Ўзбек кино режиссёрининг ғалабаси!


 

     Сенсация! Франциянинг Канн шаҳрида 14-25 май кунлари бўлиб ўтган халқаро кинофестиваль доирасида бўлиб ўтган «International Festival Entr'2 marches» қисқа метражли фильмлар фестивалида ҳамюртимиз, ёш, умидли кинорежиссёр Шокир Ҳолиқовнинг «Чой»деб номланган фильми Гран прига сазовор бўлди! Бу ўзбек киноси учун тарихий воқеа! Кино дунёсидаги энг нуфузли кинофестивалнинг нуфузли соврини билан Шокир Холиқов ҳамда унинг ижодий гуруҳини, барча ўзбек киноси мухлисларини табриклайман!

     Канн-2019 халқаро кинофестивалнинг остонасида юриб-юриб қайтдик деб ўксингандим. Адашган эканман! Довруғ солмасдан, бировга оғирини туширмай, ҳеч кимни безовта қилмай, асабига тегмай, жимгина...лекин катта натижа билан қайтган йигит бор экан ўзбек кино ижодкорлари орасида! Шокир Ҳолиқов! Ўша, бир пайтлар мен «технично» ёрдам бермоқчи бўлгану, уддасидан чиқолмаган истеъдодлардан бири бугун, шунча одам бориб, амалга ошира олмаган ишни - 72 халқаро Канн кинофестивалининг «International Festival Entr'2 marches» йўналишида «Чой» қисқа метражли фильми билан иштирок этиб, Гран прини қўлга киритибди! Агар қўлимда бўлганида, мен Шокир Ҳолиқов сингари истеъдодларга ўзбек киносининг келажагини қўш қўллаб топширган бўлар эдим. Энг катта имкониятлар, ижод ва мавзу танлаш эркинлиги билан таъминлардим. «Тила тилагингни, мен тайёрман. Нима керак бўлса, муҳайё қиламан, сен эса фақат ижод қил, фильмлар ол, ўзбек киносини дунёга олиб чиқ»- деган бўлар эдим. Умид қиламанки, бу мақоламни кино санъатига алоқадор бўлган инсонлар, кино санъатига бефарқ бўлмаган мухлислар ҳам ўқийди. Шокир Ҳолиқов ва у каби истеъдодли ёшларга бефарқ бўлмайлик! Ижодкор йигитимизни ва барча ўзбек кино санъати мухлисларини бу мукофот билан табриклайман!

Шоҳира Ҳамро