Эргаш Каримов (1935 - 2009)


   Ўзбекистон халқ артисти, таниқли санъаткор, Ўзбекистон телевидениеси "Телевизион миниатюралар театри" нинг бадиий раҳбари - Эргаш Каримов 1935 йилнинг 26 Октябрь куни Тошкентда туғилган. 
   1954 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатгач, Сурхондарё вилоят театрида актёр сифатида ўз ижодий фаолиятини бошлади. Бу театр саҳнасида Қўзиев ("Шоҳи сўзана"), Толиб ("Дил-Дили Зайнаб"), вазир ("Уч баҳодир") сингари қатор ролларни ижро этиб, театрда ўз ўрнини топаётган бир пайтда—1959-йилда Ўзбекистон телевидениесига ишга таклиф қилинади. У телевидениеда аввал актёр сифатида ўз фаолиятини бошлаб, "Гаврош" телеспектаклида Гаврош, "Архип бобо ва Лёнка" асарида Лёнка, "Ўқитувчи"да ўқитувчи, А. П. Чехов ва С. Аҳмад ҳикоялари асосида тайёрланган постановкаларда бир қатор образлар яратади. Э. Каримов 60-йилларнинг бошидан ҳам актёр, ҳам режиссёр сифатида ишлай бошлади. Ўша йиллари "Истиқбол эгалари", "Ғазалхон ёшлигим", "Мардлик — мангулик" сингари телевизион журналларни тайёрлашда жонбозлик кўрсатди. "Истиқбол эгалари" тележурнали ҳажвий саҳифасининг сатира ва юморга бағишланган махсус кўрсатувга айлантирилиши, яъни "Телеминиатюралар театри"нинг ташкил этилишида бош-қош бўлди. "Телеминиатюралар театри" халқ ўртасида жуда катта шуҳрат, муваффақиятга сазовор бўлди. Бунда Эргаш Каримовнинг ҳам режиссёр, ҳам актёр сифатидаги хизматлари каттадир. Хусусан ўша йиллари яратилган "Олиқ—солиқ", "Лампа шиша", "Пахтакор ютганда ва ютқизганда", "Тошкент пиёласи", "Жорж—морж" сингари миниатюралар халқ ўртасида катта шуҳрат қозонди. Э. Каримов бундан ташқари Ўзбекистон телевидениесининг "Оталар сўзи—ақлнинг кўзи" кўрсатувига режиссёрлик қилиш билан бирга меҳнаткашлар, ишчи-колхозчилар ҳузурида учрашувлар ўтказиш билан шуғулланди. 
    1990 йилдан бошлаб "Телеминиатюралар театри" репертуарининг кўп қисмини А. Қаҳҳор номли сатира театри саҳнасига олиб чиқди. Э. Каримов "Телевизион миниатюралар театри"нинг бадиий раҳбари вазифасида ишлаш билан бирга, Ўзбекистон радиосининг "Табассум" радиожурналида фаолият кўрсатган.   
    Эргаш Каримовнинг баракали ижоди муносиб тақдирланиб, 1990 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" унвони берилган. 1999 йилда у "Эл-юрт ҳурмати"ордени билан мукофотланган.
    Эргаш Каримов 2009 йилнинг 4 Август санасида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот