ЖУМҲУРИЯТ МУАЛЛИМИ


  

   Ўтган асрнинг 80 йилларида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида туб ўзгаришлар содир бўлди: ошкоралик сиёсати туфайли собиқ СССРнинг асл башараси очилди, давлат тили масаласи ўртага ташланди, миллий муносабатлар кескинлашди, миллий истиқлол ғоялари олдинга сурилди, халқимизнинг ҳақиқий тарихи ёритила бошланди. Қисқаси, халқимиз ўзини чуқурроқ англаб, мустақиллик сари қадам қўйди. Айни шу жараёнда халқимизнинг ҳақиқий фидойилари жонбозлик кўрсатишди — кимдир сиёсий жасорати билан майдонга чиққан  бўлса, кимдир илму ирфон орқали халқимизни асрий мустамлакачиликдан уйғотишга хизмат қилди. Мана шундай инсонлар орасида Раҳимбой Жуманиёзов ҳам бор эди.
 Мен Раҳимбойни талабалик давридан яхши биламан. У билан ЎзМУ (собиқ ТошДУ)нинг тайёрлов бўлимида бирга таҳсил олганмиз. Раҳимбой Жуманиёзов ўта тиришқоқ, ўз қувваи ҳофизаси билан кўпчиликни ҳайрон қолдирар, халқ достонларидан жуда кўп парчаларни ёддан, ифодали айта олар, ҳар бир образнинг моҳиятини тўла-тўкис очиб бера оларди. Айни пайтда эски ўзбек ёзуви — араб алифбосини яхши билар, арабча имлонинг сир-синоатидан яхши хабардор эди. Бунинг устига унда импровизация – бадиҳагўйлик санъати ҳам ривожланган эди. Шу боис ҳам талабалар орасида, факультет ҳамда университет жамоасида катта обрў қозонган, устозлар дуосини олган талабалардан бири эди.
  Раҳимбой Жуманиёзов талабалик давриданоқ илм йўлини тутди, маърифат маёғини маҳкам ушлади, Ўзбекистон Фанлар академияси билан алоқани йўлга қўйди. Шу сабабали бўлса керак, талабаликнинг охирги йилидан бошлаб Тил ва адабиёт институтида ишлай бошлади. Бу мўътабар даргоҳда Матёқуб Қўшжонов, Абдуқодир Ҳайитметов, Тўра Мирзаев каби олимларнинг назарига тушди, кўплаб илмий мақолалар ёзди, ўзбек фольклори ва мумтоз адабиёт туташган соҳа — халқ китоблари устида тадқиқот олиб борди. Натижада 1991 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Айниқса, 1989 йилда яратилган “Эски ўзбек ёзуви” деб номланган китоби шов-шувларга сабаб бўлди. Мазкур асар бир неча бор қайта нашр қилинди, минглаб инсонларнинг саводини чиқаришда дастуриламал бўлди. Негаки, эски ўзбек (араб) ёзуви орқали миллий ўзликни англаш сари йўл очилди, қадим маданиятимизни ўрганишда муҳим восита бўлиб қолди.
  Раҳимбой Жуманиёзов бу борадаги изланишларини тўхтовсиз давом эттирди. 1990 йилда “Алифбо сабоқлари” деб номланган ўқув-услубий қўлланмани чоп эттирди. 1995 йилда эса “Ҳарфлар тилга кирганда” асари нашр этилди. Раҳимбой танлаган усул содда ва халқчиллиги билан ажралиб тургани боис республикамиздаги барча таълим муассасаларида, ўқув курсларида мазкур қўлланма асосида машғулотлар олиб борилди. Янглишмасам, кўплаб юртдошларимиз Раҳимбой Жуманиёзов яратган қўлланмалар асосида, мустақил тарзда эски ўзбек ёзувини ўрганиб олди. Бу эса унинг новаторлигидан, жамият талаби ва замон шиддатини тезкорлик билан илғаб олганидан далолатдир.
  Илму маърифатнинг фаол тарғиботчисига айланган Раҳимбой Жуманиёзов Ўзбекистон телевидениеси орқали ҳам самарали фаолият олиб борди. Мустақиллик арафасида “Алифбо сабоқлари” номли кўрсатувни ташкил этиб, эски ўзбек ёзувини халқимизга ўргатди, натижада халқ орасида “жумҳурият муаллими” дея ардоқланадиган бўлди. Ҳозирда 80 - 90 ёшни қоралаган кекса отахон ва бувижонлар "устоз" деб йўқлаб туришади. Ўзим гувоҳи бўлганим бир нечта бувижонлар ҳаждан келибоқ, "сиз бизни танимайсиз, телевидение орқали сиздан араб алифбосини, илм ўрганганмиз, сизга ғойибона устозимизга ҳадя" деб жойнамоз, қуръон китоби, тасбеҳ каби совғаларни топширганининг гувоҳи бўлганман. Кейинчалик, “Сирли сандиқ”, “Иқтидор”, "Муқаллидлик майдонида", "Ким, нима?", "Туташ томирлар" каби кўрсатувларининг муаллифи сифатида ҳам халқимизга маърифат улашди, ўзбек араб ёзувида битилган дурдона асарларга қизиқиш уйғотди.
  Раҳимбой Жуманиёзов кенг қамровли олим, серқирра ижодкор ва моҳир нотиқ сифатида эътироф этилди. Негаки, унинг қатор асарлари нутқ маданияти, нотиқлик санъати ва тилдан унумли фойдаланиш маҳоратига бағишланган. Жумладан, “Нутқий маҳорат” (2005), “Муомала маданияти” (2015), “Дил – қулф, тил – калит” (2016), “Нотиқлик санъати” (2016), “Сиз нотиқ бўлмоқчимисиз” (2019) китобларида нотиқлик санъатининг турли қирралари қамраб олинган. Мазкур асарларда ўзбек адабий тили, нутқ маданиятининг илмий-назарий ва амалий жиҳатлари ишонарли тарзда, синовдан ўтган материаллар асосида таҳлил қилинган, ҳозирги тил амалиёти учун фойдали фикр-мулоҳазалар тавсия қилинган. Унинг нотиқлик санъати, воизлик маҳоратини ўргатиш бўйича аудио ва видео қўлланмалари тайёрланган бўлиб, шу асосда унинг интернет тармоқларида турли сайт ва каналларда (notiq.uz, notiqlik san'ati akademiyasi, facebook, youtube, telegramдаги) сабоқлари намойиш этиб келинмоқда.
   Раҳимбой Жуманиёзов нотиқлик санъатининг сир-асрорларини чуқур ўрганган ҳолда машҳур радио диктори, Ўзбекистон халқ артисти Қодир Махсумов ижоди тўғрисида махсус китоб тайёрлади. “Тошкентдан гапирамиз” деб номланган ушбу китоб 2016 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди. Ушбу асар ҳам радио ва телебошловчилар, сухандонлар учун муҳим бир қўлланма бўлиб қолди. Айни пайтда Раҳимбой Жуманиёзовнинг ўзбек миллий киносини ривожлантиришдаги меҳнатини ҳам алоҳида қайд этиш жоиздир. Негаки, унинг бадиий раҳбарлиги остида “Иқтидор” студиясида “Қора илон”, “Бегона ”, “Ота”, "Нотаниш юлдуз", "Гаровдаги муҳаббат" каби бадиий фильмлар суратга олиниб, намойиш қилинмоқда.
  Шу ўринда Раҳимбой Жуманиёзовнинг шахсан ўзи етук нотиқ эканини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Чунки Раҳимбойнинг овозидаги ўзига хос оҳанг, жарангдорлик, адабий тил қоидаларига қатъий риоя этиш, топқирлик ва бадиҳагўйлик бирорта сухандон ёки бошловчида учрамайди. У талаффуз этган сўздаги аниқлик, сўз урғуси ва мантиқий урғунинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаган ҳолда бошқаларга ҳам етказа олиш қобилияти, мумтоз адабиёт ва замонавий шеърият намуналаридан унумли фойдалана олиши  Раҳимбой Жуманиёзовнинг ноёб истеъдод соҳиби эканидан дарак беради.
  Шунингдек, мумтоз ғазалларни ўқиш маҳорати, аруз вазнининг қонун-қоидаларни пухта ўзлаштиргани ҳам унинг бетакрор овоз соҳиби эканини англатади. Шу сабабли ҳам 1991 йилда Алишер Навоийнинг 550 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон радиосида йил давомида ўқиган ғазаллари ҳали-ҳануз юракларни ҳаяжонга солади.
   Ардоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Курашади икки тўлқин” шеърида шундай жумлалар бор: “Дўстим, кураш энди бу кун сарҳадидан ошибди. Кураш энди уммон каби қирғоғидан тошибди”. Дарҳақиқат, мафкуравий кураш ҳеч қачон тўхтаган эмас. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида мафкуравий-маънавий таҳдидлар минг бир хил кўринишда давом этмоқда. 
  Юртимиз фуқароларини, айниқса, ёш авлодни мафкуравий хуружлардан асрашнинг турли усул ва воситаларидан фойдаланилмоқда. Раҳимбой Жуманиёзов бу борада ҳам пешқадам зиёлиларимиздан биридир. Бинобарин, унинг “Тарғиботнинг таъсирчан тизими”, “Гумроҳлик гирдобидан ёруғликка” мақолалари ўз вақтида ёзилган, долзарб мақолалардан саналади. Айниқса, “Ғоямиз – ҳимоямиз” номли ижтимоий-маърифий лойиҳа олий ва ўрт махсус таълим муассасалари талабалари, жамоатчилик орасида шуҳрат қозонди. Раҳимбойнинг сиёсий топқирлиги, миллий ғояни содда услубда, ишонарли тарзда етказа олиш маҳорати, етук нотиқлиги жуда қўл келди. Раҳимбой Жуманиёзов 2016, 2018, 2019 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Йилнинг Энг яхши маънавият тарғиботчиси” дея эътироф этилди. 
   Давр талаби, замон шиддатига ҳамоҳанг қадам ташлаб келаётган, ўзининг қутлуғ ёшини нишонлаётган Р. Жуманиёзов бугунги кунда ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Жумладан, республикамизда нотиқлик санъатини ривожлантириш, ҳар бир фуқаронинг нутқ маданиятини ошириш учун махсус курслар ташкил этиб, тизимли машғулотларни йўлга қўйган. Олий мақсади — ушбу курсларни Нотиқлик академиясига айлантириш ҳамда аҳолининг барча қатламини қамраб олишдир. 
   У ҳозирда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Матбуот котиби сифатида дунё университетлари рейтингида юқори натижаларга эришиб келаётган мазкур таълим муассасаси ҳаётидаги ютуқлар, янгилик ва хабарларни ОАВ орқали ёритишдек муҳим вазифани ўзига шараф деб билади. Унинг ТИҚХММИдаги "Иқтидорли, ибратли, ижодкор, истеъдодли инсонлар ила ижодий учрашув" рукнидаги таъсирли ва қизиқарли маърифий тадбирлари талабаларнинг олқишига боис бўлгани ҳам рост.
  Зукко тадқиқотчи, етук нотиқ, маънавият ва маърифатнинг фаол тарғиботчиси, изланувчан педагог Раҳимбой Жуманиёзовга ижодий ютуқлар ҳар доимо ҳамроҳ бўлишига тилакдошмиз. Ниятимиз — “Жумҳурият муаллими” дея ардоқланган инсонга фарзандлар камоли, шогирдлар эҳтироми насиб этсин. Қисқаси, шоирнинг қаламидан тўкилган, қалб қўри билан битилган қуйидаги тилаклар дўстим Раҳимбойга ҳам насиб этсин:


Бахту толени қидирган одам,
Олис йўлга чиққан юртдошим, оғам.
Бардам бўл, ҳорима, дадил қўй қадам,
Илоҳим йўлларинг бехатар бўлсин,
Тангрим муродингни муяссар қилсин!

Равшан ЖОМОНОВ,
Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, 
филология фанлари номзоди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот