Шавкат Музаффар оламдан ўтди


                         
   Мусаввир, Ўзбекистон Рассомлар Уюшмаси аъзоси - Шавкат Музаффар (Шавкат Музаффарович Туропов) бевақт оламдан ўтганлиги муносабати билан оила аъзолари, дўстлари, ҳамкасбларига чуқур таъзия билдирамиз.
    Шавкат Музаффарнинг руҳлари шод, охиратлари обод, жойлари Жаннатда бўлсин...

    Маълумот: Шавкат Музаффар 1968 йил Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида  шоир ва журналист Музаффар Туроб оиласида таваллуд топган. 
  1981-1985 йилларда Тошкентдаги Олмазор (Собир Раҳимов) туманидаги болалар ижодиёти марказида (пионерлар уйи) тасвирий санъатдан таҳсил олган. 1985 йил шу тумандаги 234-мактабни муваффақиятли тамомлаб, Тошкент Архитектура ва Қурилиш Институтининг  архитектура факультетига ўкишга кирган. 1993 йилда мазкур олий ўкув юртини тамомлаган. 1987-1989 йилларда Болтиқбўйида ҳарбий хизматни ўтаган. 1989-1993 йилларда ТАШГИПРОГОР ва УЗНИИПР лойиҳалаш институтларида ишлаган. 1993-2003 йилларда Ўзсаноаткурилишбанк тизимида ишлаган. 2007-2010 йилларда «МУШТУМ»  ҳажвий журналида фаолият юритган. 2015 -2020 йилларда  Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармасида ва Тошкент шаҳар Маданият  Бошқармасида меҳнат қилди.  
     Илк асари 1978 йилда  «Ғунча» журналида чоп этилган.1986 йилдан бери карикатура, 1992 йилдан бери китоб графикаси  соҳасида ижод килган. Асарлари республикамиз матбуотида узоқ йиллардан бери чоп этилган. Халқаро танлов-конкурслар, кўргазмаларда фаол иштирок этган, бир қанча асарлари Европа ва Осиё мамлакатлари кўргазмаларининг каталогларидан жой олган ва диплом ва сертификатлар билан такдирланган. Бир неча марта дунёнинг энг нуфузли WORLD PRESS CARTOON танловида Ўзбекистон номидан қатнашиб, дипломларга сазовор бўлган.  2003 йил  «Камолот» Ўзбекистон Ёшлар  Ижтимоий Ҳаракати Марказий Кенгашида «Руҳият иқлимида», 2004 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Кўнгил манзараси», 2008 йил Ўзбекистон Бадиий Академиясида  «Ривоят» ва 2017 йил “Нажот кемаси” кўргазмалари ташкил этилган. Шунингдек, 2018 йил “Ойбек уй-музейида”, 2019 йил Кўкалдош мадрасасида   шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган. 2005 йилдан Ўзбекистон Рассомлар Уюшмаси аъзоси. 1998 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академия томонидан ташкил этиладиган кўргазмаларда фаол иштирок этади, 2007 йил «Олтин қалам» миллий мукофотига, 2016 йил “Мустақилликнинг 25 йиллиги” медалига  сазовор булган. Миллий қадриятлар  билан суғорилган туркум асарлари учун  2008 йил Ўзбекистон Бадиий Академиясининг махсус дипломига сазовор бўлган. 2019 йил икки қардош мамлакат халқлари дўстлигини мустаҳкамлаш ишига қўшган ҳиссаси учун Қозоғистоннинг “Жабай ботир” медалига сазовор бўлган. 2020 йил туркий халқлар маданиятига қўшган ҳиссаси учун Қирғизистоннинг “Турк бирлиги” медали билан тақдирланган. 
   2012 йил АҚШда «МУШТУМ» журналига бағишланган ижодий сафарда бўлиб, рассомларининг халқаро анжуман ва кўргазмаларида иштирок этган. 2016 йил Прага (Чехия Республикаси)да, 2019 йил Пекин (ХХР)да  шахсий кўргазмалари бўлиб ўтди. Миллий ва умуминсоний ғоялар билан суғорилган бир қанча рангтасвир, графика, карикатура ва шунингдек ҳаттотлик асарлари АҚШ, Германия, Чехия, БАА, Франция, Жанубий Корея, Малайзия, Саудия Арабистони каби қатор мамлакатларнинг шахсий коллекцияларида, шу жумладан, АҚШ Конгресси кутубхонасининг Марказий Осиё фондида сақланади.
   Бугунги кунгача «Муштум» журнали ва Халқаро Ислом Академиясининг “Зиё” студиясида фаолият юритиб келган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот