ЎЗБЕКИСТОН АМЕРИКАНИ ЗАБТ ЭТМОҚДА


     Дунёга машҳур коллекциячи Гидо Голдманнинг ноёб, ўзига хос ранг бериш услуби каталоги нашрга тайёрланмоқда. 2019 йилнинг 27 сентябрида АҚШ пойтахти Вашингтоннинг  of Ronald Reagan Building and International Trade Center номли нуфузли залида "Янги Ўзбекистон: ноёб маданий ташаббуслар" номли медиа инвент бўлиб ўтди. Машҳур америкалик тарихчилар, шарқшунослар, коллекциячилар, зардўзлар тадбирнинг асосий иштирокчилари бўлишди ва унга ҳақиқий шарқона кайфият улашишди .

Медиа инвентда айнан ўзбек тўқимачилик саноатига катта эътибор қаратилди. Олимлар ўзбек тўқимачилигини юқори баҳолаб, ўз маърузаларида, тақдимотларида унинг гўзаллиги, нафислиги ҳақида сўз юритишди, шарқона либосларни намойиш этишди.

     "Агар ҳаётим давомида бирорта санъат туридан ҳайратлатган бўлсам, бу албатта ўзбек тўқимачилигидир..." деб Гарвард университети қошидаги Европа тадқиқотлари маркази асосчи-директори,  коллекциячи, доктор Гидо Голдман сўзларидан иқтибос келтирди "Вашингтон пост" газетаси. 

     "Ўзбекистон маданий мероси коллекцияси илк маротаба Қўшма Штатларда кенг миқёсда намойиш этилди. Бу ерга Америка музейларида, кутубхоналарида  фаолият юритувчи дунёга машҳур олимлар, тадқиқотчилар, санъатшунослар, коллекциячилар йиғилишди. Улар бугунги кунда Америка ва Канада фондларида  Ўзбекистон маданий меросига тегишли қандай ноёб коллекциялар борлиги, уларнинг қанчаси шахсий коллекцияларда, қанчаси давлат музейларида  сақланаётгани ҳақида сўз юритишди, – деди етакчи Жануби-Шарқий Осиё Академияси ижрочи директори Адам Смит Альбион.– Лойиҳадаги ажойиб 35 томлик китоблар, йигирмадан ортиқ фантастик ҳужжатли фильмлар фахрланишга арзийди".

Музей ҳамжамияти вакиллари ва коллекциячилар "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳасининг дунё амалиётидаги ўрнини юқори баҳолаб, ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини таъкидлашди.

"Англия, Германия, Франция, Польша, Чехияда муваффақиятли равишда ўтказилган тадбирлардан кейин  Янги Ўзбекистон маданий ташаббуси тақдимоти тўлқинлари Америкага етиб келди, – деди ўз сўзида Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ва раиси Фредерик Стар, – Бу жуда катта лойиҳа. Ҳали бирорта мамлакат дунё тўпламларида сақланаётган ўзининг маданий меросини ягона каталогга тўплай олмаган. АҚШлик олимлар Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб бораётган ишларини олқишлайди ва қўллаб қувватлайди".

«Бугун биз бу ишнинг бир қисми билан танишдик. Айни кунда бу Ўзбекистон ҳукумати ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу кўпчиликда қизиқиш уйғотаётган ташаббус тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини биламиз. ўйлайманки, медиа ивент бу йўналишда ўз мақсадига эришди», - деди Ислом санъати Метрополитен музейи департамени директори Дениз Беязит.

Медиа ивент якунида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ва коллекционер Гидо Голдман ўзбек матосининг нодир ва бой намуналари жамланмасини ўз ичига олган “Ўзбек икатлари” номли альбомни нашр қилиш борасида келишиб олишди. Мазкур альбомга кирувчи ажойиб манбаларни доктор Голдман ҳадя тариқасида бир қатор Америка музейларига тақдим этган.

     Дунёга машҳур коллекционер ўзбек икатлари каталогини тузиш борасида лойиҳага қўлдан келганча беминнат ёрдам беришини таъкидлади.

     Ушбу медиа ивентнинг биз томондан бошқа мамлакатларда ўтказилган одатдаги тадбирлардан фарқи шуки, унда лойиҳа тарихида илк бор йирик коллекционерлар биз билан ҳамкорлик қилиш бўйича очиқ фикр билдиришди. Бу янгиланаётган Ўзбекистонга бўлган чуқур ишонч ва эътибор намунасидир. Айни пайтда, кенг жамоатчиликка шу кунгача маълум бўлмаган маданий меросимиз намуналари айнан хорижлик коллекционерларнинг шахсий жамланмаларида сақланмоқда, – деди Фирдавс Абдухолиқов.

 

Манзура Бекжонова