Ҳамза Умаров таваллуд топган кун (1925 - 1987)


   Ҳамза Умаров (17.12.1925, Қўқон - 26.11.1987, Тошкент) — актёр, режиссёр Ўзбекистон халқ артисти (1967). Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида (194851) ўқиган. 1950—86 йиллар Муқимий театрида, 1987 йил январ—августда Ҳамза театрида, сўнгра "Ўзбекфильм" киностудиясида ишлаган. "Армуғон" спектаклидаги Жаъфар У.нинг саҳнада яратган илк образидир. "Олтинкўл" (Уйғун)да Ғани, "Нурхон" (К. Яшин)да Ҳузурхўжа, "Фарҳод ва Ширин" (Хуршид)да Шопур, "Равшан ва Зулҳумор" (К. Яшин)да Терсак роллари билан танилди. У. ижодида 50-йиллар шаклланган характерли, лирик ва кулгили, ҳажвий йўналишлар кейинги йиллар ҳам давом этди. Қаҳрамонларининг феъл-атвори ва хусусиятларини бир оз бўрттириб ифодалаши, сўзларини дона-дона ва жарангдор талаффуз қилиши, қўшиқларини қаҳрамон ҳолатига сингдириб юбориши, қарама-қарши ҳис-туйғуларни кучли психологик драматизмда етказиши билан Ҳамза санъати алоҳида ажралиб туради. Исфандиёрхон ("Ғазал фожиаси"), Маъдалихон ("Нодира"), Сайд ("Гули сиёҳ"), Масхарабоз ("Ўн иккинчи кеча"), Асқарали ("Мавлоно Муқимий"), Гунг ("Қизбулоқ"), Панташвили ("Хонума хоним") каби образлари бунга мисолдир. Режиссёр сифатида "Бағри тош", "Қайнона", "Ишқинг билан" каби асарларни саҳналаштирган.
   Ҳамза Умаровнинг кино санъати ривожига кўшган хизматлари алоҳида бўлиб, кинода унинг янги қирралари очилди, қиёфаси, чеҳраси, овози, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, ички кечинмаларининг юзида, кўзларида зоҳир бўлиши кинематография имконияти ва ифода воситаларига жуда мос тушган.
   Кинода Салимбойвачча ("Қутлуғ қон"), Умар ("Маҳаллада дув-дув ран"), Мадаминбек ("Фавқулодда комиссар"), Ҳомид ("Ўтган кунлар"), Қориев ("Инқилоб чавандозлари"), Асқаров ("Ёз ёмғири"), Нормат ("Шижоат"), Сулаймонов ("Фалокат оёқ остида"), Жабборов ("Шиддат"), Қўлдошев ("Сени кутамиз, йигит"), Матназар ("Оловли соҳил") каби 60 дан ортиқ образ яратган. У бир қанча телевизион спектакллар (Масхарабоз, "Қиролнинг дилхуши" ва бошқалар)да ҳам ўйнаган. Дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида танилган (1000 дан ортиқ филмда овоз берган). "Бағри тош", "Ҳаёт йўли"; "Дил тортса", "Ёр юрган кўчалар", "Тонг фарзандлари" пъесаларининг муаллифи. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970).










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот