Аёллар шеърияти


 

     Пойтахтга келган пайтларим, бир адабий даврада шеър ўқидик. Устоз шоирлардан бири ёнидаги шоирага: "Булар тўшак шеърияти давомчиларими", деб сўради. У беҳаёларча бош силкиб кулди. Шундан кейин дугонам (истеъдод эди) ҳижобга кириб кетди. Рассомлар кўзига одамлар яланғоч кўринади, дейишади. Наҳот, шоиралар айрим (ювуқсизлар) кўзига шундай кўринса?.. 
Зебунисо ҳам бу азобни тортган. Нодира ҳам. Қурбонжон Додҳо саройда шеър ўқиб, хон назарига тушгач, ҳасадгўйлар ўлимга ҳукм қилишгача борган. Аскарлар қатл қилишга кўзи қиймай, узоқ қишлоққа олиб бориб, бир чолга ҳадя қилиб юборган. "Хотинлар шеърияти" деган нописанд ибора ўша даврдан қолган. 
     Ахматова, Цветаевага ҳам бу изтироблар бегона эмас. 
     Яқинда шоира Мунаввара Ойматованинг америкалик шоира Эмили ҳақида ёзган мақоласини ўқидим. Мингдан ортиқ шеъри қолган шоира тириклигида ҳеч кимга кўрсатмаган. Ўлгандан кейин машҳур бўлган. Эҳтимол, Эмили ҳам бузуқ нигоҳлардан жиркангани учун ўзини оммага намоён этгиси келмагандир. Ишхоналарда ҳам шу -- шоиралар (худди бошқа касб эгалари бундан мустаснодек)нинг неча марта эрга теккан-ю, тегмагани, фарзандлари кимданлиги, ким билан дон олишиб юрганигача муҳокама қилишади. Ғашинг келади. Эй, булар туппа-тузук одамни ҳам айбини ахтариб, гуноҳкор қилади. Назари паст, ҳасадгўй, хулқида тўғрилик, қалбида тозалик, қонида поклик йўқ, дейману кўп ўйлайман: Шеърларимни ким учун ёзаяпман? Поклик, иффат ҳақида (Ё, йўқми?) кимга сўзлаяпман?.. Кўнгилнинг фарқига бормаган замонгами? Дилини моғор босган замондошларга(ми?) Фисқу фуружга ботган халққами? Аёл поклигига шуҳба билан қараган келажакками? Мен кўп ўйлайман: Қишлоққа қайтиб кетсаму қолган умримни гуллар ўстириб тамом қилсам... Қадрсиз, имонсиз, фасодга ботган жойларда нима қиламан. Ичимда Исонинг мингта игнаси, чақчайган замон мени ютиб юборгандек... Кўр ва кар атрофимдагиларга нафақат шоиралар, АЁЛ, ОНА, СИНГИЛ, ҚИЗларни фоҳишадек мазах қилманг, булғаманг, кулманг, майдалаштирманг, дегим келади...

 

Адиба УМИРОВА