кўра ҳеч бўлмаса, ярадор бўлса ҳам майли, ўз уйи­га омон қайтишни истайди. 
   Болалигида ит ё сигир ёки бошқа бирор ҳайвон ҳамласидан қаттиқ қўрқиб юрагига оғриқ чўккан кишини, бу қўрқув кейинчалик ҳам таъқиб қилаверади, шунчаки қутқулар, майда-чуйда воқеалар ёддан чиқиб кетади, албатта, ҳалиги, чин қўрқув, юрак ўйноғи қилган ваҳиманинг изи ва заҳри эса шуурида сақланиб қолади. Энди урушни тасаввур қилинг, унинг фожеаси, энг аввало, одам фарзандининг қалбини ярадор қилади, қалбингга кўтаришинг маҳол оғриқ кирадики, сен уни кейинчалик ҳам умр бўйи олиб юришга мажбурсан. 
– Сиз мактабда ўқиган – ўқувчилик пайт­ларингизда шеър, ҳикоя, мақолаларингиз туман, вилоят, республика газеталарида чиқиб турарди.
– Ҳа, болалигимда шеърлар ёзардим. Ўзимча ҳикоялар ҳам қоралаганман. Мактаб пайтида болалар нашрларида чоп этилган. Талабаликда ҳам ижодга иштиёқим бор эди. Республика рус тили ва педагогика институтининг биринчи курсини тамомлагач, ҳарбий хизматга жўнатилдим. У пайтлар институт талабаси бўлсанг ҳам армия­га олиб кетишарди. Билмайман, тасодифми ё бошқами, ётоқхонада афғон урушида иштирок этиб қайтган йигитлар билан бир хонада турганман. Қорақалпоғистонлик Қурбон ака билан Карим ака мендан ёши улуғ, анча босиқ, вазмин йигитлар эди. Улардан аҳён-аҳёнда афғон ҳақида сўрардим, лекин тайинли жавоб эшитмасдим. Гапни бошқа ёққа буришарди. Очиғи, юрагимда ваҳима ўрларди: мени ҳам афғонга юборишса-я... Йўқ, дердим ўзимга ўзим, мен бош­қа ёққа, Россиягами ё Германиягами кетаман. Мени урушга олишмайди... Ҳа, мен афғонга боришдан қўрқардим, яқиндагина қишлоғимизга афғондан мендан икки ёш катта Норбой полвоннинг то­бути қайтган эди. Армия сафига тайёр биз каби ўғлонларнинг ота-оналари болам урушга кетмасин, деб жон ҳовучлаб туришарди. Бироқ негадир менинг миямдан ланъати афғон уруши манзараси нари кетмай қолганди. Қандай манзара денг: мен тоққа қараб ўрмалаб бораяпман, қаршимда улкан харсанг. Мен шу харсанг сари эмаклайман, бошимда эса ҳавони йиртиб ва ёниб ўқлар учаяпти. Тош панасига беркинаман. Тошга рўпарамдан отаётган душман ўқлари келиб тегади. Мен осмонга қарайман... бўлди шу. Ҳа, фақат шу жонли картина. Айланиб-ўргилиб шу манзара хаёлимда гавдаланаверади денг. Ҳарбий чақирув комиссия­сидан ўтганимдан сўнг ҳалиги хонадош акаларимга айтдим: “Мана, мен ҳам кетадиган бўлдим...”. Улар бирпас саросималанишди: “Қаёққа юборишаркан?” “Чехословакияга дейишаяпти”. “Зўр-ку!” – хурсанд бўлишди. 
– Ҳарбийда Чехословакияда ҳам бўлганмисиз?
– Йўқ, номард офицер мени алдаган экан, уч ой Туркманистоннинг чўлида “тарбиялаб”, афғонга жўнатиб юборишди. Энди гапнинг қизиғини эшитинг: орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, не бир жангу қиёматлардан сўнг (орада икки марта яраландим), бизни Пули Хумри деган жойга жангга ташлашди. Ишонасизми, мен тоғ ён бағирлаб эмаклаб олдга интилаяпман, рўпарамдан кўз очирмай ўт очишаяпти, тепамдан ёнар ўқлар учади. Бир амаллаб қаршимдаги харсанг панасига ўрмалаб бордим, душман мени кўриб тургани аниқ. Улкан тошга ўқлар чийиллаб тегади. Мен елкамни ерга бериб ётдим-да, бир лаҳза ғайришуурий тарзда осмонга қарадим... Кейин артиллериямиз ишга тушди. Тоғ тепасини нишонга олиб снаряд ёғдирди... Артиллерия менинг, бутун взводнинг жонига ора кирди. Худо шоҳид, мен юқорида ётоқхонадалигимда, талабалик чоғим, ҳали афғонга келмай туриб хаёлимга ўрнашиб қолган манзара ҳақида гапирдим-ку, мен ўша манзаранинг айнан ўзгинасини кўрган эдим. Ҳа, айнан ўзини. Тўғри, жанг пайтида, ундан кейин афғондалигимда ҳам бу нарса хаёлимга келмади. Орадан йиллар ўтиб, бир ҳикоя ёзаётиб, яъни ўша жангда қурбон бўлган қуролдошимни хотирлаб, ўйга ботганимда ўрнимдан сапчиб туриб кетдим: ахир, мен ўша манзаранинг худди ўзгинасини талабалик пайтимда хаёлимдан ўтказмаганмидим, наҳотки, инсоннинг қисматига битилган воқеа гоҳида унинг тасаввурида олдиндан акс этса? Бу ҳолни изоҳлаб беролмайман. Фақат бир нарсани иккиланмай айтаман, уруш ҳақида ёзишни, сиз айтган, ёзувчиликнинг машаққатли йўлини ўзим танламадим, ўша йўлнинг ўзи мени танлади. Яъни бу, урушдан қайтган одам урушни ўзи билан бирга олиб қайтади, деган гап. 
   Қисматига ёзувчилик битилган киши учун эса бу нақадар оғир юк. Қоғозга тўкилган ҳар бир сатр унинг қалбига чўккан оғриқнинг маълум бир қисмидан халос этади. Шунинг учун ҳам мутлақо бошқа мавзулардаги ҳикояларимда ҳам баъзида уруш оғриғи сезилиб қолади, буни мен эмас, шикаста қалбимнинг ўзи қўшиб юборади. Албатта, сиз яхши биласиз, ижод – сирли жараён. 
– Тажрибали ёзувчи сифатида айтинг-чи, уруш тўғрисида ёзишнинг энг оғир жиҳати нимадан иборат?
– Энг оғир жиҳатими? Ҳақиқатни ёзиш. Қанақа ҳақиқат? Ким кўрган урушда ҳақиқат бўлганини? Урушдаги ҳар қандай ҳақиқат ҳозиргина қурбон бўлган жангчининг юмуқ кўзларида қотган ярим томчи ёшга арзимайди. Унинг ортидан уввос солиб, осмонни ёргудек фарёд чекадиган онаизорнинг зор қақшашига арзимайди бу ҳақиқат. Урушда одам фарзандининг ўз қўлидаги қуролдан фарқи қолмайди, ҳа, одам қуролга айланади. Ҳиссиз, метин, юраги йўқ бир тошга дўнади, агар шундай бўлмаса, у илк жангдаёқ уваланиб-йитиб, йўқ бўлиб кетади. Ичини тирнаб, қириндига айлантираётган қўрқув унинг жон томирларини узиб ташлайди. Жангчининг ягона маслаги шу бўлади: “Сен ўлдир, ўлмаслигинг учун ўлдир, йўқса сени ўлдиради...”. Даҳшат-а! Уруш ҳақида ёзишнинг оғир томони – яна ўзинг унинг гирдобига тушасан, ўлдирасан, яраланасан, ўласан, қон кечасан, инсонмидик биз, ким эдик, деган саволлар исканжасида тўлғонасан. Инсон эдик, дейсан, ўзингни овутиб. Унда ўша инсонлигингни, инсоний изтиробларни ёз, дейди ичингда кимдир. Энди буёғига бардош беришнинг ўзи бўлмайди, уруш ичида қолган инсоннинг орзу-истаклари, ўй-хаёллари сени азобга солади. Урушда ҳамма жанглар оғир кечади, лекин барча жанглардан оғири инсон ўзининг ИНСОНлигини йўқотиб қўймаслиги учун гоҳида ўзи билан ўзи ҳам жанг қилишидир. Уруш одамининг қалб изтиробларини қоғозга тушириш учун, энг аввало, сенинг қалбингда ҳам худди шундай азоб-уқубат чўкиб ётган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, дераза ойнасига бир тош келиб тегса, чил-чил синиб, синиқлари ҳар томонга сочилади. Муҳораба ўпқонидаги чирпирак одамнинг ҳам аъзойи танаси худди ойна синиқлари каби ҳар ёнга сочилади, агар у тирик қолса, жангдан сўнг ўз “синиқларини” териб, вужудини “бутлаб”, минг бир машаққатда ўз ҳолига қайтади. Бу ўнгланиш ҳолатини ҳам чуқур ҳис қилмасанг, уруш ҳақида ҳеч нарса ёзолмайсан. 
   Уруш ҳақида ёзишнинг оғир ва оғриқли жиҳати мана шунда. 
– Уруш фожеаларини фош этувчи асарлар билан урушнинг олдини олиш мумкин бўлганда эди, инсоният Иккинчи жаҳон урушига келмаган бўларди. Бу улкан муҳорабадан кейин дунё адабиёти қайта-қайта бонг ураётганига, бот-бот огоҳлик қўнғироғи чалинаётганига қарамай, башариятнинг катта маданий қисми урушга қарши бўлгани ҳолда, ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўп ҳудуд ва нуқталарида катта-кичик миқёсда қирғинбаротлар давом этмоқда. Нима, адабиётнинг овози керакли жойга етиб бормаяптими? 
 – Адабиётнинг овози ҳамма ерга етиб боради. Фақат уни нафс ва очкўзлик васвасаси кару кўр қилиб қўйган жоҳиллар эшитмайди. Ҳамма замонда ҳам бўлган: олғирлик, такаббурлик, бошқалар устидан ҳукмронлик қутқуси қонини кўпиртирган сиёсатдонлар томонидан яратилган чиркин мафкура бўрони адабиёт овозига тўсқинлик қилган. Гўзаллик, севги-муҳаббат, инсонийлик ва меҳр оташидан жон олган асарларнинг мазмун-моҳияти замирида фақат инсонни бахтли, саодатли кўриш истаги илдиз отади. Адабиёт ҳамиша урушга қарши турган. Афсус, баъзан мағлуб бўлган. Адабиёт мағлуб бўлган жойда жаҳолат ҳукмронлик қилади, уруш аждарлари оғиз очиб, борлиқни фарёд тутунлари қоплайди. Барча урушларнинг таг-заминига қарасангиз, ўзгалар ери ва мулкига кўз олайтириш, бошқаларнинг бор-будидан мосуво этиш каби тажовузкор ният ётади. 
   Тўғри, бугун ҳам дунёнинг қайсидир бурчак­ларида талотўмлар тинмаяпти, урҳо-ур, қирғинлар давом этаяпти. Худо кўрсатмасин, агар бор қуролу бомбалар ёппасига ишлатилса, Ерни ўз ўқи атрофидан чиқариб юбориши ҳам мумкин. Ҳа, инсоният бугун шу аҳволга етиб келди. 
   Агар адабиёт ва китоб бўлмаганда эди, бундан ҳам баттар кўргуликлар олови заминни куйдириб кул қиларди. Барча буюк китобларнинг инъикоси бўлган адабиёт заминни ана шундай фожеадан асраб келмоқда. Кимдан, нимадан, дейсизми? Ёвузлик ва тажовуздан, нафс ҳамласидан! Буюк адабиёт ва буюк асарлар инсон табассуми ва севгиси заминни қутқариб қолишидан, замин эса бани-башарнинг муқаддас уйи эканлигидан сабоқ беради. 
– Дунёни фақат урушлар эмас, бошқа хатарлар ҳам ларзага келтирмоқда...
– Тўғри айтасиз, уларнинг таҳдиди уруш хатаридан кам эмас. Қаранг, қандай мақсад ва муддаоларни илгари суриб чиқишаяпти. Тилга олиб бўлмайди: бир жинслилар никоҳи ва уларга бола асраб олиш учун рухсат берилиши борасидаги иддаолар, Яратганнинг измига терс бориб, эркакнинг аёлга айланиши ёки аёлнинг эркаклашувини ёқлаб чиқаётганларнинг дағдағалари, айтинг, қайси қуюшқонга сиғади? Ахлоқсизлик ва тубанликнинг бундай аянчли кўриниши, қўйиб берсанг, бутун рўйи заминни қоплаб олиши мумкин-ку. Эҳтимол, кимдир улар жуда кам-ку, шунчаки йўлдан озган, Худо қарғаган касаллар-ку, деган фикрга борар, бунинг унчалик ваҳима қиладиган жойи йўқ, деб ҳам ўйлар. Бироқ ахлоқсизликнинг энг баланд чўққисида туриб арзи ҳол қилаётган бу тахлит тўданинг “важ-карсон”лари бошқаларни ҳам аста-секин ўз домига тортиши эҳтимол. Очиқ-сочиқ дунёнинг айрим беандиша ижтимоий тармоқларида инсон бахти унинг эркинлигида, эркинлик эса истагандай, кўнглингга келганича яшашингда, деган даъво-дастакларнинг илгари сурилиши сизу бизнинг келажагимиз, фарзандларимизнинг қалбу шууридан ахлоқ, инсонийлик, шарм-ҳаё, қутлуғ қадриятларимизни юлқиб олиш учун қилинган палидона уриниш эмасми?.. 
   Бугун адабиёт ва китоб инсоният учун ҳаводай зарур. Адабиёт – адаб сабоғи, инсон юрагида эзгулик туйғуларини уйғотадиган, меҳр чашмаларини мавжлантирадиган илоҳий бир тушунчаки, фақат чин илҳом билан илоҳийлик мавж урган маҳалда ёзилган сара асарларгина одамзотни ҳам, даҳри дунни ҳам уруш ва ахлоқсизликдан, барча қутқулардан асраб қолади. 
– Кейинги йилларда ёзилган қайси адибларимизнинг китоблари адабиётда из қолдиради, деб ўйлайсиз? 
– Худога шукр, ўзбек адабиётининг томири жуда чуқур. Қадди ҳам шунга яраша, юксак. Қоладиган асарлар ҳақида сўраяпсиз-да-а? Кўп, қоладиган асарлар кўп. Агар эгасига тушиб таржима қилинса, “довруғи достон” бўлган жаҳон адабиёти ҳикояларидан анча баланд, ишонаверинг, анча баланд асарларимиз бор. Яхши асарнинг ўзи ҳар қандай ёзувчи учун мактаб ва сабоқ бўлади. 
   Замонамизнинг бугунги забардаст адибларининг ҳар бирида ўзига хос йўл ва услуб, маҳорат ва бутунлик сезилиб туради. Дейлик, таниқли ёзувчи Эркин Аъзам ўз асарларида гўё ҳар бир сўзни тошга ўйиб ёзади, қани уни “ўйиб олиб”, кўчириб кўринг, бутун бошли жумланинг моҳияти, айниқса, адибнинг услубига дарз кетганини англайсиз. Ёзувчининг ўзигагина хос бўлган сўздан чақмоқ ясаш маҳорати, керак бўлса, эмин-эркин жумла тузиш санъатига тан бермай иложингиз йўқ. Яна бир маҳоратли ёзувчи Назар Эшонқулнинг рамзий ифодалар пардаси орқали инсон қалби ва ҳаётига кўзгу қаратган асарлари замиридаги мантиқ, жамиятдаги турли воқеа-ҳодисаларнинг қиёсий тас­вирлари ўқувчини кенг мушоҳада юритишга, тасаввурдаги биқиқ ва сиқиқ қолипни тафаккур нурида парчалаб, борлиққа идрок нигоҳи билан қарашга ундайди. Хуллас, бундай адибларимизнинг асарлари адабиётимизда ўчмас из қолдиришига ишонаман. Мен истеъдодли ёзувчиларимизнинг барчасини номма-ном санамадим. Ўз тенгдошларим асарлари ва ижоди борасида ҳам тўхталиб ўтирмадим. Улар ҳақида алоҳида гапириш мумкин, албатта, ҳар бирининг ўз йўли, йўриғи бор, шу билан бирга яна бир ҳақиқат ҳам бор: адабиёт ўз қалбига яширинган инсон дунёсига йўл очади, бу йўлдан эса фақат истеъдодли, ҳа Оллоҳ инъом этган истеъдодни машаққатли изланиш ва меҳнат эвазига нурлантирган ижодкоргина юра олади. Инсоннинг қалбига кириб, уни “кашф этиш” осон эмас-да. Шунинг учун ҳам ҳамма ёзувчи бўлавермайди. 
– Бугунги тез ўзгарувчан давримиз ижодкор олдига қандай вазифа қўяди? 
– Ҳар қандай даврда ҳам ижодкор учун энг муҳим масала – яхши ёзиш. Мавзуга келсак, ҳар қайси замоннинг ўзига яраша катта-кичик, енгил ва оғир муаммолари бўлади. Адабиёт ҳамиша энг оғир мавзуни елкасига олади. Инсоннинг ўзлигини йўқотиб қўймаслиги учун кураш доимо адабиётнинг энг юксак мақсади бўлиб келган. Инсонни ўзлигидан мосуво қиладиган ҳар қандай унсур адабиётнинг ва чинакам адибнинг душманидир. Бугун, нима бўлган тақдирда ҳам, одам болалари орасидан оддийгина одамийлик деган гўзал туйғу кўтарилмаса бўлди. 
Яна такрор айтаман: инсоний ахлоқни сақлаб қолиш, инсондаги барча гўзал туйғуларга заха етмаслиги учун покиза меҳр-муҳаббат, халқимизга хос оқибат ва ор-номус тушунчаларини улуғлаш бугунги адабиётимизнинг бош вазифасидир. Ахлоқ, оқибат, ор-номус, севги-муҳаббат устунлари тутиб турибди-ку, ахир, дунёни. Шулардан бири қулаб тушса ҳам бу дунёнинг, ҳаётнинг мазмуни қолармиди? Йўқ, албатта. 
– Сиз ижодингизни шеър билан бошлаган эдингиз, кейинчалик насрга ўтдингиз. Нега бундай бўлди? Наср нимаси билан сизни назмдан тортиб олмоқда? Назмда ҳам, наср­да ҳам баробар яхши ижод қилаётган адиб сифатида айтинг-чи, қайси бирида ёзиш қулай, осон? Ва нима учун?
– Назмга ҳам, насрга ҳам илҳом, руҳий юксаклик жон ва ҳарорат бағишлайди. Икковини ҳам илоҳий ҳолат самараси деб биламан. Шеър кўпам изоҳни ёқтиравермайди. Шоир қоғоз қаршисида сел-селоб бўлиб оқаётган, оловга айланаётган ёки майда-майда бўлиб тўкилаётган онида ким нима дейди, ким қандай фикр билдиради, умуман, қизиқмайди, хаёлига ҳам келтирмайди. 
   Насрнинг йўриғи бошқа. Ҳиссиёт ва кайфият билан биргаликда ақл чироғи ҳам ўчмасдан ёниб туриши керак. Ёзувчи ҳамиша ўзини жиловлайди, тўхта, шу ёзганларимга ташқаридагилар, омма, ўқувчи қандай баҳо беради, буни қандай қабул қилади, деган ҳадик юки босиб туради. Содда қилиб айтганда, насрнинг оёғи ерга чуқурроқ киради, назм самовотни хуш кўради. Шеър кўпинча ҳис қилинади, наср эса англанади, тушунилади. Шеърда ҳамма нарса бўлиши мумкин: рамз, бадиият, оҳанг, қиёс, жунунвашлик, мантиқ ва ҳоказо... Хуллас, бир нафасда ёзилиб, бир нафасда ўқилади ва шу қисқа лаҳзада ўз умрининг мангу ёки ўткинчилигини белгилаб қўяди. Наср бундай қилолмайди, бундай тезликни кўтаролмайди. Муносабат, мантиқ ва хулоса учлигидан чиқиб кетса, ўз табиатига терс борган бўлади. Шундай ҳолатлар борки, айниқса, ҳаётнинг мазмун-моҳияти, юрагингда чўкиб ётган юк, жон-дилингдан ёзишни истаётганинг мавзу, шундан қутилиб, енгил тортишинг учун насрнинг кенг майдони маъқул бўлади, деб ўйлайман. 
   Шу жиҳатларни инобатга олсак, мени наср ўзига кучлироқ тортди ва бу майдонда елкам қисилмай, бошимни баланд тутиб нафас олишим мумкинлигини қалбан ҳис қилдим. Шоир сифатида ёмон эмаслигимни биламан, лекин ўнғай жиҳатнинг ўнгирини ушламаслик ҳам яхшилик эмаслигини-да тушуниб етганман. Қолаверса, шу, мени ўзига тортган, мен билан яшаётган уруш мавзуси учун насрнинг кўпроқ “елкаси чидаш” беради, деб ўйлайман. Агар сен ёзаётганларинг ичида яшай билсанг, иккала жанрда ҳам ёзиш осон кечади.
– Устозларингиз кимлар, шогирдларингиз-чи? Улар ҳақида нима дея оласиз? 
– Дунёдаги барча улуғ адиблар ва яхши китоблар менинг устозларимдир. Аниқроқ айтадиган бўлсам, бевосита суҳбатини олиб, ёзганларидан ҳайратга тушиб, ўзим ҳам у-бу нарса қоралаб, назаридан ўтказган устозимиз, катта адиб Шукур Холмирзаевнинг адабиётга, ижодга нисбатан қатъий тутуми ва қараши мени ўша пайтларда таажжубга соларди, бироқ бу нарсанинг моҳиятини чуқур англамаганман, тан оламан, эҳтимол ёшлик қилгандирман. Бугун эса... бугун у кишининг ўрни билинаяпти, қанийди, дейман, айни дам Шукур ака тирик бўлса, шу ҳикоямни кўрсатсам, ўқиса, ёзаётган ҳикояларимга бир оғизгина фикр билдирса, танқид қилиб, ерга уриб ташласа ҳам майлийди, ҳар ҳолда, буюк ҳикоянависга маъқул келадиган бир-ярим нарсаларим чиқиб қолармиди, деган хаёлга бораман. Ишонасизми, ёзаётганимда тепамда Шукур ака қараб тургандай бўлади, ҳа, мен у кишининг нигоҳини сезиб тураман. Кейин ўзим юқорида санаб ўтган акаларимни устозим деб биламан. Чунки улардан кўп нарса ўрганиш мумкин, ҳа, кўўўўп нарсаларни. Улар том маънодаги профессионал адиблардир. 
   Шогирдлар... шогирдлар, билмадим, кимдир мени устоз, деса, ниманидир ўрганган бўлса, мен хурсандман. Шундай укаларим бор, ёзганларини баҳоли қудрат кўриб, фикримни айтаман, баъзида кескинроқ гаплар ҳам гапиришимга тўғри келади, адабиёт шунчаки орзу-ҳавас, шон-шуҳрат майдони эмаслигини эслатиб тураман. 
 – Лекин бўлажак шоир ёки ёзувчи ўз ҳолини ўзи билиши ҳам керак. Акс ҳолда, ундаган билан натижа бермаслиги мумкин. 
 – Албатта, бориб-бориб ҳар бир қаламкаш ё ҳаваскорга ўз юраги айта бошлайди: ундан ёзувчи чиқадими ёки йўқ. Унга қулоқ тутиб, тўғри хулосага келганлар вақтида этагини йиғиштириб олади, аксинча қилганлар эса, бу майдонда ловуллаб ёна олмай, умр бўйи буруқсиб тутайди. Мен ижодкор укаларимга доим шу ҳақида гапираман. Шу кўйга тушиб, мақтов ва мукофотлар илинжидаги “касалманд”ларга айланиб қолмаслигини уқтираман. 
– Сиз ёшлар ижодини мунтазам кузатиб борасиз. Айтинг-чи, бугунги ёшлар асарларида қандай ютуқ ва камчиликлар кўрасиз? 
– Адабиётнинг юки ҳеч қачон бир авлоднинг елкасида қолиб кетмайди. Тўлқинлар алмашиб туради. “Ортимиздан келар бошқалар...” деб бош­ланадиган шеър бор эди, эслайсиз-а? Бугунги ўзбек шеъриятини ёшлар тимсолида талқин қиладиган бўлсак, Абдулла Ориф, Эркин Воҳид, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон каби нафаси олов истеъдодларнинг издошлари шаҳд билан келаётганини кўраман. Худойим, уларнинг ҳеч бири ярим йўлда қолиб кетмасин, уларга куч-қувват бер, деб ният қиламан. 
   Нима бўлган тақдирда ҳам, бугунги ёшлар шеърияти анча юксакда. Мен руҳиятини шеърият чақмоғидан оловлантирган ҳозирги укаларимиз, сингилларимизни номма-ном санаб ўтирмасдан, ўзига хос, шаҳду шиддатли туғма шоир Жонтемирнинг тенгдошлари, “Жонтемир ва унинг дўстлари”, деб қўя қоламан. 
   Ёшлар ижодидаги камчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсам, уларнинг ёзганларини тобига келтирмай, пала-партиш ҳолда босмадан чиқаришга ошиқиши, ўзини кўз-кўз қилишга уриниши мени ташвишга солади. Айниқса, насрда бу нарса билиниб қолаяпти. Ўз қадрини билган, адабиётни нон каби улуғлаган нашрларда ёшларнинг ҳамма “ижод маҳсуллари” ҳам чоп этилавермайди, “жони-сўли бор” асарлар, ҳар ҳолда, чуқур таҳрир ва таҳлилдан сўнг дунё юзини кўради. Бироқ ижтимоий тармоқларда айрим укаларимиз нима ёзган бўлса, шу ерга жойлаб, бу менинг асарим, қани бир қўллаб-қувватлаб юборинглар, деб “пиарбозлик”ни авж олдириб юборишаяпти. Ўқиб кўрасан, ҳикоянинг яқинига ҳам йўламайди, жумлалар “ғадур-будир”, кўнг­лингга азоб беради ёки узуқ-юлуқлик ғашинг­га тегади. Яқинда бир укамизнинг каттагина қўлёзмасини тутқазишди. Ўқидим. “Бу нима?”, дедим. “Қисса-ку!”, деди укамиз. “Бунинг нимаси қисса, айланай, ҳеч бир жанрга мос эмас-ку, кенг майдонда сочилиб ётган машина мурватларига ўхшайди. Уларни йиғмайсанми, кейин олиб келмайсанми?” Жавоби ҳам ўқлангандай, тайёр экан: “Адабиётни шу жанр-панрлар бузаяпти-да... Жанр бу нисбий тушунча...”. Ҳанг-манг бўлдим. Унинг ёзганида у ёқдан бир шингил, бу ёқдан бир шингил воқеликлар шунчаки уланган, муаллифнинг аччиқ устида бу дунёнинг авра-астарини чиқариб сўкинишлари ҳам, бугун ва тарихнинг чатишиб кетишию халқ номидан мангуликка дахлдор қадриятларнинг гўёки “чангини қоқиб” юзага чиқаришга уриниш ҳам, “оломон”ни жасоратга чорловчи ҳайқириқлар ҳам... бари-бари бор, лекин асар йўқ, бу қисса эмас, адабиёт эмас. Чунки ҳарорат йўқ, жумла тузиш маҳоратидан мосуволик сезилиб турибди, асарни тирилтириб турадиган ички бир ёниқ руҳ йўқ. Мен унга айтадиганимни айтиб, жўнатдим, бироқ ўша алаҳсирашга ўхшаш нарсани мақтаб, муаллифни эса янгича қараш соҳиби ва модерн­намо бир йўналишнинг истеъдодли вакили сифатида баҳолаб кўз-кўз қилаётганларни тушунолмайман. Шўрлик бир ёш ижодкорни мақтов дами билан пуфакдай шиширишаётганини сезишмаётганмикин, деб ўйлайман. 
   Қисқаси, яхши асар тинимсиз изланиш, машаққатли меҳнат туфайли сайқал топган истеъдод эвазига дунёга келади. Бундай асар ортиқча мақтовга муҳтож бўлмайди. 

Салим АШУР суҳбатлашди.
Манба: "ЎЗБЕКИСТОН АДАБИЁТИ  ВА САНЪАТИ"  ГАЗЕТАСИ.
2021 йил. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот