Етти тилда қўшиқ айтиб, қалбим очаман...


    

     Ўзининг табиий гўзаллиги ва истеъдоди билан нафақат Марказий Осиё мамлакатларида мухлис орттирган, балки ўзбекистонликларни ҳам мафтун этган хонанда, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самара Каримова Тошкентда 25 июнь куни "Муқимий" номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ўз ижодидан намуналарни юртимиздаги мухлисларига тақдим этади.

     “Концертда мен 7 тилда қўшиқ айтаман. Қўшиқларимнинг аксариятини қирғиз ва ўзбек тилларида ижро этаман. Ўзбек қўшиқчилари  билан дуэтлар айтамиз. Бундан ташқари, қирғиз шоу-бизнес вакилларининг ташрифи ҳам кутилмоқда. Концертимизга Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Турусбек Жумалиев ва Марказий Осиёда таниқли ўзбек актрисаси Дилноза Кубаева бошловчилик қиладилар.

      Фурсатдан фойдаланиб,Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилигимни билдираман. Икки давлат раҳбарларининг музокаралари ва дипломатик алоқалар юқори даражага кўтарилгандан кейин маданият ходимлари ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйдилар. Шунингдек, концерт сценарийси ва ташкилий ишларга ўз ҳиссасини қўшаётган Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовга ўз ташаккуримни билдираман” деди Самара Каримова биз билан суҳбатда.

 

САМАРА КАРИМОВА ҲАҚИДА 7 МАЪЛУМОТ

  1. Самара Эрмековна Каримова 10 апрель 1991 йилда Қирғизистон Республикаси Боткент вилоятида туғилган.
  2. Отаси мусиқашунос, онасишифокор бўлиб, у оиладаги еттинчи фарзанд бўлиб дунёга келган.
  3. “МАНАС” қирғиз-турк университетининг актёрлик бўлимини битирган.
  4. Уч фарзанднинг меҳрибон онаси.
  5. Самара Каримова 26 ёшида Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган.
  6. Самара Каримова – “Инстаграм”да 1,5 миллиондан ошиқ обуначи тўплаган илк қирғизистонлик.
  7. Қирғизистон бош телеканалининг етакчиси Илим Каримбеков Самарани “ўлканинг нуфузли аёлларидан бири” деб атаган.

 

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри веб-сайти муҳаррири, журналист Фируза Холиқова тайёрлади.

Ахборот ҳамкори: маънавий-маърифий, ҳуқуқий ва ахборот веб сайти - Muzaffar.uz.