Темир иродали, олтин одамлар


25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан
   
  Она ватанимиз осудалиги, тинчлиги посбонлари — ички ишлар органлари ходимлари куни байрами яқинлашгани сари бир қаламкаш сифатида мени алланечук ҳаяжон қуршаб олади. Уларга мана шу мунаввар тонглар, баракотли кунлар учун миннатдорлик сўзларини айтгим келади.
  Шаҳар ва қишлоқларимиздаги файзу тароват ҳушёр нигоҳларингиз, жасурлигингиз, ботирлигингиз, адолат ва юртга муҳаббатингиз туфайлидир.
  Йил-ўн икки ой гулга ўранмиш мафтункор ватанимизда фасллар келинчаги баҳордан тортиб, саратоннинг куйдиргич офтоби, қишнинг қилич қайраган аёзли кунларида ҳам биз бехавотирмиз, чунки сиз борсиз.
 Эрта тонгда юртимиз мусулмонлари бомдод намозига уйғонади, тонгда очилган атиргуллар шохига булбуллар қўниб, дилларни эркалайди. Дуоларимиз Яратган эгамга етсин. Биз тинчмиз, шафоат ва фароғат ичрамиз. Шукр, сиз борсиз.
   Буни ҳаёт дейдилар, унда ҳамиша яхшилик ва ёмонлик, қаҳр ва меҳр ўртасида кураш давом этади. Аммо ҳамиша яхшилик ғалаба қилади, кечикиб бўлса-да, машаққатлар эвазига бўлса-да, адолат қарор топади. Кўз ёшларни артувчи, энг оғир вазиятда ёрдам қўлини чўзувчи, буниси оқ, буниси қора, деб айтиш учун сиз борсиз.
   Маънавий ва маърифий анжуманларда, диплом топширишдек ҳаяжонли тадбирларда Ички ишлар академиясига бориб тураман. Кейинги йилларда бу ўқув масканида таълим олиш учун ариза топширганлар сони тобора ошиб бормоқда. Фарзандлари ушбу илм даргоҳида ўқишини ҳар бир ота-она истайди. Шаффоф ўтаётган тест ва жисмоний синовларнинг ўзидаёқ ёшларимизда келажакка ишонч руҳи ошмоқда. Уларнинг ортида турган ота-оналар ва устозларнинг қувончига таъриф йўқ. Чунки ушбу академияга энг билимлилар, чиниққанлар ва энг кучлилар саралаб олинади. Дунё ҳавас қилса арзигулик ўқув аудиториялари, техник жиҳозлар, ўқув корпуслари, спортнинг барча турларига мослашган машғулот заллари ёшларни ўзига оҳанрабодек тортади. Яшил арчалар, анвоий гулларга бурканган бу муқаддас даргоҳда ҳар кун талабалар ўзбекнинг генераллари, полковниклари, подполковниклари, фан докторлари, профессор ва доцентларидан андоза олади. Улардан шу ватанга садоқат билан хизмат қилиш сирларини ўрганади. Ўқишни битириб ҳам улар хизмат жойларида яна тажриба ўрганиш учун устозларга бириктирилади. Темир иродали устозлардан таҳсил олган ҳар қандай шогирд пўлатдек тоблангани учун ҳам қилни қирқ ёра оладиган даражага етади. Ёш кадрларнинг бу қадар етук мутахассис бўлиб етишишларида билим ва маҳоратингиз, талабчанлигингиз уларга ўрнак.
  Халқимизда бир ҳикмат бор: донишманд устозлар бор жойда доно шогирдлар бўлади. Раҳмат, яхши ҳам сиз борсиз.
  1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз бундай деди: “Бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлиши шарт”.
   Ички ишлар академиясида бугун мамлакатимиз миқёсида катта обрўга эга устозлар ёшларга таълим бермоқдалар. Мен хизмат сафарларим таассуротлари асосида ёзган “Темир одамнинг шогирди”, “Отадек қаттиққўл, отадек меҳрли”, “Менинг академиям — менинг устозим” каби мақолаларимда бу ерда хизмат қилаётган илм дарғаларининг шогирдлари эътирофини ёритганман. Уларнинг суҳбатларидан бу даргоҳда, тизим учун кадрлар тайёрлашдек улуғ мақсадга хизмат қилаётган катта ҳарфлар билан ёзиладиган фидойи шахслар турганини олам-олам ҳурмат ва эҳтиром туйғуларида ҳис ­этганман.
   Касблар бор — бир йилда бир марта синовдан ўтиб туради. Касблар бор — уч йилда бир синовдан ўтиб туради. Аммо сиз ҳар кун синовдасиз. Чунки сиз эл назаридасиз. Кўздан йироқ эмассиз. ОАВ, интернет тармоқлари, ҳар хил сайтлар, каналлар қаҳрамонларисиз.
  Жарроҳлик амалиётига қон етишмагани учун ёрдам сўраб мурожаат қилган шифокорларнинг қабулхонасида қатор бўлиб қон топшираётган — сиз.
   Сув тошқинидан гўдакларни елкасида кўтариб чиқиб келаётган ҳам сиз.
  Ярим тунда боласи билан қаерга боришини билмай, бекатда йиғлаб ўтирган аёлни совуқда музлаб қолишдан қутқариб қолган, маҳаллий ҳокимликка мурожаат қилиб, унинг уйли бўлишига сабабчи бўлган ҳам сиз.
  “Бир қўрқинчли махлуқ қишлоқларимизга оралаб, чорва молларимизни бўғизлаб кетмоқда, ўзимизнинг ҳам ҳаётимиз хавф остида”, деб хавотирланаётган ҳамюртларимизни тинчитиш учун зах зовурларда, қоронғу жар ёқаларида, қабристоннинг совуқ сукунатида беш кечаю кундуз ухламасдан пойлоқчилик қилиб, “қўрқинчли махлуқ” — чиябўрини отиб, аҳоли олдига келтириб ташлаган ҳам сиз.
   Беномуслар бозор халтага солиб ташлаб кетган мурғак чақалоқни қоронғу кўчадан топиб олиб, то тез ёрдам машинаси етиб келгунча бағрига босиб овутиб турган ҳам сиз.
 Тошбағирлар ахлатхонага ташлаб юборган чақалоқни қутқариб, биринчи ёрдам кўрсатиб, жажжи нобуд бўлмаслиги учун ҳамширалардан-да чаққонлик билан мурғакни артаётган, бутун халқни дуосини олаётган ҳам сиз.
  Бировнинг мулкига босқин қилиб, жонига қасд қилаётган ваҳший тўда билан олишиб, жабрдийдаларни асраб қолиб, ўзингиз ярадор ҳолда “Ҳечқиси йўқ, ахир биз хизматдамиз”, дейдиган ҳам сиз.
     Ҳамма жойда ҳаёт тўхтаб қолгандек бўлган бир вақтда — карантин шароитида сизнинг масъулиятингиз икки баробар ошди.
   Карантин юмшатилди, қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаёт ўз изига тушиб бормоқда. Аммо сиз қандай интизом билан ишлаётган бўлсангиз, худди ўшандай давом этмоқдасиз.
   Мавлоно Румий айтадилар: “Биз замоннинг наинки жону дили, балки байроқдоримиз”.
   Буюк бобомиз минг йиллар олдин айтиб кетган ушбу ҳикматли сўз ҳар бир ички ишлар ходимига дахлдор. Сиз нафақат замонамизнинг жони, балки унинг дардига дармон, кўксига қалқон, бақувват байроқдори, садоқатли суянчи бўлдингиз. Эзгу мақсадлар йўлида ақлу идрокини, керак бўлса ширин жонини бахшида этаётган фидойи жонларсиз. Яхшиям сиз борсиз.
   Ҳар жума кунлари нур таралаётган масжидлар ёнида қатор туриб намозхонларимиз тинчлиги ва осудалигини таъминлаб турасиз. Масжид ташқарисида турсангиз-да, хизматингиз ибодатга қабул бўлсин. Эл-юрт томирига юрак томирлари ила боғланган мардлар, байрамингиз муборак бўлсин!
     
Байрамингиз қутлуғ, шараф – шон бўлинг,
Тинчликка қалқонлар, бахтга ҳамдамлар.
Сиз саломат бўлинг, сиз омон бўлинг.
Темир иродали, олтин одамлар.

Олам нурга тўлган, атроф олтин куз,
Сизга ҳамроҳ бўлсин дилором дамлар.
Таъзимимиз сизга, сизга эҳтиром,
Темир иродали, олтин одамлар.

Сизгадир элимнинг дуо сўзлари,
Заҳматла Аллоҳга яқин одамлар.
Елкангизга қўнган бахт юлдузлари,
Темир иродали олтин одамлар.

Зулфия МЎМИНОВА,
     Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот