Баҳодир Йўлдошев (1945 - 2021)


    Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон санъат арбоби, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби, таниқли режиссёр ва актёр  - Баҳодир Йўлдошев 1945 йил 7 Сентябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. 
   У 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатади. 1970—1971 йилларда армия сафида хизмат қилади. 1971—1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974—1984 йилларда бош режиссёр бўлиб ишлаган. Ўзбек театрига янгиликлар киритиш, уни янада юксалтириш нияти билан иш бошлаган Баҳодир Йўлдошев Шиллернинг "Қароқчилар", Л. Толстойнинг "Тирик мурда", Уйғуннинг "Абу Али ибн Сино", "Беруний", "Зебуннисо", С. Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони", П. Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асарларини саҳнага қўйиб, маданий жамоатчилик назарига тушди. Б. Йўлдошев 1984 йилдан бошлаб Аброр Ҳидоятов номли Ўзбек Давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолиятини давом эттиради. Бу театрда у "Майсаранинг иши", "Фармонбиби аразлади", "Паранжи сирлари", "Қора камар", "Зиёфат", "Искандар", "Фиридун", "Нодирабегим", "Ипак йўли" каби асарларни саҳналаштиради. Бу спектакллар матбуотда ижобий баҳоланиб, уларнинг кўпчилиги Халқаро ва Ўзбекистон театр фестивалларининг мукофотлари билан тақдирланди. Б. Йўлдошев Аброр Ҳидоятов номли театрда ишлаш жараёнидаги ижодий изланишларини театрга янги драматик кучларни жалб этиш, замонавий саҳна шаклларидан меъёрида фойдаланиш йўли билан давом эттирди. Режиссёр "Ипак йўли" спектаклини саҳнага қўяр экан, "сўзсиз театр" воситаларидан унумли фойдаланиб, уни поэтик қисса шаклида талқин этди. Истеъдодли театр рассоми Г. Бримнинг ажойиб декорациялари, режиссёрнинг мизансаҳналари, бастакор М. Бафоевнинг ёқимли мусиқаси, актёрларнинг ўз ролларини моҳирона ижро этишлари "Ипак йўли" спектаклининг бадиий қимматини оширган. Б. Йўлдошев Лаос, Туркия, АҚШ, Франция каби мамлакатларда ҳам спектакллар қўйиб, ўзбек театр санъатини дунёга танитган режиссёрлардан ҳисобланади. Унинг кўпчиликка ярқ этиб танилишида К. Яшин, Б. Привалов, Ш. Аббосовларнинг "Оловли йўллар" кўп серияли телефильмидаги Олчинбек образи ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Олчинбек қиёфасида актёр иккиюзламачи, сотқин ва мунофиқ инсоннинг типик образини яратди. Шундай катта муваффақиятдан руҳланган санъаткор кейинчалик бирин-кетин ўттизга яқин бадиий фильмларда роллар ижро этди. 
     Баҳодир Йўлдошев 2009 йилда “Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясини ташкил этиб, умрининг охирига қадар унга раҳбарлик қилган.
     Б .Йўлдошев «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати», «Фидокорона хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати», “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
    Баҳодир Йўлдошев 2021 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот