ЖУЛҚУНБОЙ БИЛАН СУҲБАТ


Озод МЎЪМИН ХЎЖА
 
ЖУЛҚУНБОЙ БИЛАН СУҲБАТ
(фантастик ҳикоя)

 Абдулла Қодирий – ёрқин, барчага кенг маълум шоир ва ёзувчи, драматург ва публицист. Ўзбек адабиётида роман жанри асосчиси. Қодирийнинг асарлари ўзбек халқи ҳаётига бағишланган. У 1894 йилда туғилган ва 1937 йилнинг 31 декабрида “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинган. Бунга ҳасадгўй қаламкаш “ҳамкасблари” қўл урган. 1938 йилнинг 4 октябрь куни отиб ташланган. Йигирма йилдан сўнг оқланган. Тошкентдаги “Хўжа Аламбардор” қабристонига дафн этилган. 2019 йилда унинг яшаб, ижод қилган ҳовлиси уй-музейга айлантирилган. 
   “Арбоблар” интернет-сайтидаги  “Таржимаи ҳол”дан кўчирма. 
       *** 
  Кечқурун одатдаги вақтда уйқуга ётдим. Қанчадир ухладим, лекин бир пайт, негадир уйғониб кетдим. Соатга қарасам – тунги 2:00. Бошқа ёнбошимга ўгирилиб, уйқуни давом этдиришни ният қилдим. Йўқ. Келмади. Ўрнимдан турдим. Жуфти ҳалолим буни сезмади. Осуда дам олишни давом этдираверди. Коридорга чиқдим. Болалар хонаси эшигини очиб, секин назар ташладим, улар ҳам уйқудалар. Эшикни оҳиста ёпдим. Ошхонадан ўтиб, балконга чиқдим. Унинг деразасидан ташқарига қарадим. Иккинчи қаватдан атроф яққол кўзга ташланади. Ҳеч ким йўқ. Баланд устунлардаги чироқлар ҳовлини хирагина ёритиб турибдилар. Атрофда тинчлик ва сокинлик ҳукмрон. Қалбимдаги бир ҳис мени тоза ҳавога ундади. Кийиниб, кўчага йўналдим.  
 Табиат ушбу кунларда ёзги жазирама иссиқликни жанубга ҳайдаб, ҳаво даражасини аста-аста пасайтириб, куз фаслига йўл очиб бераётганди. Ҳа, яна икки ой ўтса, росмана қаҳратон қиш кириб келади. Ўлкамизда совуқлик ҳукмрон бўлади. Бу ўйдан этим жунжикди.  
  Атрофга боқдим. Қилт этган шамол йўқ. Икки тўрт қаватли бино орасидаги ҳовлига экилган манзарали дарахтлар ҳайкалдек эдилар. Уларнинг енгил шабадага силкинадиган барглари  ҳам қотиб туришарди. Шунда, борлиқда ҳаракат мавжудлигини билдириб, узоқларда бир машинанинг ғувиллаши эшитилди. Уйим эшигидан унча узоққа кетишни истамай, у ёқ бу ёққа беш-ўн дақиқа юрдим. Танам кислородга тўйинса, балки яна уйқум келиб қолар деган умидда қадам ташлаш жараёнида чуқур-чуқур нафас ола бошладим. Бу машқ аксинча таъсир қилди – сергаклашдим. Аммо, бу тун ухламасам, эртага бошим оғир бўлиб юраман. Шу сабаб, уйга қайтиб киришга шайландим. Аммо, сал нарида бир кишининг мен томонга қараб келаётганига кўзим тушди. Унинг мулоқот қилмоқчи эканлиги, ёниб турган кўзларидан сезилар эди. Кўринишидан нияти ёмон одам эмас. Шунинг учун, унинг яқинлашишини кутар эканман, синчков назар ташладим: ўрта бўй, ёши қирқ бешлар атрофида, бежирим мўйловли ва истараси иссиқ одам. Эгнида тўн, бошида дўппи. 
  Ўзим эса, ўттиз тўққиз ёшдаман. Эгнимда спорт кийими, бошим яланг. Кўзойнак тақаман.  
   У одам яқинлашар экан, мен биринчи бўлиб салом бердим.  
– Ассалому алайкум!   
– Ваалайкум ассалом! – жавоб берди у ва олдимда тўхтагач, бироз тин олиб, сўради. – Тақсир, кечирасиз, бу шаҳар Тошкандми?    
– Ҳа, албатта!   
– Ажабо! – хитоб қилди у. – Мен таний олмаяпман. Адашиб қолдим.   
– Ҳа, кўп бинолар бир-бирига ўхшаш, кундуз куни ҳам адашиш ҳеч гап эмас! – жавоб бердим мен. 
– Бундай бетонли баланд бинолар жуда кўп-а! – атрофимиздаги кўп қаватли уйларга ишора қилди у. – Буларда ўзбек халқи яшайдими?  
– Ҳа, тақсир! Ўзбек халқи ҳам, бошқа миллатлар ҳам яшашади. Сиз узоқ қишлоқдан келган меҳмонмисиз?       
  У бош чайқади.  
– Йўқ. Шу шаҳарликман. “Самарқанд дарбоза” маҳалласида яшайман.   
   У одам менга синовчан боқди. Суҳбатлашгиси келарди. У сўзларини давом этдирди.  
– Бу тун антиқа ҳол юз берди. Негадир, уйғониб кетдим. Тетиккина эдим. Эрталаб бўлдими, деб соатга қарасам, вақт эндигина иккига яқинлашибди. Ҳовлига чиқиб, боғимни айландим. Замонамнинг ишлари ҳақида ўй сурдим. Мен бугун бир қарорга келишим лозим. Чунки, хавотирда яшаш жонимга тегди. Муттасил бир ҳаёлда юравериш яхши эмас. Бу пайтда уйқум бўлмагани ва ўзим тетик ҳолатда эканлигим учун Чорсу бозорига тушишга чоғландим. Гоҳ-гоҳда шундай қиламан. Чунки, бозорда тунда ҳам ҳаёт қайнайди. Ҳаммоллар, савдогарлар ва деҳқонлар асосан шу вақтда молларини олиб келиб расталарга, ҳужараларига жойлайдилар. Уларга ёрдам берувчи аравакашлар бир-икки сўм ишлаш мақсадида, осуда уйқуларидан кечадилар. Отлар кишнайди, арава ғилдираклари ғичирлайди, одамлар ҳайқиради – хуллас бозор ичида жонли жараён тўхтамайди. У ерга бориб, инсоннинг табиатини, унинг гоҳида гапириб юборадиган, “теша тегмаган” деб аталадиган сўзларини илиб олган яхши. Уларни асарларда ишлатиш мумкин. Бундай ибораларни эса кўпроқ бозорларда, чойхоналарда эшитиш мумкин. 
– Ана шу бозорнинг тарихи, билишимча, икки ярим – уч минг йилга борар экан! – гап қистирдим мен.      
– Ҳа, Тошканд деб аталувчи шаҳар қачон ташкил топган бўлса, Чорсу деган бозор ҳам ўшанда пайдо бўлган. Чунки, у атрофга қараганда бироз чуқурроқда жойлашган. Савдо-сотиқ учун мукаммал ва барака келтирувчи жой... Хуллас, мен тунги меҳнат соҳиблари билан суҳбатлашишни истадим ва у ёққа йўл олдим. Кўзлаган манзилимга энди етай деганимда, бирдан самодан жуда кучли ёруғлик таралди. Атроф чарағон бўлиб кетди. Шундай ўткир нурларки, беихтиёр кўзимни юмиб олдим. Беш-олти сониядан кейин сездимки, ёруғлик йўқолди. Кўзимни очдим. Қоронғулик қайтибди, аммо мен нотаниш ерда пайдо бўлиб қолдим. Ажабо!.. Атрофдаги бинолар, кўчалар ўзгача бўлиб қолибди. Умуман, нотаниш макон! Ҳамма ёқ баланд-баланд иморатлар, манзарали дарахтлар, аспал ер. Бирор кимсани учратсам, қаердалигимни билиб оламан, деб юраётгандим, сизнинг қорангизни пайқадим. Шунинг учун, сиз томон юриб келдим. Бу маҳалланинг номи нима? Қаерга келиб қолдим?  
– “Боғ кўча”! – жавоб бердим мен.  
– Вой, шунча юриб қўйибманми? – ажабланди у киши. 
– Ҳа, анча юрибсиз! – тасдиқладим мен.          
   У одам бироз тин олди. 
– Бу жойларнинг ўзгариб кетганини қаранг. Сал нарироқда “Обиназир” маҳалласи бўлиши керак. Таниш-билиш, оғайнилар яшашади у ерда.
   Мен эса бошқа муаммо тўғрисида ўйлардим. Бу одам, менимча, фантастика адабиётида кўп мавзуларга сабабчи бўлган параллел оламдан бизнинг реалликка ўтиб қолган ёки вақт бўйича силжиб, замонимизга келиб қолган. Бу инсон бошқа олам ёки эски давр кишиси. Аниқ!  Кийимидан ҳам кўриниб турибди. Шунинг учун, унга сўз қотдим.   
– Назаримда, сиз бир синоат орқали келажак кунларга келиб қолгансиз! – фикримни билдирдим мен. – Сиз қайси йилда яшаётган эдингиз?    
   Номаълум зот менга ҳайрон бўлиб тикилди. Ва сўз қотди. 
– Ҳақиқатдан... сиз... ғалатироқ кийимдасиз... ҳозир нечанчи йил?    
– Бир минг тўққиз юз тўқсон иккинчи!    
   Унинг кўзлари думалоқлашди.  
– Йўғ-е?.. Ўшанга экан-да, бундай ўзгаришлар!    
– Ҳа, рост. Ишонинг менга. Сизни алдашдан менга ҳеч қандай фойда йўқ! Ўзингиз нечанчи йил одамисиз?         
   У юзида ажабланиш ифодасини йўқотмаган ҳолда жавоб берди. 
– Бир минг тўққиз юз ўттиз еттинчи... Демак, эллик беш йил кейинга ўтиб қолибман-да! Тавба! Шунақа ҳодисалар ҳам бўлар экан-да, бу дунёда.     
   Чуқур ҳайратга тушиш навбати менга келганди.  
– Ростдан ўттиз еттинчи йил одамимисиз?!.  
– Ҳа, рост! – хитоб қилди у. 
   Мен дарҳол сўз қотдим. 
– Жуда алғов-далғовли пайтда яшар экансиз. 
  Бошқа давр кишиси менга ўткирроқ боқди. 
– Демак, сиз мен яшаётган йиллардаги воқеаларни биласиз. 
– Ҳа, аммо юзакироқ. Дарвоқе, исми шарифингизни билсам бўладими? 
– Сизнинг замонингизда Абдулла Қодирий номли ёзувчи маълумми? 
– Маълум ҳам гапми? Абдулла Қодирий янги ўзбек адабиёти асосчиси-ку! Биргина “Ўтган кунлар” романининг ўзи ҳам оламга татийди, – хитоб қилдим мен ва унинг юзига тикилиб, нега бу одам кўзимга иссиқ кўринаётганини англадим. – Вой, сиз ўша ёзувчисиз-ку! 
– Ҳа, мен ўшаман, – тасдиқлади у. 
– Буни қаранг-га! Айтсам, одамлар ишонмаслиги мумкин.   
– Юртимиздан большевиклар қувилганларми? Мустақилмизми? – кўзларида умид учқунлари чақнади Қодирийнинг. 
– Ҳа! – ғурур билан сўз қотдим мен. – Аммо, бунга анча бўлмади. Бир йил аввал бунга эришдик! Москва энди бизга буйруқ бермаётир. Жаҳон мамлакатлари янги ўзбек давлатини тан олдилар.  
– Ё, Оллоҳ! Ўзингга минг қатла шукур! Наҳотки, сўзларингиз чин?! Келинг, сизни бир қучоқлаб қўяй! – буюк ёзувчининг кўзларидан ёш юмалади.   
   У мени қучоғидан бўшатди. Мунгли кўзларини менга тикди.  
– Кўп қон тўкилмадими? Жанглар қаттиқ бўлдими? 
– Жанглар, асосан ғоявий ва маънавий бўлди. Биз қўзғалон қилиб, қўлга қурол олиб, сарой ишғол қилмадик. Шўро тузуми ўзига ўзи чоҳ қазиганини билмай қолди. Инқироз оҳиста ва мантиқан юзага келди. Айримлар, бу ҳолатни ўзларининг ноқис ақллари билан англай ҳам олмадилар. Республикамиз раҳбари мустақиллик эълон қилганда, шокка тушиб, бундан чўчиганлар ҳам топилди. Озодликнинг буюк неъмат эканлигини ҳалигача тушуна олмаганлар бор. 
   Жулқунбой тахаллуси билан ҳам қалам тебратган ёзувчи жилмайди. 
– Энг асосий воқеа рўй бирибди-ку! Энди оқилона сиёсат ва тадбирлар билан халқ руҳини кўтариш зарур. Бирлик ва жамулжамлик керак. Акс ҳолда, эркни қайта қўлдан чиқариш ҳеч гап эмас.    
   Шу дамда Абдулла Қодирийни уйга таклиф қилмаганимни эсладим. 
– Абдулла ака! Уйга кириб, бир пиёла чой ичиб, суҳбатлашайлик! 
– Мулла йигит, вақт алламаҳал. Уйқудаги одамларни безовта қилиш одобдан эмас. Ундан кўра, агар рози бўлсангиз, менга йўл кўрсатинг! Истасангиз, Чорсуга бирга борамиз. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетамиз! – таклиф қилди ёзувчи. 
   Мен кўндим ва биз бетон бинолар оралаб, бозор томон қадамларимизни  ташладик.           Жулқунбой мавзу ташлади.   
– Кўчаларнинг зим-зиё эмас, енгил ёруғлик остидалиги яхши, лекин бетон бинолар менга унча ёқмади, балки кўзим кўникмаганигадир. Илгари, бу ерларда сермева боғлар бўларди, ариқлардан жилдираб сувлар оқарди.   
– Шўро даврида ўзгаришлар кўп бўлган. Чўлларга сувлар чиқарилди, улар пахтазорларга айлантирилди. Хаттоки, яйлов ва боғлар ҳам пахта экиладиган ер бўлиб кетди. Ҳаммасига сув керак бўлиб, Орол денгизига обиҳаёт бормай қўйди, у деярли қуриди. Шаҳримизда кўп маҳаллалар, мавзелар яксон этилиб, кўраётганингиздек кўп хонадонлик бетон уйлар қурилди.  
– Ҳа, халқ бошига турли синовлар тушибди. Энди, одамларнинг бағрига шамол тегиб,  яхши кайфият билан янги Ўзбекистонни қуришаётгандир?! 
– Ҳа, ҳаракатлар бошланган. 
   Буюк ёзувчи менга синчковлик билан боқди.     
– Дарвоқе, сиз ўзингиз кимсиз! Исмингизни билсам бўладими?  
– Озод Мўмин. Ҳам физикман, ҳам ёзувчиман. Фантастик асарлар битаман.  
– О, адабиётимизда фантастика ҳам пайдо бўлдими? Жуда ажойиб! 
– Ҳа, мана, бир синоат ва тасодиф туфайли сизни учратиб қолганим ҳам фантастика! Айтсам, кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Аммо, машойихлар айтганларки, ҳар қандай тасодиф турли ҳаёт қонуниятлари воситасида рўй беради. Демак, бу учрашувимиз бежиз эмас. Мен сиздан даврингиз ҳақида ҳеч ким хабар қилмаган маълумотларни олишим керак. Ёрдам берасизми?    
– Албатта! Сизни нималар қизиқтиради?     
– Бизнинг даврда сизнинг уч романингиз маълум: “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва “Обид кетмон”. Ундан кейин, фарзандларингизнинг  эсдаликлари бўйича “Амир Умархоннинг канизи” романини ёза бошлаган экансиз. Булардан ташқари яна бошқа йирик асарлар ёзмаганмисиз?          
  Жулқунбой менга ҳайрат билан боқди.  
– Нима бошқа асарларим сизларга етиб келмаганми? Кейин ҳеч нарса ёзмаганманми? Менга нима бўлган? 
  Мен бир зум сукут сақладим. Ҳаёлимда, унинг шу йил 31 декабрда ҳибсга олинишини, бир йилдан сўнг отиб ташланишини хабар қилайми ёки йўқми, деган деган саволга жавоб изладим. Одатда, гоҳо-гоҳо матбуотда пайдо бўладиган ғайри табиий ҳодисалар баён этилганда, вақт бўйича силжишларга дучор бўлган одамларда икки хил ҳолат бўлади: биринчисида, уларнинг ёдида ҳеч нарса қолмайди, иккинчисида эслашади ва келгуси ҳаётларини бошқачароқ тарзда кечира бошлайдилар. 
  Абдулла Қодирий ҳам ўз даврига қайтгач, мендан олган ахборотларни унутмаса, ҳаётини ўзгартириб, ўз жонини сақлаб қолади ва халқимиз унинг бошқа дурдона асарлардан баҳраманд бўлади. Бунда реаллик яхши томонга ўзгаради. Ва мен қайта уйқуга кетиб, тонгда уйғонганимда, реаллик озгина бўлса-да, ўзгарганини кўраман.   
  Шунинг учун, мен барча ҳақиқатни адибни чўчитмаслик учун, сал юмшоқроқ қилиб етказишга қарор қилдим.    
– Йил охирида душманларингиз сизни қаматадилар. Барча битган асарларингизни олиб, ёқиб ташлайдилар.      
   Абдулла Қодирий дарҳол ғамгинлашди.  
– Наҳотки? – деди у ва бироз тин олиб, сўради: – Ҳақиқатдан қамаламанми?   
 – Афсуски, шундай бўлган... Бу тарих.   
  Адиб бу сўзларимни тушунди, лекин у ўз қалбидаги туғён ураётган кечинмалар мавзусини тугатишни истади. 
– Биласизми, Озодбек! Шу бугун уйғониб кетишимнинг ҳам сабаби, бир саволга аниқ жавоб топиш эди. Бу ҳолатни ҳали сизга айтгандим. Мени баъзи одамлар яширин равишда Туркияга кетишга ундашмоқда. Охирги ҳафта фақат шу ҳақда ўйлаяпман.  
– Сизга ҳам айтишибди-да! Менга адабиётшунос ва драматург Иззат Султон суҳбатларнинг бирида, Фитрат домлага ҳам шу тўғрида гапиришганини сўзлаган эди. “Ўшанда, афсуски, мен унга: “Кетманг, республикамизнинг раҳбарияти ходимлари сизни яхши билишади, бу ерда кўпроқ кераксиз!”, деб жавоб бергандим. Хом ўйлаган эканман, вақт ўтиб, раҳбарият ҳам, Фитрат домлам ҳам қамалиб кетишди”, деганди у.  
– Иззат Султонни танийсизми? – сўради Жулқунбой ва гапини давом этдирди. – Мен ҳам уни биламан, яхши йигит. Ҳақиқатда, Фитратнинг шогирди.  
– Дарвоқе, Иззат Султон кейинчалик сизнинг асарларингиз тўғрисида катта мақола ёзган, сизнинг ижодингизни ва ўзингизни оқлаган.   
– Ҳа, энди у адабиётшунос-да, барака топсин, – сўз қотди Қодирий. 
 Гап оҳангидан ёзувчини ҳамон Ватандан кетиш-кетмасликни ҳал қилишни истаётганлигини пайқадим. Назаримда, у қатағоннинг даҳшатли бўлиши мумкинлигини тасаввур қила олмаётганди. Мен уни қийнаётган савол бўйича хитоб қилдим. 
– Балки, ўша, Фитратга маслаҳат берганлар бу ҳақда сизга ҳам айтишгандир. Уларга қулоқ солинг! Жонингизни асранг!  
– Ҳа, айтишди. Мен ўйлаб-ўйлаб, кеча Ёзувчилар Уюшмасига бориб, маъсул котиб билан учрашиб келдим. Менинг тўғримда ҳар хил иғволар тўқилаётгани, туҳматлар уюштирилаётгани ҳақида айтдим. Туркияга кетаман, демадим, аммо бундай ҳолат давом этаверса, адабиётни тарк этаман, ота касбим – устачилик билан шуғилланиб юравераман, дедим. У жуда хуш муомила қилди. Ҳозир давр шунақа эканлигини, эҳтиёт бўлиб фаолият юритиш лозимлигини айтди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, асосий маслаҳат Уюшмадан сўралишини, бу даргоҳнинг мен ҳақимдаги фикри эса фақат ижобий бўлишини ишонтириб уқтирди. Биз ўзбек адабиётида романчиликни бошлаб берган  ижодкоримизни албатта авайлаб, асраймиз, бемалол ёзувчилигингизни қилаверинг, деди.  
– Сиз раҳбариятга ишонманг! – маслаҳат бердим мен. – Ҳар ким биринчи навбатда ўзини ўйлайди. Биринчидан бошга болта келганда, ҳар қандай одам аввало, ўзини ҳимоя қилади. Иккинчидан, у кимгадир яширин ғаним бўлса, шароитдан фойдаланиб, уни янчиб ташлайди.   
– Йўқ! Маъсул котибимиз аъло йигит. Бир марта синаганман. 
– Қандай қилиб? – қизиқдим мен. 
– Бир неча йил аввал, адабиётимиздаги бир гўзал шоира қизимиз ижодкорлар орасида ном қозониб, унга совчи қўймоқчи бўлганларнинг сони кўпайиб кетди. Ҳозирги маъсул котибимиз эса, уларнинг барчасини айнитиб чиқди: “Ҳе, у гўзал бўлгани билан аҳлоқи яхши эмас. Мен аниқ биламан! Нима қиласанлар, бошқа тузукроқ қиз қуриб қолибдими?”, деб. Бу гапни мен бир нечта тайинли одамлардан эшитдим. Кейин, икки йилча аввал, эшитсам, унинг ўзи шу қизга уйланибди. Куёвни учратганимда, унинг юзига қилган қилиғини эслатдим. Бир қанча муддат илгари, бошқаларга ҳам шу ҳақда гапиргандим, етазишган бўлишса керак. У киноямга индамай, жилмайиб қўя қолди. Менга бўлган муносабатини ўзгартирмади. 
– Эҳ, Абдулла ака! Сиз ўз асарларингизда усти бошқа, қалби бошқа одамларни тасвирлагансиз-ку! Ҳаётда ҳеч кимга ишониш керак эмас. Балки, у ичида сиздан ўч олишни мўлжаллаётгандир. Кутилмаганда орқадан зарба бериб қолиши мумкин.     
– Мулла йигит! Барчадан хавфсираб яшаш қандай оғирлигини биласизми? Мен унга ишонмасам, кимга ишонай? У мени жуда ҳурмат қилади. Мажлисларда албатта юқорига – президиумга таклиф қилади. Ҳамиша: Сиздан буюк асарлар кутмоқдамиз, дейди.    
  Мен Жулқунбойнинг дилига бошқа ғулғула солишни истамадим. Бу мавзуни давом этдирмай қўя қолдим. Чунки, ёзувчи гапларимни жиддий қабул қилмаётганди. Начора! Унга савол бердим.  
– Абдулла ака! Бирор қарорга келдингизми, нима қиласиз, Туркияга кетасизми?  
– Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи азоб, Озодбек. Инсон қандай қилиб ўз Ватанини тарк эта олади?! Мен яшаб турган замонам одамларидан қанчалик кир кутсам ҳам, кўнглимнинг бир четида балки мени қамашмас, балки менга тегишмас, охирги пайтларда шўроларга қарши сўзламаяпман-ку, деган умид учқунлари бор. Мана, уларнинг топшириғи билан, қишлоқ хўжалигининг коллективлаштирилишига аталган “Обид кетмон” романини ёзиб бердим. Душманлар хатто шундан ҳам анча-мунча “айб” топишди. Мен, мабодо ўзга юртга кетсам, қандай қилиб ўз Ватаним ва тарихимиз ҳақида ёзишим мумкин? Бундай ижод тўлақонли ва ишонарли чиқмайди. 
 Абдулла Қодирий шу сўзларни айтиб, ярим дақиқача индамади. Мен ҳам сукут сақладим. Ниҳоят, у гапини давом этдирди. 
– Кеча Уюшмадан чиқиб, Фитратга учрашдим. Биз тенгдошмиз. Туркияга кетиш тўғрисидаги фикрини сўрадим. У: “Абдулла, яна бир йил чидайлик-чи, аҳвол яхшиланмаса, кетармиз!”, деди.  
  Мен бу гаплардан англадимки, Жулқунбой асло ўзга юртларга кетмайди. Уни қўрқитишимдан ҳам фойда йўқ. Нима бўлса ҳам, ўз Ватанида қолади. Чунки, у Ўзбекистонни тарк этмаслик учун сабаб ва асослар қидирмоқда. Бундай, ўлим хавфи остида ҳам  ватанпарварликни тарк этмайдиган ёзувчини қаердан топиш мумкин?! Балки, унинг буюклиги ҳам айни шундадир?.. 
    Мен унинг ижоди тўғрисидаги саволларга ўтдим.    
– Устоз! Ҳозир қандай асар битаяпсиз?  
– Мен кейинги йилларда ижод жараёнимни беркитадиган бўлиб қолдим. Сабаби, ўзини дўст қилиб кўрсатувчилар мавзуингдан хабар топсалар, шу заҳотиёқ бу тўғрисида турли миш-мишлар тарқатадиган бўлиб қолдилар. “Вой, эшитдингизми, Жулқунбой палон нарса ёзаётганмиш! У яна тарихни ковлаб, яна ўзбеклар ҳаётини идеаллаштирмоқда!..” Ва ҳоказо, ва ҳоказо! Чарчадим, турли ғийбат ва туҳматлардан. Шунинг учун, асарларимни ёзиб бўлгач, токчага қўймоқдаман. Вақти-соати келганда чоп этдираман. 
– Абдулла ака! Мен сизга замондош эмасман. Менга билдирсангиз бўлар!   – сўз қотдим мен.    
– Ҳа, Озодбек! Сиз бошқа давр одамисиз. Ҳа! Билиб қўйганингиз яхши. Қамалсам, қўлёзмаларимни ёндиришса, улардан фақат кул қолса, номи ҳам ўчса, авлодлар булардан бехабар бўлиб қолишади. Шунинг учун, билиб қўйинг: “Амир Умархоннинг канизи” номли романим тайёр. Юртдаги алғов-далғовлар сал тинчисин, уни чоп этдираман. Акс ҳолда, яна менга яна ҳужум бошланади. Шу кунларда эса, ёш савдогар ўзбек йигити ва қозоқ қизи ўртасида рўй берган ишқ-муҳаббат тўғрисида роман ёзаяпман. Агар Тошканд тарихини яхши билсангиз, шаҳримиз 17-18 – асрлар мобайнида бир юз эллик йилча қозоқ бийларига ўлпон тўлаб яшаган. Ўшанда, қозоқлар ҳарбий томондан кучлилик қилиб, Тошкандни Бухоро хонлигидан тортиб олишган ва халққа катта солиқ солишган. Мен ўша муносабатлар бўйича асар ёзаяпман. Қозоқлар шаҳримиз ичида яшашни исташмаган, шаҳар атрофидаги яйловларга ўрнашиб, экинзорларни пайҳон қилиб, қўй-қўзиларини боқиб юраверишган. 18-асрнинг бошларида, Бухоро хонлигининг кучсизланганидан фойдаланиб, ўзбекларнинг минг уруғи бошлиғи Шоҳруҳбий Қўқон хонлигини ташкил этган. Кейин 19-аср бошида ушбу хонлик кучга кириб, ўз майдонларини кенгайтира бошлаган ва қадимий ўзбек ерлари бўлмиш Тошкандни, Чимкентни, Туркистонни ва Авлиёота атрофларини, то Оқмачитгача ўз давлати ҳудудига қўшган. Асаримда ана шу тарихий қозоқ-ўзбек муносабатлари жараёнларини кўрсатаяпман. Иншаолло, йил охиригача тугатсам керак. Айтишим керакки, улар чоп этилса, аввалги икки асарим булар олдида шунчаки бир машққа ўхшаб қолади. Халқимиз уларни ўқимай ҳам қўйиши мумкин. 
   Бу маълумот мени лол қолдирди.  
– Зўр романлар ёзган экансиз-ку! Афсуски, улар адабиётимиз тарихида қолмаган. Терговчилар ёндириб юборишган бўлса керак. Ифлослар! Ахир, буюк ёзувчининг қўлёзмаларини ёндириш мумкинми? Кимдир уларни шу ишга ундаган, бунга ишонаман. Аммо, ким?    
  Абдулла Қодирий ҳам ҳайрон бўлганча, менга тикилиб қолди. У нима дейишни билмас эди. Унинг бу ҳолатини кўриб, маслаҳат бердим.  
– Абдулла ака! Сиз ёзиб бўлган асарларингизни бирор, ўзингиз қаттиқ ишонадиган инсонга бериб қўйинг. Уларни давр ўзгарганда юзага чиқариш мумкин бўлади.   
  У мунгли ҳолатда жавоб берди. 
– Тўғри айтасиз, Озодбек! Худди шундай қиламан, агар шундай инсонни топа олсам. Ҳозир ҳамма хавфда. Барча чўчиб яшамоқда. Лекин, барибир, қўлёзмаларимни тўлиқ ёндириб юборишларига асло ишонгим келмаяпти. Бунинг учун, инсон ҳайвон даражасига тушиши керак-ку! 
– Инсон қалбига кирган шайтон, уни ҳайвонга айлантиради. Бу аксиома, исбот талаб қилмайдиган қонун.        
   Жулқунбой билан бу пайтда бетон бинолар оралаб, Чорсуга чиқиб қолгандик.  
– Юринг, бозорчилар билан суҳбатлашамиз! – хитоб қилдим мен. 
– Бўпти, юринг, Чорсунинг кейинги жамолини кўрай-чи! 
 Аммо, биз кўп юра олмадик. Тўсатдан атрофни кучли ёруғлик чулғади. Унинг ўткирлигидан беихтиёр кўзларимни юмдим. Беш-ўн сониядан кейин, кўзларимни қамаштираётган нурлар йўқолдилар ва пастга тушган қовоқларимни юқорига кўтардим. Атрофимни фақат баланд устунлар учида ўрнатилган чироқлар ёритиб турар эдилар. Ёнимга қарадим, Абдулла Қодирий йўқ эди. 
   “У ўз даврига қайтди, шекилли, – ўйладим мен. – Жуда ғалати синоатли ҳодиса рўй берди. Ажабо!..”.  
   Аста уйим томон йўл олдим. Мени турли фикрлар қамраб олган эди: “Жулқунбой ўз даврига қайтганда, сўзларим ёдида қолганмикан? У ўз қўлёзмаларини бирор ишончли дўстига қолдирганмикан? Ёки, ўттиз еттинчи йилга силжиш чоғида барча айтган маълумотларим онгидан ўчиб кетганмикан?..” 
 Уйимга оҳиста кирдим. Хонадоним аҳли ҳамон уйқуда. Ўрнимга чўзилдим. Тонг отишига ҳали вақт бор. Ҳаёл суриб ётиб, қуйидаги хулосага келдим: Қодирий айтган асарлар бизга етиб келмаган. Акс ҳолда, улар аллақачон чоп этилган бўлар эдилар. Улар ё НКВД томонидан куйдирилганлар, ёки кимгадир топширилган бўлса, у одам сўзида турмаган. Балки, унинг ўзи ҳам қатағон этилгандир. Балки, бола-чақаси ташлаб юборгандир. Булар номаълум...
  Лекин, мен билдимки, Жулқунбой қамалишдан чўчимаган, ҳамда минг ундашса ҳам Туркияга кетишни асло истамаган ва яна икки роман ёзган. Улар топиладими-йўқми, билмайман. Ноумид – шайтон. Балки, улар бир кунмас бир кун, қаерлардандир чиқиб қолар?..
***
  Ушбу бўлиб ўтган воқеани фантастик ҳикоя тарзида ёзиб бўлганимдан сўнг, бир неча кун ўтгач, янги маълумот билан танишиб қолдим: Абдулла Қодирий ўз асарларини мўъжаз темир сандиққа солиб, ҳовли этгагига кўмиб кетган экан. 
  Шунда англадимки, мен билан келажакдаги суҳбат буюк адибнинг ёдидан чиқмаган. Эҳтимолки, у ишончли одам тополмаган ва ўғлига бу ҳақда шипшитиб, асарларини шу тарзда яширган. Аммо, бир куни ёзувчининг фарзанди, ёмғирдан сўнг, сандиқни кавлаб олиб, унинг ичига сув тушган-тушмаганлигини текшириб, нам бўлганларини қуритаётганда, бахтга қарши айни шу вақтда НКВД ходимлари яна тинтув учун келиб қолишган ва сандиқчадаги барча қоғозларни олиб кетишган ва ажойиб романлар бутунлай изсиз йўқолганлар. Минг афсус!.. 
  Бу ҳодиса, назаримда, ҳар холда тасодиф бўлмаса керак. Бирон бир қалби нопок нусха адиб ҳовлиси эшиги ё девори ёриғиданми, балки дурбин орқали сал узоқроқданми, ўтган вақт давомида ушбу хонадонга мўралаб, кузатиб юрган ва ҳолатни кўриб, зудлик билан тегишли жойга хабар қилган. Зеро, кўп тарихий маълумотларга кўра, буюк инсонларнинг асл душманлари уларнинг ўз ёнларида ёки рўпараларида қуллуқ қилиб, дўстона жилмайиб турган бўладилар. 
            
  Ёзилган:  Сентябрь, 1992 йил.
  Қайта таҳрир этилган:  3-4 ва 12 январь, 2021 йил. 
  Тошкент.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот