Миллатни сақлаб қолиш шарти - тилни ривожлантириш


  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Зоҳидова билан суҳбат.
— Тил — миллат кўзгуси, дейдилар. Ҳақ гап. Ўзимизни кўзгуга тутиши фурсати етмадими?
— Аввало, тилни миллатнинг шунчаки “кўзгуси” деб қиёсан ўйлаб топилган бу иборага мутлақо қўшилмайман. Кўзгу сиртқи кўринишни кўрсатувчи бир буюм. Тил эса миллатнинг жон-жони, бутун руҳи, борлиғи, борлиги, дарду изтироби, орзу-мақсади... Яна, балки, нима эканини энг кучли олим ҳам тугал айтиб беролмайдиган илоҳий инъом, бетакрор ҳодиса. Тил деганда жонингни берсанг, жонинг увол кетмай, тилинг мангу-абадий омон қолса. Жонингни беришга ҳозир бўлиш учун эса... тилнинг шунчаки алоқа қуроли эмас, улкан ва ҳеч нарсага тенглаб бўлмас бойлик эканини чуқур англамоқ лозим. Бу жуда мушкул.
     Ўзимизга кўзгу тутиш шарт эмас. Бийрон гапириб донолик қилиб турган айнан ўзимизни бир озгина тингласак бўлди. Қон йиғлаймиз – агар тилимизнинг аҳволини чиндан ҳис этсак. Тилимиз хазиналарини наинки кун-ой, лаҳза сайин бой бериб келаётирмиз. Оддийгина, бозорга бир қадам қўйиб, бир қулоқ солиб кўринг: “наскилар, олиб кетинг мана, наскилар”, свежий напиткалар, ичинг”, “турецкий кастюмлар, ременлаям бор”, “ачкилар женский, мужской, келинг, тепаси брошкалиси бор”... Эҳ!.. Аҳвол ғоят аянчли. Бир ёқдан оддий сўзлашувда халқ вакиллари “пайпоқ”, “кўзойнак”, “камар” дегандек неча минг йиллик жон-жон сўзларимизни айтишга орланса, иккинчи ёқда дунёга маҳлиё олимлару тадқиқотчилар, илғор ёшлар ўзининг юқори даражада билимли эканини намойиш қилиб, “хештег”, “спичрайтер”, “компетенция”, “миссия”, “спам” каби сўзларни шошқинлик билан муомалага киритиб қаҳрамонлик кўрсатса, жон тилимизнинг аҳволига эътибор қилмаса, яқин йилларда, минг-минг оҳки, тилимизни бой берамиз. Шунда биздек улкан миллатдан ер юзида ном-нишон қолмайди.
     Энди сиз ҳам айтинг-чи, гўзал ва қадимий тилни кимга ишонса бўлади? Дод деб фарёд қилгинг келади. Ўз-ўзингдан кимга ҳам ёзғирасан? Кимга ҳам нолийсан одам?
     Хуллас, кўзгу тутиш деганда, тилимиз аҳволига қараш демоқчисиз. Тил яралганидаёқ, унинг эгалари томонидан тилга эътиборли бўлиш фурсати етган. Биз кечикмай, ҳозироқ ҳар ерда, ҳар лаҳзада ҳаракат қилишимиз керак.
— Миллат тили равнақи йўлида Ёзувчилар уюшмасининг ҳиссаси нечоғлик?
— Тилимизнинг улкан бойлигини фақат адабиётгина ушлаб қолишга қодир, деб ўйлайман. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари шу —биз билган ёзувчилар ва шоирлар экан, уларнинг яратаётган асарлари билан тилни мустаҳкамлашдаги хизматларини бошқа ҳеч ким удда қилолмайди. Лекин миллатимиз ишлатиб келган сўзларни бадиий асарлардан топганда одамлар эндиликда уни “шева сўзи”, деб изоҳлаётир. Чунки бизнинг қулоқларимиз аввало арабча, кейин форсча, кейин рус тили орқали кирган сўзларга мослашиб кетди. Тобора шундай ҳолга келдикки, ўз сўзларимизни танимай қолдик. Ҳозир бирор атамани қадимий тилдаги бирор сўз билан аташни таклиф қилиб кўринг-а., неча  одам қаршилик қилади.
     Миллат тили равнақи йўлида Ёзувчилар уюшмасининг ташкилот сифатидаги ҳиссаси, агар ижтимоий тармоқлар саҳналаридаги шундай тортишувлар билан ўлчанадиган бўлса, демак, биз тафаккурни тўхтатибмиз. Тил қандай сокин ва неча вақтлар давомида шаклланган бўлса, унинг ўзгариб кетиши учун ҳам шунча кўп вақт керак. Ёки агар вақт бўлмаса, худди иттифоқ вақтидаги каби кескин сиёсат зарур бўлади. Бизга рус сўзлари юртдошларимизнинг “2 фоизигина саводли, қолгани оми”, деб баҳо олган истибдод йилларида жуда тез сингдирилди. Мана, ҳамон жабрини тортяпмиз ва бу ҳали-бери тугамайди. Ўзимиз тилга содиқ бўлмай туриб, бошқаларни, бирор шахс ёки ташкилотни лоқайдликда айблайверсак, яна ҳам тафаккур доираларидан четда чинқираверамиз. Мана, ўзингиз, болаларингизга, ота-онангизга, дўстларингизга имкон қадар ўзбекча гапирасизми? Ўзингизни ўзингиз ёзиб олиб эшитиб кўринг-а. йўқ. Бирортамиз камчиликдан холи эмасмиз.
     Тил тўғрисидаги ҳар қандай ҳужжатга нисбатан наинки депутат, ўқитувчими шифокор, молиячими иқтисодчи, юристми ҳарбий, фаррошми ошпаз, қоровулми уй бекаси – ҳамма ўта ҳушёр эътибор қаратиши керак. Ҳатто мудраб қолган бўлса дарҳол уйғониши ва ўзининг шу миллатга дахлдорлигини янада чуқур ҳис этиб, бошқа ҳар қандай ишини тўхтатиб бўлсин, ўрганиб чиқиб ё ёқлаши, ё фикр билдириши керак.
     Тилни қадрият деб баҳолаш учрамоқда. Тил тўй-маросим ё оддий либос эмаски, қадрият даражасига туширилса. 
— Сизнинг тил масаласида фаол, жонкуярлигингиз таҳсинга сазовор. Бугун ушбу ҳаракатларингиз самарасини кўряпсизми?
— Менинг ҳаракатларим... Нима ҳам қилдимки...  Йўқ. Самара кўрмаяпман. Мен-ку мен, катта ишларни амалга оширганлар ҳам натижа кўришмаяпти. Аммо луғатларнинг чоп этилиши жуда катта меҳнат ва энг хайри иш бўлди. 
  Кўпмиллатли халқмиз. Қолаверса, ўзбеклигини унутган тўда-тўда “аристократ” миллатдошларнинг кўпи жамиятимизнинг турли соҳаларида ўз фаолиятини кўрсатиб келишмоқда. Қолаверса, дунё лаҳза сайин глобаллашяпти. Халқаро алоқалар кун сайин кучайиб боряпти. Бундай шароитда, умуман, аввалдан ҳам тилини ҳушёр сақлаб қолган миллатларгина миллат сифатида яшаяпти. Қолганлари катта миллатларга сингиб кетган.
Аммо умидим бардам. Мен айни вақтда луғатшунослик бўйича бир ишга киришганман.  Натижаларим ёмон эмас. Чунки сўзларни луғатлар қатъийроқ ушлаб қолади. Ҳали йиллар оша такомиллаштирилиши шубҳасиз.  Чунки сўзларимиз у луғатдагидан анча кўп.
— Алишер Қодиров ва унинг партияси илгари сураётган таклифларини қўллаб-қувватлайсизми? Нега?
— Алишер Қодиров жуда тўғри айтяпти. Мен уни тўлиқ ёқлайман. Ўзбек тили мурожаат тили, муҳокама тили, қўлланадиган тил бўлмаса, янада кучини йўқотиб боради ва биз чиндан ҳам ҳали ҳеч кимни ўзбек тилида гапиришга мажбур қилмадик. Фақат аввал айтганимдек, тил тўғрисидаги Қонун лойиҳасини астойдил ўтириб қайта ишлаш, бунда экспертларни керагича ва қайтадан жалб қилиш лозим бўлади. Қонун ҳазилакам иш эмас.
     Тил ривожи – миллатни сақлаб қолиш, унинг қудратини ошириш, унинг барқарорлигини мустаҳкамлашнинг ягона шарти. Шундай экан, ҳар соҳада, ҳатто кичкина ва ўзаро гаплашишларда ҳам тилимизга эътиборли бўлсак, ҳар биримиз жондек тилимиз ривожига ҳисса қўшган бўламиз.


Шоҳруҳ Алишербек ўғли суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот