Ўзбекистон халқ артисти - Наима Пўлатованинг юбилейи


     Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Наима Пўлатова таваллуд топган куннинг 80 йиллигига бағишланган ижодий кеча жуда қизғин ва тантанали равишда ўтди.
     Тантанали кечани театр артистлари - Маърифат Ортиқова ва Баҳром Болтаев олиб боришди.
     Кечага Ўзбек миллий академик театрининг атоқли артистлари, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти - Ёқуб Аҳмедов; Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти - Ёдгор Саъдиев; мазкур театр директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Фатхулла Маъсудов; Ўзбек давлат сатира театридан Ўзбекистон халқ артисти - Хайрулла Саъдиев; Ўзбекистон давлат драма театридан - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Доно Бобохонова, театр ва кино актрисаси - Муҳаббат Абдуллаева, қолаверса, қўшни давлатлар - Қирғизистон, Тожикистон, Қорақалпоғистондан келган актёр ва актрисалар ташриф буюришди.
     Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Наима Пўлатованинг туғилган куни қизиқарли, куй-қўшиқ, рақс ва томошалар билан саҳналаштирилгани билан ҳам жуда мароқли ўтди. Ўзбекистон халқ артисти - Хайрулла Лутфуллаев; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Шуҳрат Қаюмов; "Шарқ" гуруҳининг хонандалари - Сарвар Акбаров ва Татъяна Зайцевалар ўз қўшиқлари билан томошабинларни хушнуд этишди.
     Кеча ташкилотчиси, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг директори, Ўзбекистон халқ артисти - Мирза Азизов Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Наима Пўлатовани 80 ёши билан яна бир бор муборакбод этиб, совғаларни топширди ва келган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг актрисаси - Маърифат ОРТИҚОВА.