ЖАННАТНИ ОДАМНИНГ ЎЗИ ЯРАТАДИ


Бахтиёр Ихтиёров:  
“ЖАННАТНИ   ОДАМНИНГ   ЎЗИ ЯРАТАДИ”

  Бахтиёр Ихтиёров... Бу инсон билан суҳбат қуриш, диллашиш анча завқли. Унинг иштирокидаги ролларини томошабинлар шунчаки томоша қилмайдилар. Дилбарини телевизорда кўриб уни отаси билан бирга излаган ошиқ йигит, севган аёлини бахтли ва бой қиламан, деб ўзини ўтга-ю-чўққа урган хаёлпараст, эгасининг орзу-умидларини рўёбга чиқарган еттинчи жин, телевизион миниатюралар театридаги ранг-баранг роллари билан аллақачон мухлислари қалбини қозониб бўлган ажойиб инсон,  эл ардоғидаги етук санъаткоримиз, ўтган йили ўзининг қутлуғ 80 ёшини нишонлаган, Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров билан суҳбатлашгани  унинг хонадонига  ошиқамиз.
------------------------------------------------------------------------------------    
Бахтни танимай қолиш ёмон

- Бахтиёр  ака, сизнинг иштирокингиздаги “Ажойиб хаёлпараст”, “Ёр-ёр” фильмлари  телевидениеда неча марта намойиш этилганига қарамасдан, томошабинлар ҳар гал завқ билан томоша қилишади. “Ажойиб хаёлпараст” фильми гарчи комедия деб аталса-да, унда жиддий муаммолар бор. Инсон қалбидаги баъзида айтиб, баъзида айтиб бўлмайдиган оғриқлар бор...
- Тўғри англабсиз. Бу фильмдан нафақат томошабинлар, балки ўзим ҳам сабоқ олганман. Фильмдаги энг асосий ғоя - бу ажойиб хаёлпарастнинг катта муҳаббати. У шаҳарлик қизни севиб қолиб уни  жуда бахтли кўришни истайди. Уни ҳам севиб қолган  қизга  уйланиб қишлоғига олиб кетади, унинг учун жаннат яратмоқчи бўлади. Аммо жаннат яратиш осон эмас. Муқимий номидаги мусиқали театрда бош режиссёр бўлиб ишлаганимда “Лайли ва Мажнун” спектаклини саҳналаштирганман. Қайс Лайлини қаттиқ севганидан уни танимай қолади. Нима учун танимай қолди, дейсизми? Чунки, у бахтни танимай қолади. Ҳасан ҳам худди шундай ҳолатга тушади. Аёли Ҳасанни шу ҳолича яхши кўради, унга ҳозирги камтарона  ҳаёти ёқади. Ёдингиздами, Ҳасан аёлини ёмғир шаррос ёғиб турган пайтда кинотеатрга фильм томоша қилишга олиб боради.Оёғи шалаббо бўлган, совқотган аёл шу ҳолида ҳам жуда бахтли эди. Чунки унинг ёнида севган инсони ўтирарди.

Ўлган одамларни қаёққа олиб кетишаяпти?

- Отангиз ҳам санъаткор бўлган эканлар. Оилангиздаги муҳит сизни актёр бўлишга ундаган экан-да?
- Дадам  раҳматли Бухоро театрида бош дирижёр бўлиб ишлаганлар. Менинг болалигим уруш йилларига тўғри келган. 12 ёшимдан бошлаб дадамнинг ёнида юрганман. Жуда оғир йиллар эди. Актёрлар  араваларда очин-тўқин юриб, концертлар қўйишарди. Маош, кийим қаёқда? Чироқ бўлса онда-сонда ёнарди. Ҳеч қандай шарт-шароит бўлмаса-да, улар жон куйдириб концертлар  қўйишар,  оғир аҳволда яшаётган халқнинг кўнглини олишарди. Кейинчалик спектакллар қўя бошлашган. Жуда  содда бўлганман-да. Бир марта “Тоҳир  ва Зуҳра” спектакли  қўйилган.  Одамлар қиличлар  билан  олишишган ва  саҳнада ўнтача одам  “ўлиб қолган”. Мен дадамдан “Ўлган одамни қаёққа олиб кетишаяпти?” деб ҳайрон бўлиб сўрардим.

Мени  “уста” деб чақиришганида...    

- Муқимий театридаги фаолиятингиз неча ёшингиздан бошланган? 
-Дадам  17 ёшга тўлганимдан кейин “Ўз кунингни ўзинг кўр. Ўқишга кира олмасанг шарманда  бўлиб  Бухорога қайтиб келма” дедилар. Дадам болалар уйида катта бўлган, ҳаёти  жуда машаққатли ўтган. Дадам  менинг ҳам мустақил бўлишимни, тақдиримни ўз қўлим  билан яратишимни  истардилар. Бир амаллаб Тошкентга ўкишга келдим. Институтда  ўқидим, ишладим, ўз йўлимни топиб кетдим. Ҳеч ким қўлимдан етаклаб юрмади. Ёшлик  йилларимда  режиссура соҳасида кўп йиллар ишладим. Театрда ишлаш, ном қозониш  жуда  оғир. Мен режиссёр сифатида Ўзбек  Давлат драма театри, “Ёш гвардия”, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театрларида ишладим. Жуда кўплаб  спектаклларни саҳналаштирдим. Сатира ва  юмор театрида  эса 10 йил режиссёрлик қилдим. Дунёда  ҳар бир ишнинг ўз устаси, ўз ҳунарманди бўлади. Институтда учта  курс чиқардим. Шогирдларим мени “уста” деб чақиришганида жуда хурсанд  бўламан. Театр шундай масканки, унинг ўз дарвозабони, ўз ҳимоячиси, ўз ҳужумчиси,  ўз ҳаками бор.

Футбол ҳам худди театрга ўхшайди

- Футболни   жони дилидан севган одамнинг гаплари бу...
-Тўғри айтдингиз.  Қайси мендек  саксонга  кириб қолган одам  кечаси билан   ухламасдан футбол кўради? Мен футболни нима учун яхши кўраман? Футбол ҳам  худди театрга ўхшайди. Футбол  бугунги кунда театрдан ҳам минг карра сеҳрли мўъжиза каби мени ўзига ром этиб олган. Яқингача футбол ўйнаганман. Ёшлигимизда футбол бугунгидек тараққий  этмаган эди. Кечалари радионинг ёнида ўтириб, футбол шарҳини  3-4 дақиқа эшитардик  холос. Бугунчи?  Бутун дунёда  бўлиб ўтаётган футбол шарҳларини кўриш имконияти  бор. Футболга жуда каттта эътибор берилиши керак. Қишлоғу  шаҳарлардан истеъдодли  болаларни топиб келиш зарур. Бразилияда ҳар бир қадамда футбол майдончалари  бор. Болалар бўш қолди дегунча, ялангоёқ тўп тепишади.

Агар актёр ўз касбини севмаса...     

- Боя  артист ҳунарманд бўлиши керак, дедингиз. Қайси санъаткорларни ўз ишининг ҳунарманди  дея оласиз?
- Бугунги  кунда халқ эътиборини қозонган Мурод Ражабов, Саида Раметова, Ҳошим Арслонов,  Матёқуб Қўшжонов, Ғайбулла Ҳожиев каби  ва яна  беш-олтита артистларни ўз ишининг ҳақиқий ҳунармандлари, фидойилари деб биламан. Яна бир гапни айтиб ўтай: Ҳар бир артистнинг театрда ўз ўрни бўлиши керак. Шу артист ишга келмаса ҳамма соғиниб қолсин, ўрни билинсин. Жуда кўп юртларда бўлдим. Италияда бўлганимда, бутун дунё артистларини кўрдим. Ўшанда театрда қандай мўъжизалар яралишини кўрдим. Бизда ҳам кучли актёрлар бўлган ва бугун ҳам бор. Мен ишлаган давримда Лутфихоним,  Машраб Юнусов, Маҳмуджон Ғафуров, Соиб Хўжаев, Ҳамза Умаров каби санъаткорлардан иборат  ажойиб гулдаста бўлган. Бу актёрларнинг ҳеч бири машҳурликка, улуғликка  осонлик  билан эришмаган, саҳнада инсоннинг ҳақиқий сиймосини яратишга ҳаракат қилишган ва бунга эришишган.  Агар актёр ўз касбини севмаса, у ўнта  институтни тугатса  ҳам артист бўлолмайди. Устозим Соиб Хўжаев учинчи  синфни тугатган, лекин ўз ишининг  моҳир ҳунарманди эди. Томошабин атайлаб уни  кўриш учун театрга келишарди. Машҳур спортчи  Мария Шаропова  бир неча йил илгари телевизорда яхши бир гап айтувди: “Мен бу муваффақиятга катта қийинчилик билан  эришдим, лекин ҳақиқий инсон бўлишга ҳаракат қилаяпман”. Бунинг асл мағзини тушунган одамнинг садағаси кетай! Театрда ҳам шундай бўлиши керак.

Театр - истеъдодсиз одамнинг  жойи эмас

- Лекин айрим театрларимизда истеъдодсиз актёрлар  ҳам йўқ эмас...   
- Гапингизга  қўшиламан. Бу ҳар бир соҳада ҳам бор. Театрда катта талантлар бўлиши шарт эмас. 5-6 та бўлса   етади.  Яхши актёрлар хамиртуруш бўлса, қолганлари ҳамир ваифасини ўтайди. Актёр бўлиш осон эмас. Театр истеъдодсиз одамнинг жойи эмас. Агар актёр истеъдодсиз бўлса, уни санъаткор қилиш учун ҳақиқий педагогнинг умри кетади.

Кўп  нарсаларни Ота ҳал қилиши лозим

- Бахтиёр ака ,оила муҳитида нималар сақланиб қолса, оила мустаҳкам бўлади?
- Ота боласи олдида  аёлини, аёли боласи олдида отасини ёмонламаслиги, камситмаслиги лозим. Ота уй бошлиғи. Кўп нарсаларни ота ҳал қилади. Аёл киши оилада ҳал қилиши зарур бўладиган муаммо пайдо бўлсагина, “Буни онанг ҳал қилади” дейиши лозим. Эру хотин борини ошириб, йўғини яшириб яшасагина оилада  мустаҳкамлик, аҳиллик бўлади.  Аслида эр-хотинга  бир-бировидан яқин одам  йўқ. Лекин ота-онани ҳам асло эсдан чиқариб бўлмайди. Ҳамиша уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишни унутмаслигимиз шарт. Сиз савол бердингиз, мен тўлиқроқ жавоб берай. Агар  эркак оилада жиловни аёлга бериб қўйса, оилада муҳаббат сўнади, совуқ муносабатлар бошланади, иккаласи ҳам  ўз ўрнини йўқотиб қўяди. Бир мисол: эркак аёлини қайсидир чет давлатга  пул топиб келгани  жўнатди. Аёл ишлаб эрига пул жўнатади. Эри қайси юз билан аёли  юборган пулларга ўзига бирон нарса харид қилиб мақтана олади?  Эркак оиласини  боқиш учун ўзи  ҳаракат қилсин.  Аёл  ҳақида нима гап-сўзлар  бўлишидан қатъий  назар, мен ҳамиша аёлни  ҳимоя қилганман  ва ҳимоя қиламан. Театрда қанча асарларни  саҳнага  қўйган бўлсам, ҳаммасида аёлни ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим. Мен вояга етган хонадон муҳитида аёл зотига нисбатан эҳтиром сақланган. Дадам онажонимни кўкларга кўтарардилар, онамни ҳеч қачон сўкмаганлар.  Аёл она, аёл яратувчи, аёл мўъжиза. Унга меҳр беришимиз, авайлаб-ардоқлашимиз керак. Аёлларни кўпроқ  бозорларда  кўп  кузатаман. Айрим аёлларимиз эркакчасига сўкинишади, эркакшодалик  аёлларимизга ярашмайди. Улар  билан савдо-сотиқ қилиш ҳам қийин. Аёл қўполлиги  билан боғлиқ  жараёнлар   кўнглимга оғир ботади.
-Бахтиёр ака, хайрлашув олдидан бир савол берсам майлими?
-Бемалол.
-Хоналарингизнинг ҳар томонида қушлар сайраб ётибди, булбуллар, канарейкалар...Шунчалик яхши кўрасизми қушларни?
-150 дан ортиқ канарейкаларим бор. Бу қушлар қафасда туғилиб, қафасда ўладилар. Мен уларнинг  ҳар  бири билан гаплашаман. Ижодий сафарларга кетганимда  қушларим унчалик  сайрамай  қўйишар экан. Аёлим менга қўнғироқ қилиб, овозимни баланд қилиб эшиттириши  билан улар сайрай бошлашади. Шу  ўринда  Эзопнинг бир гапини келтириб ўтай: “Мен узоқларга кетаман, одамлар яшайдиган жойларга эмас, ҳайвонлар, қушлар яшайдиган  томонларга кетаман, чунки улар билангина тиллаша оламан. Одамлар минг йиллардан  бери бир-бирларини тушунмайдилар. Қушлар эса бир-бирларига ёмонлик қилмайдилар,  бир-бирларини ўлдирмайдилар, ёмонлик  қилмайдилар”, деган экан.
-Бахтиёр ака, мухлисларингизга қандай тилакларингиз бор?
- Мен ҳеч кимга ўхшашга ҳаракат қилмадим, бировга тақлид қилмадим. Ҳаётда ҳам, санъатда ҳам Бахтиёр Ихтиёров бўлиб қолдим. Энг муҳими, халқимиз олқишига, ҳурматига сазовор бўлдим. Мен жудаям бахтли инсонман. 80  ёшга кирдим. Лекин руҳиятим жуда баланд! Кўп китоб ўқийман, пиёда кўп кезаман. Одамлар билан кўп гаплашаман. Шундай жаннатмакон юртда яшаётганлигим бахт. Жаннатни одамзоднинг ўзи яратади. Бунинг учун унинг ўзида хоҳиш–истак бўлса бас.  

Меҳринисо Қурбонова суҳбатлашди.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот