ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯ КИНЕМАТОГРАФИЯЧИЛАРИНИНГ ҲАМКОРЛИГИ


"Тошкент-66" фильми ишланади

 

     Россия ва Ўзбекистон вакиллари кинематография соҳасида бешта ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Хусусан, "Марс Медиа" кино компанияси раҳбари Рубен Дишдишян ва "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов "Тошкент-66" филмининг суратга олиш жараёнини Ўзбекистонда ташкил этиш тўғрисида келишиб олишди. Шунингдек, "Megogo" ва "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ўртасида “Хўжа Насриддин" фильмини ишлаб чиқариш тўғрисида меморандум имзоланди.

     Режиссор Юсуф Розиқов ТАСС агентлигига берган интервьюсида, режиссёр ва сценарист Рауф Кубаев билан "Тошкент-66" фильмига сценарий ёзишни бошламоқчи эканликларини айтди. Кинокартина драма жанрида суратга олинади.

"Биз ёшлигимиз, ҳатто болалигимизга бағишланган фильмни суратга олишни хоҳлаймиз. Тошкентда даҳшатли зилзила бўлган пайтлар бизнинг ёшлик пайтларимизга тўғри келган. Биз табиий офат ҳақида эмас, балки содир бўлган воқеалар ва ҳаётимизда қандай ўзгаришлар бўлганини эслаш ниятидамиз" , дейди Розиқов.
     Россияда “Ўзбек киноси кунлари” доирасида ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган 14 та киноасар: 10 та бадиий ва 4 та ҳужжатли фильмлар намойиши ўтказилади.

Ҳафталик давомида намойиш этилаётган фильмлар рўйхати:

1. “Сабот” (реж. Рашид Маликов)
2. “Сарвиқомат дилбарим” (реж. Сарвар Каримов)
3. “Иссиқ нон” (реж. Умид Ҳамдамов)
4. “Берлин-Оққўрғон” (реж. Зулфиқор Мусоқов)
5. “Ҳаёт” (реж. Ҳилол Насимов)
6. “Элпарвар” (реж. Абдувоҳид Ғаниев)
7. “Тинчлик ортида” (реж. Акбар Бектурдиев)
8. “Абдуллажон” (реж. Зулфиқор Мусоқов)
9. “Сариқ девни миниб” (реж. Сарвар Каримов)
10. “Ойқиз эртаги” (реж. Акбар Бектурдиев)
11. “Рақс жозибаси”
12. “Авиценна”
13. “Ягона осмон остида”
14. “Самарқанд - қадимий шарқ дурдонаси”


CИФАТЛИ ФИЛЬМЛАРНИ, АЛБАТТА, БИРГАЛИКДА ЯРАТИШ ЗАРУР: РОССИЯ ВА ЎЗБЕКИСТОН КИНЕМАТОГРАФИЯЧИЛАРИ ҲАМКОРЛИКДА ФИЛЬМЛАР СУРАТГА ОЛИШАДИ


     Москвада ўзбек киноси кунларининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Тантанали маросимда РФ маданият вазири Владимир Мединский, президентнинг махсус вакили Михаил Швидкой, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухоликов ва Ўзбекистоннинг РФдаги элчиси Ботиржон Асадов иштирок этди.
     Тадбирдан кутилган асосий натижа шуки Россия маданият вазири Владимир Мединский ҳамкорликда олинадиган фильмлар ҳақида алоҳида тўхталди.
     “Сифатли фильмларни, албатта, биргаликда тасвирга олиш керак”, – деди у ўз сўзида.
     “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек кинематографияси олдига жаҳон миқёсидаги кино маҳсулотларини, шу жумладан бугунги кундаги ҳаққоний ҳаётийлик ҳамда тарихимизнинг шавкатли саҳифаларини ўзида акс эттирувчи кино асарларни яратиш вазифасини қўйди, – деди тадбирнинг очилиш маросимида Фирдавс Абдухолиқов. – Бу мақсадлар ижобатини биз хорижий давлатлардаги ҳамкорларимиз иштирокисиз тасаввур қилолмаймиз ва шу сабабдан Россия кинематографияси билан стратегик ҳамкорлик биз учун муҳим аҳамиятга эга”.
     “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Россиянинг бешта кинокомпанияси – «СТВ», «Марс Медиа», MЕGOGO, «Вега» и «Инферно» билан меморандум имзолади. Шу асосда ўзбек ва россиялик кинематография ижодкорлари ҳамкорликда Тошкент зилзиласи воқеалари ҳақида ҳикоя қилувчи “Тошкент-66” номли, шунингдек “Хўжа Насриддин”, “Фариштанинг туҳфаси”, ва “Барон-2” номли фильмларни тасвирга олишни кўзда тутишмоқда.
Ўз навбатида РФ маданият вазирининг ўринбосари Павел Степанов ўз сўзида Россия маданият вазирлиги бу лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши ва янги фильмларни тасвирга олиш фаолиятига ҳар томонлама кўмак беришини таъкидлади.
Россияда Ўзбек киноси кунлари очилиши арафасида ўзбек кинематографиячилари делегацияси Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) ва “Мосфильм” студияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида ўзбекистонлик мутахассисларни Бутунроссия давлат кинематография институти қошидаги қисқа муддатли курсларда ўқитиш бўйича келишувга эришилди. “Мосфильм” павильонларида кино маҳсулотларини ҳамкорликда яратиш ва амалий машғулотларни ўтказиш ҳақида ҳам сўз борди.
“Мосфильм” директори Карен Шахназаров “Ўзбеккино” раҳбари Фирдавс Абдухолиқовнинг “Ўзбекфильм” ва “Мосфильм” ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятини тиклаш борасидаги таклифини қўллаб-қувватлади.
“Мен ўйлайманки келгусида Ўзбекистон кинематография соҳасида етакчи мамлкактлар қаторидан жой олиши мумкин. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина кучли студияларни ташкил қилиш ва малакали кадрларни тарбиялаш зарур”, – деди Шахназаров.
Айни пайтда Россияда Ўзбекистон кунлари давом этмоқда.
Бугун Ўзбекистон делегацияси Россиянинг “Госфильмофонд” архивида сақланаётган ўзбек фильмларини республикага қайтариш масаласида музокара олиб боришади.