ЁНАРТОҒНИ КЎРДИМ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЁНАРТОҒНИ КЎРДИМ  

     Бакудан Каспий соҳили бўйлаб 60 чақирим юрсангиз Ёнартоғ қўриқхонасига дуч келасиз. Мени ҳайратга солган ҳолат-ёниб турган тоғни кўрдим. Юз йиллардан ошиқ вақтдан бери ўчмайди. На қор,  на довул,  на ожиз одамзотнинг уринишлари уни ўчиролмайди. Бу нима? Не синоат?  Лолман...  
     Олимлар тилида айтганда шу ердан отилиб чиққаётган газ,  аллақандай элиментлару,  кислород билан  қўшилиб олов пайдо бўлаётгандир,  эҳтимол.  Хўш,  нега айнан мана шугина,  бир ярим метр келар келмас жойдан олов чиқаяпти,  унинг ёни,  эни ё бўйига ярим қаричгина бўлсада  олов ишғоли кенгаймаяпти, тораймаяпти?  Юз йилларки олов айни бир жойда, на қўшилади,  на камаяди. Худи тоғ ўртасидан кимдир шугина жойга газқувур тортиб қўйганга ўхшайди. Оллоҳнинг муъжизасига тан бермай иложимиз йўқ.  
     Ўз кўзингиз билан кўрсангиз ҳайратда қотасиз. Ҳа,  эни- бўйи бир ярим метр келадиган жойдан олов отилмоқда. Ўзинг қодирсан,  Парвардигор!  
     Бу саёҳатни уюштирган,  Бакуга келган кунимиздан бир дақиқа бўлсин бизни эътибордан четда қолдирмай,  меҳрибонликнинг улуғ намунасини кўрсатаётган озарбайжонлик дўстлардан миннадормиз! Айниқса,  Озарбайжон Миллий Мажлиси қўмита раиси,  давлат арбоби Ганира хоним Пашаевага ташаккур айтамиз. Шундай ватанпарвар  қизингни улғайтириб тарбия қиганинг учун ташаккур,  Озарбайжон!   
   Шоир ва арбоб,  миллатпарвар дўстлримиз Акбар Қўшали,  Интиқом Яшар каби қадрдонларимизга таъзим қиламиз. Улар бизга қон-қардош эканлигин буюк меҳр билан намоён этишмоқда. 
    Бугун кечқурун  театрда асарим премьераси бўлади. Кўнглимда ҳаяжон ҳам бор. Лекин озар дўстларимнинг қалб қўридаги оташ менга далда бермоқда. Кеча Ганира хоним Пашаева интернет орқали анча илиқ гапларни ёзибди.  Хурсандман.  Нега булар бунчалик меҳрли ва тафтли деган саволимга жавоб топгандай бўлдим. Ахир уларнинг тоғларида-да оташ бор,  уларни тоғлари ҳам кўнглинга олов бахшида этади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот