Эртаклардан бошланган олам


Аёл ҳақида сўз


Эртаклардан бошланган олам

  Болалик чоғларим бобом рахматлик Орифжон ота биз набираларига қишнинг узун кечалари, ёзнинг ойдин оқшомларида эртак ва ривоятлар айтиб, саволларимизга эринмай жавоблар қайтарарди. Ўша болалик чоғларимда “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Тўмарис”, “Широқ”, “Фарход ва Ширин” каби афсоналарни бобомдан эшитганман. Эҳтимол, шу сабабдир китобга, шеърга, ижодга, адабиётга ихлосим юксалгандир.
  Ўрта мактабни тамомлаганимдан сўнг Андижон давлат университети филология факультети талабаси бўлиш бахти насиб этди. Катта ҳайрат ва ҳаяжон билан устозлардан таълим ола бошладик. Менга устозлар орасида Салимахон Мирзаева деган ёш, истарали, гўёки сўзларида сеҳр бор аёл жуда ёқди. Нега дейсизми, сабаби улар сабоқнинг илк куниданоқ ўзларини талабаларга сизнинг дўстингизман, деб таништирди. Кейин эса дарс жараёнида ўша болалик оламимга қайтариб, халқ оғзаки ижоди, фолклоршунослик, эртак, ривоят ва достонларда образлар талқини борасида таълим бериб, мени бутунлай ўзига ром этиб қўйди. Мен болалигимда бобомдан эшитганларимни энди ҳаётдаги талқини, илмий асослари, аҳамияти ва фойдали жиҳатларини фан нуқтаи назаридан ўргана бошладим.   
  Бу 1990 йиллар воқеаси, мана орадан қарийиб ўттиз йилдан зиёд вақт ўтди. Менга ҳаёт йўлимни ёритишда нурли чироқ бўлган Салима Мирзаева ҳамон Андижон давлат университетида талабаларга сабоқ бериб келмоқда. 
  Мен фахр билан ҳикоя қилаётган устозим Салима Мирзаева шоираи даврон Нодирабегим юрти Жалолқудуқ туманида деҳқон оиласида 3 ўғил, 3 қизнинг кенжаси бўлиб дунёга келди. Онаси Донохон ая тикувчи ҳунарманд бўлиб, тунлари камзул тикиб болаларига эртак, ривоятлар айтиб улғайтирган закий аёл бўлган. Отаси Райимжон ака эса фарзандларини ўқимишли, элу-юртга нафи тегадиган инсонлар бўлишини жуда-жуда истаган, гарчи қаттиққўл, бир сўзли, кескир одам бўлсада фарзандлари учун ҳамиша меҳрини аямаган инсон эдилар.  
  Ота-онанинг эзгу нияти ва фарзандлар келажаги учун тинимсиз меҳнат қилишлари натижасида Турсунбой, Абдуғаффор, Абдумўминлар ҳуқуқшунос, Халимахон педагог, Хабибахон журналист, кенжаси Салимахон эса адабиётшунос олима бўлдилар. Кенжатойнинг олимлик мақомига етишида ўша болалигидаги онасининг пинжида ҳаммадан кўп эшитган эртагу, ривоятлар асосий омил бўлди. Эртаклар оламида яшаш, ўша эртаклардан бошланган олам кейинчалик кўзлари ёниб турувчи, боқишлари тийран, хаёлот оламида кезишни хуш кўрувчи Салимахонни илм-фаннинг заҳматини тотиш, лаззатидан баҳра олиш саодатига эриштирди.
  Салима Мирзаева ўзининг адабиётга бўлган ҳавас ва билимга чанқоқлиги боис Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги университет)нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетининг олди талабаларидан бўлди. 
  Ўзбек адабиётшунослиги ва фольклоршунослигининг йирик дарғаларидан илмий маърузалар тинглаб, халқ оғзаки ижоди фанига меҳр қўйди, ўша кезлардаёқ илмий-ижодий лаёқати тобланиб, устозлардан олган сабоқлари уларни истеъдодли фольклоршунос олима бўлишига замин тайёрлади. 
  Олималик шунчаки хавас билан юзага чиқадиган мезон эмас, аксинча у йиллар синовидан ўтиб, машаққатлар тарозисида тортилиб, меҳнатлар эвазига бериладиган шарафдир. Шу боис ҳам бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам илмга, илм йўлини тутганларга эҳтиром кўрсатиб, улар учун неки яхшилик, қандай шарт-шароитлар бўлса яратиб қўймоқдалар.
  Мен сўз юритаётган Салима Мирзаеванинг кўп йиллик изланишлари самараси сифатида юзага келган “Ўзбек халқ романик достонлари поэтикаси” мавзусидаги докторлик диссертацияси (2004) ва шу номда эълон қилинган монографик тадқиқоти (2004), шунингдек, турли йилларда чоп этилган юзга яқин назарий жиҳатдан бақувват мақолалари, юздан зиёд тезислари, ўндан ортиқ китоблар, битта электрон мультимедияли ишланма уларни етук олима сифатида кашф этди. 
  Салима Мирзаевага берган баҳоимизни уларни фольклоршуносликка олиб кирган бир қатор илмий янгиликлар билан асослаш мумкин. Яъни, ўзбек эпосшунослигида халқ достонларини тасниф этиш бўйича амалга оширилган ишларга жиддий танқидий муносабатлар билдиргани, халқ достонлари ичида романик достонларнинг тутган ўрнини аниқлаб берганлиги, ушбу достонларнинг бошқа туркий халқлар эпосида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаганлиги, романик достонлардаги макон ва замон категорияларнинг тасвирланиши, уларнинг реал макон ва замонга бўлган шартли муносабатини бир қатор достонлар мисолида ёритиб берганлигидир. Фольклоршунос олиманинг илмдаги ютуқларидан яна бири – романик достонлар  қаҳрамонлари билан умумўзбек достонлари қаҳрамонлари ўртасидаги ўхшашлик ва фарқли жиҳатларини аниқлаб, ушбу қаҳрамонларни идеаллаштириш, унинг мезонларини ёритишда илмий-назарий жиҳатдан асосланган илмий мулоҳазаларни жамоатчилик ўртасида биринчилардан бўлиб айтганлигида ҳамда аниқ далиллар, адабий-бадиий материаллар асосида исботлаб берганлигида кўриш мумкин. 
  Фольклоршунос олима, филология фанлари доктори, профессор Салима Мирзаеванинг эъзозга муносиб жиҳатларидан яна бири шуки, уларнинг ёшларга бўлган муносабати масаласидир. Истеъдодли шогирдлар билан ишлашни мароқли, уларга йўл-йўриқ кўрсатишни чинакам бахт, деб билган устоз талабаларга илмий сабоқ бериш билан бирга, кўплаб ёш тадқиқотчиларни олимлик мақомига сазовор қилиш йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг илмий раҳбарлигида иқтидорли ёшлардан бир нечтаси магистратура ва аспирантурани тугатиб, ўзларининг илмий ишларини муваффақиятли якунлаган. Кейинги йилларда бир нафар филология фанлари доктори (DSc), тўрт нафар фан номзоди ва икки нафар филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларга эришдилар ва яна қанчаси ҳимоя қилиш арафасида. 
  Ушбу илм заҳматкашлари, фан фидойилари, истеъдодли кадрлар албатта мамлакатимиз илм-фанининг эртанги истиқболлари десак муболаға бўлмайди. 
  40 йиллик илмий–педагогик фаолияти давомида таълим тизимида баркамол авлодни тарбиялашда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Салима Мирзаева ҳамон талабалар даврасида, ҳамон изланишда, ҳамон ёшларга дўст, тарбиячи ва меҳрибон устоз. Маълумки, ўзбек филологияси факультети талабалари ҳар йили фольклор ва диалектологик экспедицияга чиқадилар. Уларнинг кучи билан бугун улкан хазина жамланган ва ушбу материаллар асосида курс ишлари, битирув-малакавий ишлари тайёрламоқда, диссертациялар ёзишда улардан унумли фойдаланилмоқда. Салима Мирзаева эса ана шу хазинани саралаб, жамлаб халққа етказиш ишига муносиб ҳисса қўшмоқда. 
  Устозим бугунги кунда нафақат шогирдларига балки фарзандларига ҳам илм йўлидан боришни, илм икки дунё саодатига калит эканлиги, илмли инсон шарафга муносиблигини уқтира олганлиги боис қизлари Меҳрноз филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олди. Шаҳноза илмий ишларини якунлаб ҳозирда Филология фанлари доктори даражасини олиш учун ҳимоя қилиш арафасида бўлса ўғли Олимбек ҳуқуқшунослик йўналишида илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётганлиги қувонарлидир. 
  Оиладаги илм заҳматкашларини оила боши Ойбек ака доим маънавий қўллаб-қувватлайди, уларга яқиндан ёрдам бериб, неки шарт-шароит бўлса муҳайё қилади. Сабаби, ўзлари ҳуқуқшунос бўлишларига қарамай илмни нафақат ҳурмат қилади, балки оиласидаги илм фидойилари билан мақтанишни, фахрланишни ҳам ҳуш кўради.  
  Бугун биз малакали, етук олима, жонкуяр устоз, салоҳиятли ҳамкасб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга беминнат ҳисса қўшаётган,  ҳам жамият иши, ҳам касб фидойилиги, ҳам ҳаёт юки, ҳам оила масъулияти ва фарзандлар камолоти, ҳам инсонийлик мезонларини бирдай уддалай олган инсон Салима Мирзаева билан маънан фахрлансак арзийди.
  Муттассил курашдан иборат ҳаётда инсон камолотидан гўзал юксалиш, тақдиридан миннатдорлик ҳисси, маънавий етуклик, устозлик мақоми, бахтли ҳаёт ва бахтиёр оила, ўтган умрдан рози бўлиш саодати ва хавас қилгулик тақдир соҳиби эканлигининг ўзи уларнинг яратганга яқинлигидир. Зотан, инсон умри пиллапояга ўхшайди. Унга кўтарилиб борган сари камолот йўллари очилиб бораверади. Бу кўтарилиш агар илм билан уйғунликда кечса, инсон юксак маънавият чўққиларини забт этади. Шу маънода Илм улуғ қадриятлардан биридир. Бу йўлдаги қийинчилик ва машаққатлар инсонни нурга чулғайди. Филология фанлари доктори, профессор, республикамизда танилган фольклоршунос олима Салима Мирзаеванинг ҳаёт йўллари, менинг назаримда, илм нурларидан файзиёб бўлган умрдир. 

Феруза Орипова, журналист.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот