«Ўзбеккино»нинг байрам совғаси


 

     «Ўзбеккино»нинг байрам совғаси ва ниҳоят уйга етиб келди. Ўзбек киноси тарихидаги «оламшумул», «тарихий» воқеа бўлди бугун! Киножурналистикада «ақлимни таниганимдан бери» бунақаси бўлмаган эди. Ташкилотчиларга эътибор ва эътироф учун рахмат! Совғани оп кеп қўйиб, кўнглимдан ўтаётганларни ҳам ёзай дедим. Журналистик тақдирим шу санъат билан боғлиқ. Бир умр кинонинг тарғиботи учун ишладим. Биринчи лавҳамни Зулфиқор Мусоқовнинг «Абдуллажон» фильми суратга олинаётган съёмка майдонидан тайёрлаганман. Шундай йиллар бўлдики, киносиз ҳам яшадик. «Ўзбекфильм»да 90- йилларнинг бошида бирорта ҳам фильм суратга олинмаган йиллар ҳам бўлди.. Ўшанда баъзилар кинодан кетишди.Бугун уларнинг айримлари қайтди, кимлардир эса йўқ. Ўша йиллари ЎзТвда «Кино» деган редакция бўлар эди. Уни ҳам ёпишди. Твдаги устозлар билан«Кино, кино, кино»«Кинонинг минг бир олами»-деган кўрсатувлар қилар эдик. «Кино энди йўқ, демак кўрсатув ҳам керак эмас»-дейишди. Лекин кино ҳақидаги кўрсатувни ёпишим учун, аввало ўзбек киноси йўқ бўлиб кетишига ўзимни ишонтиришим керак эди. Лекин мен ишонмадим! Кўрсатувни «КиноТеатр»-деган ном билан сақлаб қолдим. Чунки, кўпчилик киночилар ҳам ишонмаган, ўшанда худди эртакка ўхшаб кетадиган ҳақиқатга- бир кун келиб ўзбек киноси яна бор бўлишига ишонардим. Кейинчалик ҳам, «КиноТеатр» бутун бошли телеканалга айланиб кетгач, «Кинонигоҳ», «Премъерадан сўнг», «КиноАКАДЕМИЯ»,«КиноПро» каби қатор кўрсатув ҳамда ток-шоулар тайёрладим. Ҳаммаси кино ҳақида эди. Бугун, «Ўзбеккино»раҳбарияти киножурналистларни, шуларнинг қаторида мени касб байрамимиз билан табриклаб, яхши тилаклар, чиройли гулдасталар, қимматбаҳо совғалар тақдим этганида, бу ҳолат-эътибор, эътироф журналистикада мен «ақлимни танигандан »бери илк маротаба бўлаётгани ҳақида уйладим. Ҳая, яна бир нарсага эътибор бердим. Киножурналистлар ҳам яхши киноижодкорлар каби «штучный товар» эканмиз. Ўзбеккинодагилар учун «кўпам қимматга» тушмадик деган умиддаман. Ўн нафар ҳамкасбларимиз ҳам совғалар билан тақдирланишди. Байрам муборак бўлсин, азиз ҳамкасблар!